Бугун 21 апрель - Бутунжаҳон ижодкорлик ва инновацион фаолият куни!

21.04.2022 15:04:55

Ижодкорлик ва инновациялар куни илк бор 2002 йил 21-апрелда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида нишонланган. 2017 йил апрель ойида эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси ушбу кунни Бутунжаҳон ижодкорлик ва инновацион фаолият куни деб эълон қилади. Бунда Барқарор ривожланиш дастурида белгиланган мақсадларга эришиш йўлида инсон фаолиятининг турли соҳаларида ижодкорлик ва инновациялар имкониятлари таъкидланиб, резолюция қабул қилинади.

Ижодкорлик ва инновацион фаолият кунини эълон қилиш орқали Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ижодий фикрлашни ривожлантириш, турли инновацион ғояларни яратиб, уларни ҳаётга тадбиқ этиш учун кенг имконият ва шароитларни яратиш лозимлигини назарда тутган ҳолда давлат, ҳокимият, илм-фан, таълим тизими вакиллари эътиборини ушбу масалаларга қаратишга интилган.

XXI асрда айнан инновацион фаолият халқларнинг фаровон ҳаёти омилига айланди. Юқори технологияларни жорий этиш бутун дунёда ҳаётни яхшилаш учун шароит яратади. Инновациялар давлатларнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш учун зарур бўлиб, меҳнат бозорининг ривожланишига, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, давлат ва жамиятнинг барча жабҳаларида шижоат билан меҳнат қилаётган, фаннинг турли соҳаларида тиним билмай, фаолият юритиб келаётган илм аҳлини ушбу байрам билан муборакбод этамиз. Барча бошлаган ишларингиз хайрли бўлсин, омад ва муваффақият сизларни тарк этмасин!

 

Ўзбекистон "Адолат" СДП Фахрийлар Кенгаши раиси,

Инновация ва муқобил энергетика маркази раҳбари,

Комилжон Шадиметов

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+