Ё ҳалокат, ё саодат...

01.02.2022 20:02:22

“Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган эди таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний. Дарҳақиқат, тарбия нафақат шахсларнинг шу билан бирга жамиятнинг, миллатнинг маънавий қиёфасини белгилаб берувчи энг муҳим омиллардан биридир.

Бугунги ёш авлоднинг “Тик-токер” лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам  кўпаяётганлиги мазкур масалага жиддийроқ ёндашишимиз лозимлигидан далолат беради. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кўчада кетаётган кишини тепган Самарқандлик йигит видео  тасвири ҳам шулар сирасидандир. Бирон бир  сабабсиз, шунчаки ижтимоий тармоқ “юлдузи” бўлиш илинжида қасддан қилинган ушбу тажовузкорлик, кўпчиликнинг  норозилигига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳеч қандай омил ёши улуғ инсонларга нисбатан  қўпол муносабатда бўлишга сабаб бўла олмайди. Бундай ҳолатлар миллатимиз, маънавий-маданий қарашларимизга тамомила зид тушунчалардир. Азал-азалдан ёшларни катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаб келадиган халқимиз орасида қадриятларимизга ёт бўлган бундай хунук одатлар авж олиб бораётгани ғоятда ачинарлидир. Мазкур воқеа юзасидан олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида видеодаги ҳолатни содир этган йигитлар Самарқанд  шаҳридаги 45-мактабнинг 8-синф ўқувчилари эканлиги аниқланиб, вояга етмаган йигитларнинг ота-оналарига нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Бир болага етти маҳалла ота-она.- дейди доно халқимиз. Ён-атрофимизда содир бўлаётган бундай аянчли воқеалар кўпайиб бораётганига  қайсидир маънода бебош ёшларнинг ота-оналари баробарида  биз ҳам бирдек жавобгар эмасмизми? Бундай иллатларга биргаликда курашмас эканмиз, пана-паналарда майда безориликлар авж олиб бораверади. Умуман олганда бундай ҳолатларни майда безорилик деб ҳам атаб бўлмайди. Қадриятларимизга зид қарашлар ортидан эргашаётган фарзандларимизнинг  бундай хунук хатти-ҳаракатларини шунчаки ёшлик бебошликларига ёйиб юраверар эканмиз, юртимиз ва давлатимиз ёрқин келажагини жиддий хавф остига қўйган бўламиз.

Биз “Адолат” cоциал-демократик партияси фаоллари зўравонликка тамомила қарши инсонлар сафида туриб, юртимиз равнақи йўлида халқимизнинг ўлмас, бебаҳо қадриятларига ҳамоҳанг тарзда, ёшларимизни  миллатимизга ёд бўлган ҳар қандай ғоя ва қарашлардан ҳимоялаш тарафдоримиз. Бундай шарафли йўлда керак бўлса жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиришимиз, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги тик-ток сингари мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда  бутунлай блоклашимиз лозим. “Шусиз ҳам таъқиқлар мавжуд-ку” дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона  машҳурликга ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда  шухрат қозонишга “олтин кўприк” вазифасини ўтаётган тик-ток билан “тик-токерлар”имиз  VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш  зарурлигини кўрсатади.

Хасталикни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал. Шундай экан беркитаётган касаллигимизни истимаси ошкор қилиб турган бир вақтда хақиқатга тик боқайлик. Токи кун келиб арзимасдек кўринган ярамиз катталашиб, бутун бошли танамизни еб битирмасин.

 “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+