Депутат масъулияти

15.04.2022 09:04:45

Халқ ўзи сайлаган номзоднинг иш фаолияти билан танишиш, қабул қилинаётган қонун лойиҳаларига таклифлар бериш ҳуқуқига эга. Айнан мана шу масъулиятни ҳис қилган, республиканинг 150 округидан сайланган депутатлар парламентда 12 та қўмитада янги қонун лойиҳалари билан доимий жиддий шуғулланишади. Олий Мажлисда ишчи гуруҳ муҳокамалари, қонун лойиҳалари бўйича ташкил этиладиган семинарлар билан бир қаторда ўз ҳудудларидан келган ёзма ва электрон аризалар билан шуғулланишади.

Бундан ташқари фуқаролар қабулхонасида аризага ҳам ишонмай “депутатим билан юзма-юз гаплашаман” деган мурожаатчиларни қабул қилишади. Аслида қонун лойиҳалари устида ишлашнинг ўзи катта иш. Қонунчилик палатаси депутатининг асл фаолияти ҳам шу аслида. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасини амалиёт билан таққослаш, камчиликларини бартараф этиш чораларини кўриш, ҳаммага бирдек тушунарли ва самарали натижа берадиган нормаларни киритиш устида ишлаш катта куч ва билимни талаб қилади.

Шунингндек, сайлов округида аҳоли билан учрашиш жараёнида аниқланган муаммолар тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат орқали назоратга олинади. Бировнинг муаммоси билан яшаш, дардини дардим деб қабул қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш йўлида ҳаракатда бўлиш бу фидоий инсонларнинг иши аслида. Айрим фуқаролар эътироз билдиришади “нуқул мажлис қиласизлар, аҳоли билан ишлаш керак” деб. Бу даргоҳ ўз номи билан Олий Мажлис ва бу ерда ҳар қандай муҳокама мажлисда ҳал бўлади, бешта бир-биридан фарқли сиёсий партиялар фракцияларида аниқ тўхтамга келинади. Бу ҳам сайловчилар учун қилинаётган ҳаракат. Ҳар куни Қонунчилик палатасида ишланаётган қонун лойиҳалари бўйича ўндан ортиқ ишчи гуруҳ йиғилишлари, тадбирлар ташкил этилади.

Тиббий хизмат кафолатланидими?

Бугунгача ўрганилган ҳолат, аҳолидан келиб тушган мурожжатлар тиббий хизмат кўрсатиш тизимини қайта ислоҳ қилишни тақозо қилмоқда. Шундан келиб чиқиб ва мамлакатимиз раҳбарининг тиббиёт тизими ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фуқаролар соғлиғини сақлаш қўмитаси томонидан аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштирилган тизимга босқичма-босқич ўтиш бўйича семинар ташкил этилди.

Семинарда Сирдарё вилояти мисодлида қўмита томонидан ўрганишлар натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этишнинг амалий тавсиялари берилди. Бунда бирламчи тиббий муассасаларнинг давлат томонидан белгиланган ижтимоий кўмакка қай даражада тайёрлиги, моддий техник базасини янгилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида уларни қайта ўқитиш, энг асосийси кафолатланган тиббий суғурта тизимини йўлга қўйиш соғлиқни сақлаш тизимида мутлақ янги моделни яратишда жуда муҳим эканлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган ЖССТ эксперти ҳам тиббиётда электрон тизимни йўлга қўйиш ижобий натижа бериши, турнақатор навбатларнинг олдини олиши, аҳолига ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатишга ёрдам бериши борасида дунё тажрибасидан мисоллар келтирди. Электрон поликлиникалар эса беморларга шифокор билан учрашиш вақтини белгилаш, тор доирадаги мутахассислар кўмагини таклиф этиш, даволаниш бўйича ордер сўраб мурожаат қилган беморга даволанишнинг аниқ санасини белгилаб бериш имкониятини яратади.

Мамлакатимиз раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги моделини ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолининг соғлиқ кўрсатгичлари мониторинги олиб борилиши, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат ва дори воситалари пакетини ишлаб чиқиш, тиббий суғурта қилиш вазифаси илгари сурилган. Шунга мувофиқ, семинарда ўрганилган тажрибани республикамизнинг 6 ҳудудида эксперимент сифатида жорий этишга келишилди.

       Депутатлар деҳқон хўжаликлари иши билан танишми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари ер муносабатларини тартибга солувчи қонунларнинг ижро этилиши ҳолати устидан депутат назоратини кучайтириш мақсадида “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг ижро этилиши ҳолатини Бухоро ва Наманган вилоятлари мисолида назорат-таҳлил ўрганиш олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилаш бўйича тизим яратилган. Шунингдек, соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида деҳқон хўжаликларига қулай шарт-шароитлар яратилиб берилмоқда.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган уруғлик, минерал ўғитлар ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олишда деҳқон хўжаликлари қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан тенг ҳуқуқларга эгадир.

Ўрганишларда депутатлар мамлакатимиздаги янгиланишлар билан чамбарчас равишда деҳқон хўжалиги бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб маҳсулот ишлаб чиқараётганига гувоҳ бўлишди. Шунингдек, ўз махсулотларига меҳнати ва харажаатларидан келиб чиқиб нарх белгилаш мустақилллигига эришганини эътироф этишди.

Шунингдек, деҳқон хўжалиги бошлиғи тегишли ташкилотлар билан белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар тузиши, биржа савдоларида иштирок этиши қонун доирасида мустаҳкамлаб қўйилгани дехқон хўжаликлари томонидан ижобий баҳоланди.

Депутатлар ўрганишларда деҳқон хўжаликлари томонидан ер участкаларидан самарали фойдаланиш, деҳқончилик маданиятини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш учун яратилган шарт-шароитлар, соҳада ресурсларни тежовчи агротехнологиялар, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Шунингдек, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари таклифларини ўрганиш, зарур ҳолларда тавсиялар бериш, соҳадаги муаммоларни таҳлил этишга алоҳида эътибор қаратишган.

Ўрганишлар давом этмоқда.

Депутатларга мурожаатлар бўйича эътироз билдиришди

Аҳоли мурожаати билан ишлаш, уларнинг мониторингини олиб бориш, асосли мурожаатга ижрони таъминлаш даражасидаги аниқ жавоб қайтариш тизимнинг асосий вазифаси. Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан биринчи чорак якунларига бағишланган йиғилишда айни мақсадга алоҳида эътибор қаратилди.

Қўмитадага келиб тушган мурожаатлар ҳар чорак якунида мутасадди ташкилотлар ва қўмита аъзолари ўртасида муҳокама қилинади. Айнан қайси йўналишда мурожаатлар сони кўпчиликни ташкил этди, ижобий ҳал қилинганлари неча фоизни ташкил этди, қайси мурожаатга вазирлик ва идоралар томонидан юзаки жавоб берилди ёки ўз вақтида жавоб қайтарилмади муҳокамалар марказида шу саволлар бўлди. Чорак якунига кўра энг кўп мурожаат Бухоро, Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келиб тушган. Аниқланган ҳолатлар бўйича қўмита томонидан вилоят ҳокимларига тизимни назоратга олиш бўйича хат тайёрланди.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимидаги энг катта камчилик бирор бир соҳанинг қуйи бўғини фаолиятидан норози бўлиб шикоят билан депутат томонидан юқори турувчи ташкилотга хат юборилганда мурожаат яна қуйи тизимга бориши. Бунда ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Қўмита аъзолари томонидан хатларга жавоб йўллашнинг ушбу оммалашган тизими қаттиқ танқид қилинди. Қайси йўналишда мурожаат кўпайса, бу ўша тизимда ишнинг тўғри ташкил қилинмаганидан дарак. Йиғилиш давомида халқ қабулхоналари фаолиятини ўрганиш ва кўп мурожаат келиб тушган вазирлик ва идораларнинг эшитувини ташкил этишга келишилди.

Аҳоли муҳтожликдан, қайсидир жойда ҳуқуқлари поймол қилинганидан нажот сўраб умид билан мурожаат қилади. Бу умидни сўндиришга, муаммоларга бармоқ орасидан қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мурожаатлар кўпайишини ҳар бир мутасаддилари ўзларига берилган баҳо деб қабул қилишсагина соҳада ижобий натижаларга эришиш мумкин. Йиғилишда эшитувларни ташкил қилиш, хатларга ўз вақтида масъулият билан жавоб қайтаришга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Олий Мажлисда мана шунақа гаплар

 

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Девони масъул ходими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+