Карантин мутолааси: Ҳаммага етарли ер

17.06.2020 20:06:48

Икки одам талашар: “Бу ер меники!”. Ер айтади: “Эй, нодонлар, иккаланг ҳам меники!”...

...Дунёга жар солиб яна бир гўдак туғилди. Шифокор кўздан кечириб, “Бола соғлом. Умумий хонага кўчишинглар мумкин”, деди. Ҳамшира она-болага йўл бошлади. Кўрсатилган хонага кирган она орқага тисарилди.

- Тўртта хотин билан бир хонада ётаманми? Менга алоҳида жой ажратиб беринг.

- Хоналар тўла, ойиси. Бир ўзингизга алоҳида хона қилиб беролмаймиз.

- Иложини топинг. Бўлмаса юқорига хабар бераман, танишим бор. Бошқа чақалоқлар йиғлаб, боламни уйғотиб юборади.

...Бола кўз очиб юмгунча катта бўлди. Мактабга чиқди. Бир куни қовоқ солиб, “Ойи, устоз мени учинчи партага ўтқизиб қўйди”, деди. Эртасига она мактабга борди:

- Нега менинг боламни орқага ўтқизасиз? Ўрта қатордан биринчи партада ўтирсин, деб тайинлагандим-ку.

- Ўғлингиз бўйчан. Олд қаторларга бўйи пастроқ болаларни жойлаштираман.

- Ана, ўғлим билан тенг бола олдингизда ўтирибди-ку.

- Унинг кўз нури паст, миопияси бор.

- Менинг ҳеч нима билан ишим йўқ! Боламни биринчи партага ўтқизасиз – тамом! Бўлмаса, баҳолари пасайиб кетади. Мана, бугун ҳам “Мактабга бормайман”, деб йиғлаб, зўрға келди.

...Орадан йиллар ўтди.

- Қаердан келяпсан, ўртоқ?

- Қаердан бўларди? Ишдан-да. Кечгача ишлаб чарчаб кетди одам. Ўзингчи?

- Ҳозирча уйдаман. Ҳали ишга кирганим йўқ.

- Нима, иш топилмаяптими?

- Иш дегани тиқилиб ётибди. Менга моси йўқ. Олий маълумот билан тузукроқ жойга киришни хоҳлайман.

- Хозир иш танлайдиган пайт эмас. Учраганига илиниб олавер. Кейин астa-секин кўтариласан-да.

- Эй, бўлмайди. Яхши жой топилишини кутаман.

У омадли йигит эди. Кўнглидагидек ишни топди. Ўзи истаганидек меҳнат фаолиятини нуфузли идорада, раҳбар лавозимидан бошлади. Ўзгача иштиёқ ва ғайрат билан ишга отланди. Лекин биринчи иш кунидан бир соат ўтар ўтмас бош раҳбар эшигини тақиллатишга мажбур бўлди.

- Мен буни кутмагандим, Икром Содиқович. Бунақасига келишмагандик-ку.

- Тинчликми? Сизга қай жиҳатимиз ёқинқирамаяпти?

- Қўл остимда ишлайдиган ходимларим билан бир хонада ўтираманми? Ахир бу ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди-ку. Бўлим мудири бўла туриб алоҳида хонам бўлмаса-я!

- Яқинда янги бинога кўчамиз. Ўшанда хоналар кўп бўлади. Хозирча чидаб турасиз энди, укам. Айни вақтда ҳар бир бўлимга биттадан хона ажратилган. Фақат сиз эмас, бошқа бўлим мудирлари ҳам ходимлари билан бирга ўтирибди. Ёлғиз менда алоҳида, шу кичкинагина кабинет бор. Ё шуни сизга бўшатиб берайми, а? – раис асабий кулди.

- Йўқ, бемалол ўтираверинг. Яхшиси мен жойимни бўшатиб қўяман. Бу аҳволда ишлаб бўлмайди.

Албатта, у ишсиз қолгани йўқ. Бошқа ерга жойлашди. Бир куни янги ишхонасига тадбирга таклифнома келиб қолди. “Бормайман -  деди қоғозни буклаб – Бу ташкилот ҳурмат нималигини билмайди. Ўтган гал менга асосий айлана стол қолиб, орқа ўриндиқдан жой кўрсатган эди”.

...Кунлар шу зайлда ўтаверди.

- Ҳой, қанақа одамсан? Фарангни ёқавериб, сигнал чалавериб безор қилдинг-ку. Бироз кутиб тур, олдиндаги машиналар йўлни бўшатса, юраман.

- Ўзинг нега йўқ жойдан тиқилдинг? Бу менинг йўлим.

- Шошиб тургандим, биродар. Шунга бу томонга ўтиб олдим. Озгина сабр қил, энди.

- Ўзингнинг йўлингдан юргин, менинг йўлимдан қоч!

- Оббо, бу катта йўл ота-бобосидан мерос қолган шекилли. Мана, ўтсанг ўтақол, кўнглинг тинчисин, йўлингни еб қўймай тағин.

...Вақт оқар сув каби шошиб борарди.

- Ўғлим, энди укангни уйлаймиз. Сени кўп қаватли хонадонладан бирига чиқарамиз.

- Нима? Каталакда юрагим сиқилиб ўламан-ку.

- Бошқа илож йўқ. Икки калла бир қозонда қайнамайди.

- Алоҳида чиқишим керак бўлса, ҳовли олиб беринглар. Тайёр жойни укамга ташлаб, тўрт деворга тиқиладиган аҳмоқ йўқ.

- Йиғиб қўйган пулим ҳовли олишга етмайди, болам. Олдинда тўй турибди. Жуда унамасанг, ана, машинангни сотиб, пул қўшақол.

- Ўйлаб гапиряпсизми, дада? Машинани сотсам, нимада юраман? Талабалигимда автобусда қатнаб, энамни Учқўрғондан кўрганман. Автобус нақ дўзахнинг ўзгинаси. Тиқилинч, ҳамма бир бирини туртган, одамларда маданият йўқ, жой бериш уёқда турсин, тутқич ҳам анқонинг уруғи бўлиб қолади. Охирги бекатларга етганда, ҳайтовур жой бўшади, деб энди ўриндиққа чўксам, қариялар худди бўш жойни кўргандек мен томонга қараб келаверишади. Улар учун ёш одам – бўш жой. Худди ёшлар чарчамайдигандек. Ичимда, ўтириб кетгинг келса, таксида юр, деб индамай ойнадан кўчага қараб кетаверсам, “Болам, жой бер, дуо қиламан”, деб қолади. Эй, сенларнинг дуоларингдан ўргилдим! Хуллас, дада, менга соатлаб бекатда туриш, автобусга осилиб юриш умуман тўғри келмайди.

...Вақт ҳамон олдинга қараб интилмоқда.

- Дадаси, келяпсизми? Спектакль бошланадиган вақт бўлиб қолди-ку.

- Ишим кўпайиб кетди, бироздан кейин чиқаман. Сен хавотир олма, чипта менда бўлса, театр қандай қилиб бошлансин?!

- Хазилингиз бор бўлсин-ей, тез келинг, кеч қоляпмиз.

Охирги қўнғироқ чалинган, чироқлар ўчган, қарсаклар чалиниб, саҳнада аллақачон актерлар пайдо бўлганида эр-хотин кириб келишди.

- Қоронғуда ҳеч нарса кўринмаяпти, бизнинг жойимиз қани, дадаси?

- Биринчи қаторга юравер.

- Ҳамма жой банд-ку.

- Ия! Онахон, хуш келибсиз, жойлар муборак бўлсин!

- Бўш деб шу ерга ўтқизишганди, болам. Турайми?

- “Ми”сини олиб ташланг. Чолингизга ҳам айтинг, тез-тез ҳаракат қилсинлар. Кутишга вақт йўқ.

- Қўй, шу пайтда бизни овора қилма, ўғлим – отахон сўз очди– Оқсоқланиб орқага юриб ўтишимиз осонми? Тўрт қатор орқада бизнинг жой, ўша ерга ўтирақолинглар.

- Ҳей, гапни кўпайтирманг. Сизлар ўзи тайёрга айёр бўлиб ўрганиб қолгансизлар. Жойни бўшатинг, дедим!

Театр ходимлари етиб келди:

- Ака, уялмайсизми? Ўзи тартибни бузиб, кеч келдингиз. Энди саҳна олдида жанжал кўтариб, актерларимизни чалғитиб юборяпсиз.

- Мен бу жойимга пул тўлаб қўйганман! Орқа қатордан икки баробар кўп тўлаб, шу жойга чипта сотиб олганман. Сен бола, ақл ўргатмагин, хоҳласам, саҳнангга чиқиб ўтираман.

Жанжални тўхтатишнинг ягона йўли отахон ва онахонни ўз жойига кўчириш эди. Шундай қилишди.

...Вақт-соати етиб, у жон омонатини топширди. На илож, ўлмоқнинг иши – кўммоқлик, деб яқинлари жанозага тайёргарликни бошлашди. Афсуски, яқин орадаги икки қабристон ҳам тўлган, майит қабул қилиб, гўр қазишга имкон йўқ экан. Қариндошлар бош қотиргунча жаноза ўқилиши режалаштирилган пешин намозининг вақти ўтиб кетди, энди қандай бўлмасин, асрга улгуриш керак. Укаси югур-югур билан кетиб, бир хабар топиб келди. Узоқроқда янги қабристон барпо этилибди. Ҳали бирорта қабр қазилмаган, бирорта марҳум қўним топмаган экан. Расм-русумларни бажариб, ўша манзилга ошиқишди. Уни ерга қўйиб, ҳамма орқага қайтди, фақат тўнғич ўғли қабристон дарвозасида тек қолди.

- Бандалик, болам, - қўшни отахон елкасига қоқди – Аллоҳ сабр берсин, юринг энди, уйга қайтиб, тиловатни давом эттирайлик.

- Дадам шундай катта жойда бир ўзлари қоладиларми? – боланинг кўзларидан дувиллаб ёш оқди.

Ҳа, энди у ёлғиз ўзи мўл-кўл ерга эга. Кўзлари тупроққа тўлди. Унга насиб этилган ерни тортиб олишга талабгор йўқ. 

...Икки одам талашар: “Бу ер меники!”. Ер айтади: “Эй, нодонлар, иккаланг ҳам меники!”

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+