Янги Ўзбекистон  ёшлари  –  келажагимиз пойдевори

04.07.2022 16:07:08

Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади.

Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда юртбошимиз ёшларга берилаётган кенг имкониятлар ҳақида алоҳида таъкидлаб, уларга  таълим соҳасида, тадбиркорликка йўналтириш бўйича, бандлигини таъминлаш, спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилаётгани келажагимиз эгаларига давлатимизнинг юксак эътибори десак муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари байрамга янги чоралар билан келганини таъкидлаб, ёшлар учун яратилажак қўшимча имкониятларни эълон қилди.

Жумладан,  муҳим янгилик – мусиқа санъатига қизиқиши баланд бўлган ёшларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мақом хонандалиги, мақом чолғу ижрочилиги ва бахшичилик йўналишларига янги қабул қилинган талабаларнинг шартнома тўловлари тўлиқ давлат томонидан тўлаб берилади. Фортепиано ижрочилари тайёрлаш бўйича қабул 3 баробар кўпайтирилиб, бу йўналишда ҳам контракт тўловлари тўла қоплаб берилади.

Бундан ташқари, энди техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробар оширилади. Шунингдек, техникумлар учун таълим кредити жорий қилинади ва 80 мингдан зиёд ёшларга кредит бериш учун молиявий ресурс ажратилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда 1 нафар IT мутахассисини тайёрлаш учун камида 1 йил вақт ва 20 миллион сўмгача маблағ талаб этилади. Ваҳолонки, яхши мутахассис 2-3 ойда битта дастур яратиб, ушбу харажатни бемалол қоплаши мумкин. Жорий йилда 404 минг йигит-қиз ўрта таълимни, 151 минг нафари профессионал таълим муассасасини битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Уларнинг бандлигини таъминлаш энг долзарб вазифа ҳисобланади. Жумладан, бир йил давомида тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм йўналтириш орқали 220 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади. 130 минг нафар ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқиши учун 160 миллиард сўм субсидия ажратилади. 110 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз эса, давлат корхоналари ва хусусий сектордаги бўш иш ўринларига жойлаштирилади.

Бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.  Биз ёшларга бу каби улкан имкониятлар эшигининг очилиши бизни янги марралар сари етаклаб, Янги Ўзбекистон келажаги буюк бўлишида ўз хиссамизни қўшамиз албатта.

Мадина Аллабердиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тасарруфидаги Ёшлар Парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+