Баҳор қасидаси

21.03.2021 10:03:32

Қуёш остонасин ўпади гуллар,
Нурларга бурканар машриқу мағриб.
Кўнглим осмонида куйлади қушлар,
Қалдирғочи йўқ айвонлар ғариб...

Мажнунтолларнинг бошида савдо,
Сойларда шарқирар девона ҳислар.
Ялпиздек муаттар, чечакдек нафис
Севиб ҳам бир мактуб битмаган қизлар.

Кўз тегмасин дейман юрт жамолига,
Ўғлимнинг бўйига бўйтумор, дейман,
Гўзал туйғуларга ватанми ҳали -
Ҳали ҳам юрагим сабзавор дейман.

Ҳаммаси чиройли, ҳаммаси кўркам,
Юрагимни очсам, қаландар тинглар,
Фақат хотиримга келади баъзан
Қўқон осмонида отмаган тонглар.

Тонгларким, ҳар бири бир улкан юлдуз
Умрини маҳв этган иродатида.
Яшармоқ, яшамоқ, ярашмоқ дедим
Тозаруҳ шамоллар ибодатида.

Юлдузсиз кечалар, тонгсиз умрлар
Яшил байроғингга мунаққаш, сайқал,
Баҳор бу умримга гулгун мукофот
Тонг - бу иродамга қўйилган ҳайкал!

Келгин, зах кўнглимни илитгин баҳор,
Шарқдан чиққин чиндан ҳам қуёш.
Илдиз отсин бугун яхшилик,
Фахриямда бош ўзинг - нурфош.

Баҳор, ўкситмагил ҳеч бир маъвони -
Қалдирғочсиз айвонлар ғариб...
Яшил дунёингга буркагин дилни -
Пойимда ястансин машриқу мағриб!

 

Гулбахор Сайдганиева 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+