Мамлакатнинг тараққиёт даражаси педагогларнинг жамиятда тутган ўрнига қараб белгиланади

01.07.2022 11:07:22

Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар бўйича Конституцион қонун лойиҳасининг 41- моддасида:

   •     Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир.

•     Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди, деган нормалар кўрсатилган, аммо ижтимоий тармоқларда бу янгиликка қарши чиқаётган кишилар ҳам пайдо бўлмоқда.

 Шу муносабат билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори Исмоил Саифназаров  ўз фикрини билдиришни лозим топди.

Тан олиш керакки, мактаб остонасига илк қадам қўйганимизда қўлимизга қалам тутқазиб, алифбони ўргатган биринчи устозимиз сиймосини, унинг меҳнатини доимо миннатдорлик билан эслаймиз ва қалбимизда уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Дарҳақиқат,  инсоннинг икки дунёда саодатли бўлиши учун ҳам устозларнинг хизмати беқиёс. XXI аср – юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрли мутахассислар асри. Бундай авлодни тарбиялашда устоз-муаллимларнинг хизмати беқиёс. Зеро, ҳозир жаҳонда мамлакатнинг тараққиёт даражаси педагогларнинг жамиятда тутган ўрнига қараб белгиланмоқда.

Кўпчиликка маълумки, диёримизда устозлар, муаллим-ўқитувчилар ҳар доим улуғланиб келинган. Мисол учун, соҳибқирон бобомиз Амир Темур ўз васиятида ҳокини устози Саид Барака қабри пойига қўйишларини айтган. Дарҳақиқат, устоз буюклар ичра буюк. Зотан, Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Берунийларнинг ҳам илм оламига илк тетапоялари оддий ўқитувчи, устоз кўмагида ташланган. Доно халқимиз устозларни эъзозлаб: “Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, дейди. Илм нури устознинг қалбидан шогирднинг қалбига ўтади. Агар устоз бўлмаса, бу нур қалбга кирмайди.

Жамиятни инсон ўзгартиради, таълим эса инсонни ўзгартиради. Таълимнинг марказида эса, авваламбор ўқитувчи туради. Устоз ва муаллимлар ҳурмати ҳақида шу чоққача кўп ва хўп гапириб келинаётган бўлса-да, унинг  ҳурматини жойига қўйиш борасида шу кунга қадар амалий ташаббус кўрсатилмаган эди. Эндиликда эса, Конституцияда ўқитувчининг жамиятда тутган юксак ўрнини юқори даражада эътироф этиб, муҳрлаб қўйиш таклиф этилмоқда.

Биз бугун Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни мақсад қилдик. Айтингчи ҳурматли юртдошлар, ҳар қандай жамият уйғониши, тараққиёти асосида қандай омиллар ётади? Маърифатли инсонга маълумки, жамият тараққиёти асосини илм-фан, таълим-тарбия, санъат, адабиёт, янги технология, инновациялар ташкил этади, шундай экан, илм-фанни ким ўргатади, албатта ўқитувчи, устоз.

Агар биз таълим-тарбия ишини юқори даражага кўтармоқчи бўлсак, биз биринчи навбатда ўқитувчи, муаллим, устоз ижтимоий мақомини кўтаришимиз керак, чунки бу  халқимизнинг азалий қадриятлари биридир. Ўзимнинг ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтиш керакки, биз, Адолат СДП фракцияси 2010 йилда “Ўқитувчининг ижтимоий мақоми тўғрисидаги” қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эдик, афсус ўша даврда бу ташаббус раҳбарият томонидан қўллаб қувватланмади ва лойиҳа лойиҳалигича қолиб кетди.

Ҳозирги кунда Конституцияга ўзгартишлар киритилиши муносабати билан, Давлат раҳбари муаллим, ўқитувчи устозларга ҳурмат эҳтиромни алоҳида белгилаб қўйишни таклиф этдилар, биз педагоглар учун бу катта тарихий воқеа бўлди, бизнинг кўп йиллик орзуимиз ушаладиган кунлар келди, бундан биз ўта мамнун бўлдик!

Айтингчи ҳурматли ҳамкасб, сизнингча Ўқитувчининг жамиятда обрўси кўтарилишининг нима ёмон томони бор, нимага киноя қилинмоқда, ахир устозсиз, муаллимсиз саводли, маданиятли одам бўлиши мумкинми?

Албатта йўқ, қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар, у фермерми, тадбиркорми, савдо ходимими, унинг албатта устози бўлади, шундай экан, устозни ардоқлаган юрт ҳеч қачон хор бўлмаслигини эсдан чиқармаганимиз маъқул!

 Исмоил Саифназаров,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,

фалсафа фанлари доктори 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+