Янгиликлар 513
Иқрор
Кўпчилик катта-катта мақсадлар турганида, ҳаётнинг турли-туман икир-чикирлари, арзир-арзимас ташвишлари билан андармон бўлиб юрганимиздан нолишади. Буюк ишларга қодир инсоний омилларимизни, ўткинчи умр йўлларида беҳуда сарф этаётирмиз, деб надомат чекишади. Бироқ биз катта-катта эврилишлар ҳам мана шу энг оддий икир-чикирлардан бунёд бўлишини ҳар доим ҳам англаб етавермаймиз. Биз шунчаки уларни назарга илмаганимиз, ўз дунёйимиз қолиб нуқул ўзга дунёларни кашф этишга ошуфта бўлаверганимиз боис, очишимиз муқаррар бўлган оламлар қолиб, очилиши гумон бўлган дунёлар ичида тентирайверамиз.
Чинакам ҳаёт, жумлайи жаҳон энг биринчи галда сизни ўраб турган атроф- муҳитдан иборатдир. Шу кичик бир олам ичида гулзор ярата билсангиз чаманзорда, чиқиндизор бунёд этсангиз туриши-турмушингиз харобазордан иборатдек бўлиб кўринаверади. Шу тақлид ўз дунёйингиз қолиб ўзгаларнинг чаманзорига эгалик қилиш ҳақида бош қотираверасиз. Шунчаки енг шимариб ён-атрофингизни тозалаш, обод этиш хаёлингизга ҳам келмайди. Ваҳоланки сизнинг заминингиз ўзга чаманзорлар еридан кўра анча унумдорроқ бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Жазм этсангиз ҳаммаси ўз қўлингизда. Шунчаки ўз муаммоларингизга панжара ортидан қарамасангиз бўлди. Икир-чикирларингизни ҳал этмай туриб, ўзга сайёраларни кашф этиш иштиёқида қоврилмасангиз бўлгани..
Жаннатой Рўзибоева,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика талабаси.
Фикрингизни қолдиринг