Болалар дунёсининг абадий фуқароси

24.03.2021 11:03:31

Ҳақиқатдан ҳам устоз ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг орамиздан кетишлари, нафақат адабиёт оламида, балки ўзи ҳам, қалби ҳам болалардек беғубор адибнинг асарлари билан катта бўлган, унинг қаҳрамонлари сафида турли саргузаштларни ўзининг хаёлот оламида бошидан кечирган  мен каби минглаб, ҳа-ҳа минглаб, бир неча авлод китобхонлари учун ҳам оғир йўқотиш бўлди.

 Ёшим элликдан ошганига, неварали бўлганимга қарамай, менинг иш столимда “Беш болали йигитча” асари доим ўқилишга шай бўлиб туради. Бирон бир масаланинг ечимини тополмасам, ким биландир келишолмай қолсам ёки бирон нарсани амалга ошириш мен учун қийинроқ бўлиб қолса, дарров китобга, Орифга мурожаат қиламан ва албатта барча муаммоларимга ўзимча ечим топиб, Орифчалик, адибнинг бошқа қаҳрамонлари каби  яхши инсон бўлолмаётганим учун уялиб кетаман...

Фарзандларим, жиянларим, танишларимнинг болаларига ҳам доим Тўхтамурод аканинг асарларини ўқишларини тарғиб қиламан.

Адибнинг барча асарларини кўп марталаб, ҳижжалаб ўқиб чиққанман. Ҳошимжон билан роса кўп саёҳатларга чиққанман, ёвуз одамларни таъзирини биргаликда берганмиз, бирга ооооззззгина ёлғон ҳам гапирганмиз.  Юрт мустақиллиги, халқ озодлиги йўлида курашган Намоз ака билан бирга курашиб, унинг қаллиғи билан бирга йиғлаганман...

Бир куни автобусда устозни кўриб қолдим. Шу ерда ҳам болалар билан овора, ҳар бирининг саволига эринмасдан жавоб бериб бораётганларини, болаларча беозор қитмирлик қилаётганларини кўриб тўғриси, ўзим ҳам манзилимга етгунча уларга қўшилишиб бордим.

Бизга у кишидан энди ширин хотиралар қолди..

Устозни нафақат ўзбек халқи, балки асарлари таржима қилинган барча дунё халқлари болалари учун ёзган асарлари, бу инсоннинг келажак авлод қалбида яхшилик, эзгулик, олийжанобликка интилиш, ёмонлик ва ёвузликка қарши курашиш сифатларини шакллантиришдаги хизматлари учун охиратгача уларга савоб ёзилишига ишониб қоламиз.

Гулбаҳор АЛЛАКОВА,

китобхон

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+