Ясситовонлик билан касалланган 956 нафар ўқувчининг ҳеч бирида махсус  пойабзал мавжуд эмас

10.06.2021 16:06:56

Халқ депутатлари Қўшкўпир туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан туманда фаолият олиб бораётган умумтаълим мактабларида  партиянинг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида ясситовонлик ва сколиоз касалликларининг олдини олишга қаратилган  ўрганиш ишлари сессия кун тартибида муҳокама этилди.

Сессияда ўрганиш хулосалари тўғрисида туман Кенгаши  депутатлик  гуруҳи раҳбари Азизбек Эркиновнинг маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек,  партия фаоллари, депутатлари, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман халқ таълими вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ тузилиб, туманда фаолият олиб бораётган 54 та умум таълим мактаблари  ўқувчиларининг  ўртасида ясситовонлик ва сколиоз  касалликлари билан боғлиқ муаммолар жамоатчилик  назорати тартибида ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, умумтаълим мактабларидаги ўқувчиларнинг 956 нафарида ясситовонлик, 13 нафарида эса сколиоз касаллиги аниқланган.  Ясситовонлик билан касалланган 956 нафар ўқувчининг ҳеч бирида махсус  пойабзал мавжуд эмаслиги, улар учун  махсус жисмоний тарбия машғулотлари ўтказилмаётгани  ишчи гуруҳ аъзоларининг диққатини тортди.

Аниқланган муаммолар ёшларнинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етишларига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар йиғилишда қизғин мунозарага сабаб бўлди.

Шундан сўнг, юқоридагилардан келиб чиқиб,  кун тартибидаги  масала юзасидан қарор лойиҳаси ўқиб эшиттирилди.

Халқ депутатлар Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўшкўпир туман Кенгаши депутатлик гуруҳи  раиси А.Эркиновнинг ясситовонлик ва сколиоз касалликлари бўйича олиб борилган ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

Мазкур касалликлар юзасидан  беш кун ичида  аҳоли орасида  кенг қамровли тушунтириш ишларини кучайтириш, мактаб ўқувчилари орасида мунтазам  тиббий кўрик ташкил этиш, касалликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни йўлга қўйиш  масаласи туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Қ.Абдуллаев зиммасига юклатилди.

Мактабларда махсус жисмоний тарбия хоналарини ташкил этиш, умумтаълим мактабларини санитар норма талабларига тўлиқ жавоб берадиган столлар билан таъминлаш масаласига  туман халқ таълими бўлими раҳбари Қ.Зарипов масъул этиб белгиланди.

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ў.Раҳматуллаев ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг “Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари” бўйича доимий комиссия  раиси М.Тиллаева зиммасига юклатилди.

Қарор лойиҳаси  Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва амалиётга йўналтирилди.

Сессияга масала киритиш давом этмоқда.

                                                                                                                     Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                                Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                           Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби 

 

 

    

   

  

   

    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+