Карантин мутолааси: Раҳмат сенга, коронавирус!..

12.04.2020 17:04:15

 

Мақолани олдинги сонини бу ерда ўқинг.

Кўзимни очиб, эсладим. Бию Фан – рассом, ташриф қоғозида худди шундай ёзилганди. Мана, уни тефонимдаги контактларга сақлаб қўйгандим, текшириб кўришим мумкин. Ҳа, шундай ёзилибди: Рассом Бию Фан. Йўлакка чиқишим тақиқланганига қарамай ўрнимдан турдим. Бешинчи палатани топдим. Дереза олдидаги тўшакда Бию Фан ётарди.

– Сиз?

– Ҳа, Ланфен. Сизнинг мижозингиз.

– Бу ёққа келгач, сиз ҳақингизда кўп ўйладим. Мана, қўрққаним бўлибди: сизга ҳам юқтирибман. Кечиринг!

– Узр сўраманг, заррача айбингиз йўқ. Ахир коронавирусни сиз ўйлаб топмагансиз-ку.

– Сурункали тонзиллитим бор, иситмам сабабини шундан кўриб, эътиборсизлик қилибман. Билганимда, сизни уйимга киритмасдим.

– Айнан сиздан юққани аниқмас-ку, бу вирус Ухан ҳавосида кезиб юрибди. Майли...

– Севгилингизга совға ёқдими?

– Йўқ...

– Ия, ёқмадими?

– Йўқ, ҳали бермадим, демоқчийдим.

– Нега?

– Чунки... Чунки у битмаган-ку.

– Ҳа-я! Яна бир бор айбдорман!

– Бу муаммо эмас. Яқинда соғайиб кетасиз, мен яна уйингизга бораман ва биргаликда чизамиз.

– Феникс қушининг расмида 5 дақиқалик иш қолганди, менинг эса қолган умрим 5 кун чиқармикин – билмадим!

– Бундай деманг, Бию! Сиздек рассомлар яшаши керак!

Уни руҳлантириш учун бисотимда гаплар кўп эди, аммо қолганини айтолмадим. Биюнинг кўзлари юмилиб кетяпти, уйқуси келяпти. Бу ҳолат менга яхши маълум. Биз қабул қиладиган муолажалар жуда кучли, одамни ланж қилади. Организмимиздаги вирус ҳам анойи эмас, тобора кучимизни суғуриб оляпти. Биюнинг палатасини тарк этаётгандим, у овоз чиқариб қолди:

– Лан... Лан-фен...

– Лаббай, Бию! Доктор чақирайми?

– Кечирдим, демадингиз...

– Оббо! Сиз чизган чала расм ҳам шоҳ асар!

– Бу учун эмас. Коронавирусни сизга мен юқтирдим.

– Йўқ, Бию. Биласизми, нима? Мен коронавирусга қарши вакцина олгандим, у билан курашишга шай иммунитетим бор эди. Бир куни уни йўқотиб қўйдим. Шу сабаб бу дард олдида ожиз қолдим. Ҳамма гап шунда, сиз бир баҳонасиз холос.

– Нима дедингиз? Коронавирусга қарши вакцина чиққанмиди? Қачон?

– Ҳа! – дедим айёрона кулиб – Неча асрлар аввал ўйлаб топишганди уни. Бу – муҳаббат!

Бию кулди. Юз ифодасидан бу мавзуга оид фикрлари кўплиги билиниб турарди. Аммо дард санчиётган найзалар гапиртиришга қўймади. Инграй-инграй уҳлаб қолди.

Палатам деразасидан ташқарига қарайман. Ниқоблар остида қолган шаҳар... Ҳаммада ниқоб, ниқоб тананинг бир аъзосидек гавдаланяпти, худди ҳамма ниқоб билан туғилгандек. Ҳа, барчамизда ниқоб аввалдан борлиги ҳам рост. Устоз Гюрен Чжун шундай деганди-ку. Уханликлар тинчмикин? Курсдошларим, қўни-қўшнилар... Фенгдж-чи? Бу бало вирус Сианга етиб бормаган бўлсин-да! У менга бир пайтлар «Сиандан кўра Ухан ҳавоси ёқимли туюляпти», деганди. Бугун эса Ухан ҳавосидан ҳамма нафратланяпти. Фенгдж яна нима дерди? «Сенинг соянгман»... Бугун мен соясизман, емирилаётган танада соя нима қилсин?

Коронавирус нима? Қиёматми? Ер юзида ҳаёт тугаяптими? Инсониятга қиронми бу? Ё одамютар аждарҳоми? Нега у одамга тўймаяпти? Нега ҳаммани бир-бир олиб кетяпти? Жазоми? Синовми? Нима бу?

Биз беморлар кунда ўлимга гувоҳ бўляпмиз. Худди навбатда тургандекмиз, қачондир бизнинг ҳам галимиз келади. Ана, йўлакда югур-югур. Яна кимдир ўлди. Коронавирус учун қурбонлик оддий ҳол, бу дард учун жондан арзонроқ нарса йўқ.

Аҳволим яхшиланяптими-ёмонлашяптими, англолмаяпман. Ўзимда нима рўй бераётганини билмайман. Рости – тузалаётганга ҳам, оғирлашаёганга ҳам ўхшамайман. Балки ўзимни кузатишдан тўхтаганим, менга фарқи йўқлиги сабаб шундай туюлаётгандир.

Яна ҳаёлимга Фенгдж келди. Қалбимни забт этган дил изҳорлари... «Сенсиз ўтувчи дақиқалар йўқ бўлсин, Ланфен!..». Мени кўрмасдан туролмасдинг, овозимни эшитмасдан ухлолмасдинг, қандай яшаяпсан, Фенгдж? Ўшанда охирги гапни сен айтдинг. Сўнги сўзинг ҳам «зўр» бўлди: «Муҳаббатимизни коронавирус ўлдириб ташлади». Мени гапиришга қўймадинг. Кейин ҳам фурсат бермадинг – телефонда гаплашишни истамадинг. Менинг муддаоим айрича эди. Хўп, сен айтгандек, сени тушунаман, кечираман ва тинч қўяман. «Даъвойим ҳам, аразим ҳам, аламим ҳам йўқ. Соғ бўл, Фенгдж!». Шу икки оғиз гапни айтмоқчийдим. Эшитишни хоҳламаяпсан, на илож.

Биюнинг палатасига бордим. Кўринишидан тенгдошимга ўхшайдиган бу қиз нафақат касбий маҳорати, балки самимимйлиги билан ҳам мафтун этди. У билан гаплашгим келди, гарчи уни гапириш у ёқда турсин, эшитиш ҳам чарчатиб қўйишини билсам-да, ўзимни тийиб туролмадим.

Бию йўқ. Ўрнида бошқа бемор ётибди.

– Бешинчи палатадаги Бию Фан қани? – сўрадим доктордан.

– Бу дугоналар билан чақчақлашадиган оромгоҳ эмас, қизча! Хонангга бор, ўрнингдан турма!

– Хўп, Бию қаердалигини айтинг, илтимос.

– Кетди...

– Тузалиб кетдими? – неча кундан бери ярим очиқ кўзларим қувончдан мошдек очилди.

– Тузалганида «Тузалди», дердим, «Кетди» деяпман. Тушуниш қийинми?!

(Давоми бор)

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+