Бугуннинг ёшлари

10.02.2021 18:02:18

Бугунги ёшлар ўзгариб кетди, улар биз болалигимизда ўйнаган ўйинларни ўйнамаяпти, биз акамиз ё опамизнинг кийимини, палтосини, оёқ кийимини киярдик, ҳозиргилар йўқ, биз ота-онамиз неча сўм берса кетаверардик, ҳозиргилар йўқ, биз уйда тинч ўтирардик, нега ҳозирги ёшлар оқшом уйда ўтира олмайди, дейдиганлар кўп. Буни ҳамма гапириб ва эшитиб бўлди. Бу янгилик эмас. Ҳатто бу гап ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди.

 Аммо болаларнинг фикри қанақа, мактабни, коллежни, институтни битирган ёшларнинг ички дунёси бизни қизиқтираяптими? У аслида кимдай бўлишни орзу қиларди, унинг хаёлида нималар бор, унинг ички дунёсига кимлар қулоқ солаяпти, унинг сирларини ким олаяпти, у билан инма ҳақда гаплашади, бу саволларга жавоб топа олмаймиз. Жавоб бера олмаганимизнинг сабаби биз у, яъни олдимиздаги ёш билан очилиб гаплашмаймиз, кимлардан фикр ўрганаётганини сўрамаймиз, китоблар, эртаклар, жаҳондаги қизиқ нарсалар, буюк одамлар, уларнинг фикрлари ҳақида гаплашмаймиз, қўлимиздаги телефонимиздан бош кўтараолмаймиз, сериаллар олдига ўтириб оламиз-да, қаҳрамонларнинг ҳаракатларини кузатиб ўтираверамиз.

Лекин боланинг кўнглига қиё боқиб қўймаймиз. Ахир у ҳам зерикади, ахир у ўсмир, сиз билан орзулар, мактабдаги ё институтдаги қизиқ нарсалар ҳақида, кўчадаги дугонаси ё дўстининг ҳатти-ҳаракатларидаги безовталик, ўзгариш ҳақида гаплашмоқчидир. Сиз ё мен терс ўгирилдик-да, телевизорга тикилдик, телефонни титкиладик... Гўё мана шулардан боланинг келажаги чиқиб келадигандай. Гўё бола шундан бахтини топиб қоладигандай. 

Мен буни бир мисол қилиб айтдим. Ёшларнинг кўнглига бошқача назар солиш кераклиги учун, уларнинг ички дунёси бекиғлиқ қолиб кетаётгани учун айтдим. Балки гап юқорида айтиб ўтганларимда ҳам эмасдир, мен адашаётгандирман, кимникида етишмовчилик, пул танқислиги, кимникидадир азобли ўйлар, айрилиқ  ва ҳоказолар бордир. Буни билмайман. Лекин биз телефон ва телевизорни ундаги ҳаётни фарзандларимиздан устун қўйиб юбораётганимиз рост.

Болалар бугун спорт, китоб, маданият, санъатни севиши керак. Уларга биз намуналар топиб беришимиз керак. Қаердадир ўқиб қолгандим, еврийлар кечқурун уйига ишдан чарчаб – ҳориб қайтишганида ҳам қўлига китобни олиб ўқиб утирар экан. Агар чарчоқдан ўқиш учун ҳоли қолмас, шунчаки китобни ўқиётгандек вароқлаб тураркан болаларига намуна бўлиш учун. Ҳа азазлар «Қуш уясида кўрганини қилади» деган нақл бежизга айтилмаган. Фарзандларимиз бизнинг айтганларимизни эмас, биздан кўрганларини қиладилар. Кеч бўлмасидан буни англайлик.  Уларнинг мафкурасида ҳеч қандай бўшлиққа йўл қолмасин, улар ҳаётга мос келадиган комплекслар, ўй-хаёллар, режалар, орзулар барқарор кўнгил  билан яшасин. Ахир бу ҳаёт қонуни, ахир бу ҳаёт улар учун гўзал бўлиб бормоқда.

Мадина Ваҳобова,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+