Замин – ҳазина, меҳнат унинг калитидир

06.05.2021 18:05:34

Меҳнатсевар халқимиз учун ерни обод қилиш, унинг ҳар бир қарич жойидан ҳам унумли фойдаланиш кераклиги азалдан қон-қонимизга сингиб келган. Эр  билан тиллашган бизнинг халқимиз замин ҳақиқатдан ҳам ҳазина эканлигини аллақачон англаб етган. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўзбек хонадонига кирсангиз баҳри дилингиз яйрайди.  Томорқасидаги бир-биридан барқ уриб ўсаётган турли сабзавотларни кўриб кўз қувонади. Ризқу-рўзимизнинг мўл-кул бўлишлиги учун ҳам она замин саҳоватидан унумли фойдаланиш зарурлигини бугунги куннинг ўзи тақазо этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг апрель ойида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича муҳим вазифалар қўйилгани бежиз эмас албатта. Аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиши, бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш чораларини кўриши зарурлигини таъкидлаб ўтган юртбошимиз сизу бизни бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшашимизни, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш орқали экспортни кўпайтириш, даромадни ошириш ҳамда одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришини хоҳлаётгани далолатидир.

Шундай экан бизнинг Сўх туманимиздаги Хушёр қишлоғида яшовчи хонадон вакилларири ҳам гарчи, сугориш учун сув танқис бўлишига қарамасдан томорқамизнинг ҳар бир ерига мавсумий эканларни экдик. Юртбошимиз халқимизнинг фаровон ва тўкин яшаши учун қайғураётгани бизни ҳам илҳомлантирди. Нега энди юрт отаси жонсарак бўлаётганда биз ўзимиз учун ўзимиз ҳаракат қилмаслигимиз керак деган дахлдорлик ҳисси ҳар бир сўхлик қалбидан ўтди. Бугун Хушёр қишлоғида 3000 яқин хўжалик ва 8 минг аҳоли яшаётган бўлса уларнинг ҳар бири ўз томорқаларига меҳр берган ва меҳнат қилиб рўзғори фаровонлиги учун ҳаракат қилмоқдалар.

Мен ўз томорқамга картошка, сабзи, помидор, бодринг, макка ва ловия каби кўплаб сабзавотларни экдим. Ўзимизнинг кунлик истеъмол учун етиштираётган экинларимиз серҳосиллиги ошиб баракали бўлса, маҳаллий бозорларимизга ҳам етказишни ният қилмоқдаман - дейди Қақир кўчасида яшовчи ҳамқишлоғимиз Собиржон Содиқов.

Ҳа, томорқадан самарали фойдаланиш – оила фаровонлигини оширишга хизмат қилади, албатта. Шундай экан биз Сўхликлар ҳам томорқамиздан оқилона фойдаланамиз. Суғориш учун сув йўқ, ерим унумдор эмас ёхуд ер майдоним оз деган турли бахоналар бизга бегона. Биз излансак, ихтиёр этсак, албатта имкон топилишини биламиз ва астойдил меҳнат ила ҳаракат қиламиз.   

 

Қодирбек АМИРБЕКОВ,

 Халқ депутатари Сўх туман

 Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+