Жамоатчилик назорати: Депутатларимиз “Савай — Хонобод” темир йўл участкаси қурилиш лойиҳаси билан танишишди

14.02.2020 16:02:15

Фарғона водийсида темир йўл хизматини янада яхшилаш мақсадида “Савай — Хонобод” темир йўл участкасини модернизация қилиш ва йўловчи поездлар ҳаракатини ташкил этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши фаоллари пўлат йўлларда юриб, темирйўлчилар ҳаёти билан танишдилар.

Бунёдкорлик ишлари 2019 йилнинг декабръ ойида бошланганди. 150 нафардан ортиқ қурувчилар бу ҳаракатнинг фаол иштирокчиси бўлди. 2-кўприк қуриш отряди жамоаси томонидан қисқа вақт ичида 1 та кўприк, 5 та плитали бетон труба ва 35 та кичик сув ўтказгич иншоотлари бунёд этилди. Мавжуд темир йўллар таъмирланиб, 10.8 километр масофада янги пўлат излар ётқизилди. Шунингдек, 4 та қўриқланадиган ва 1 та қўриқланмайдиган темир йўл кесишмалари барпо этилди. Қурилиш-монтаж жараёнлари Савай бектидан Хонободгача бўлган оралиқда, бир вақтнинг ўзида ҳар икки томонда олиб борилди.

Савайда янги замонавий вокзал биноси ҳам қад ростламоқда. ”Қўқонминтақавийтаъмирлашузели” Қўқон таъмирлаш участкаси қурувчилари айни вақтда пардозлаш ишларини амалга оширмоқдалар. Бош муҳандис Сайдулло Собировнинг таъкидлашича, йўловчилар учун ўндан орти турдаги сервис хизмати кўрсатилади. Кутиш залини безатишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Дилмурод Мадаминов ва Носирали Жумавалиев каби ўз ишининг усталари бу борада ҳамкасбларига ўрнак бўляптилар. 

Ҳудди шу каби Жанубий Андижон, Гуручмозор ва Хонобод вокзаллари ҳам бунёд этиляпти. Бу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

- Бу йил лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилиб, замонавий поездлар ҳаракати йўлга қўйилади. Аввалига юк поездлари қатонви бошланади. Йўловчилар ҳам Хонободга атиги 30 минутда етиб борадилар,- дейди Савай темир йўл бекати бошлиғи Миролим Мўминов,- Дастлаб кунига бир маҳал йўловчи поезд қатнови кўзда тутилмоқда. Кейинчалик Қўқон шаҳри билан боғланиш ҳам режалаштирилган. Ҳар ойда ўртача 1200 тонна юк ташилади.

Янги лойиҳа ҳисобига 35 та янги иш ўрни яратилди. Асосан шу ҳудудда яшовчи коллеж битирувчилари ишга олинаётганидан ота-оналар хурсанд.

Айни вақтда поездлар қўшни Қирғизистон республикаси орқали ҳаракатланаётган бўлса, ушбу лойиҳанинг қуриб битказилиши йўл учун кетадиган вақт, ёнилғи ва бошқа харажатларни тежашга замин яратади. Энг муҳими, хавфсизлик кафолатланади. Тадбиркорларнинг юкларини кўрсатилган манзилга етказиб беришда тўланадиган йўл божлари кескин камаяди. Юртимизда туризимни ривожлантириш, сайёҳлар оқимининг янада ошишига эришилади.

Мазкур темир йўлнинг иккинчи босқичи электрлаштиришга қаратилган. Бу йўналиш орқали электропоездлар қатновини амалга ошириш билан йўловчиларга янада қулайлик яратилади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+