Мутолаа: Раҳмат сенга, коронавирус!..

19.04.2020 21:04:31

Мақолани олдинги сонини бу ерда ўқинг.

Тушундим... Тушундим-у касалхона ойналарини силкитар даражада дод солдим. Тепамда тиббиёт ходимлари тўпланди, хонамга олиб кириб, тинчлантирувчи укол қилишди. Танам жазавага тушишдан тўхтагани, овозим ўчгани билан тинчланолмадим. Унсиз йиғладим. Бию, Бию! Дард билан ижод қилган қўли гул рассом! Юқори иситма билан мижоз хоҳишини бажарган масъулиятли инсон! Олдимда беҳуда ҳижолат чекиб, айбсиз ҳолида узр сўраган виждонли қиз! Нега сен? Ахир сени қанчадан қанча асарлар кутиб турганди-ку. Қобилиятинг билан машҳур бўлишга арзирдинг! Бугун эса машҳур касалликнинг навбатдаги қурбонисан. Сен билан бир муддат эса-да ҳамнафас бўлганимдан афсусланмайман, Бию! Гарчи бу ҳамнафаслик хавфли вирусга қоришган бўлса-да, сендек инсонни таниганимга, билганимга шукр! Эй воҳ, ўша куни Бию беш кун яшашидан гумонсираб гапирганди, шундан бери орадан уч кун ўтди. Ҳайҳот, коронавирус шундай ёвуз ёвки, ажални шошираркан, у билан ўйлаганимиздан ҳам камроқ яшарканмиз.

Бу ерга келганимдан бери иштаҳасизман. Хатто сув ичишга хоҳишим ҳам, кучим ҳам йўқ.

– Ланфен, энг эрка бемор сен бўлдинг ўзиям – деди менга масъул ҳамшира Пейжи – Бу касалхона, азизам, ресторанда меню ушлаб қайсарлик қилгандек овқат танламагин.

– Танламаяпман, ўзи ҳеч нарса егим келмаяпти.

– Қачондир оғзингга ёққан нарса бордир. Қайисики, яна егинг келган. Бир ўйлаб кўр, топиб айтсанг, албатта, олиб келаман.

– Уйингга боролмаяпсан-ку, мен учун дўкон айланмоқчимисан? – Пейжи билан яқин бўлиб қолдик, шунга ўртоқлардек гаплашамиз.

– Буюртма берарман. Сен айт олдин!

– Хўш... Хозир, хозир... Севиб еган нарсам... Тўймай қолганим... Яна егим келган... Бўлди, топдим, бу аниқ – Сиандан келтирилган шоколадли музқаймоқ. Фақат қоғозини ялаш насиб қилганди, чунки 800 километр йўл босгунча эриб бўлганди.

– Инсоф билан сўранг-да, ҳазрати олиялари! Сизга шу тобда музқаймоқ бериб бўларканми? Яна Сианникимуш...

Пейжи мени калака қилиб чиқиб кетди. Кайфиятимни кўтариш учун ҳазиллашяпти бечора қиз. Мен эса аксинча, оғир ўйларга толиб қолдим. Сиандан Уханга келгунча эриб битган музқаймоқ... Йўқ, Фенгджни эслаб, ҳафа бўлмаяпман. Ўзимни ана шу музқаймоққа ўхшатяпман. Мен ва ўлим орасида неча километрлик масофа бор – ноаниқ, аммо тобора эрияпман... Бора-бора тамом бўламан...

Кўзимни очсам, тепамда Веики турибди.

– Ия, дугонажон, ҳеч кимни ичкарига қўйишмаётганди-ку, қандай кирдинг?

– Сен олиб келдинг, Ланфен!

– Тушунмадим?

– Қилар ишни қилиб нимани тушунмайсан? Табрикласанг бўлади, мендаям коронавирус аниқланди!

– Эҳ! Йўқ!

– Ўша куни айтганимни қилиб уйда ўтирганингда олам гулистон эди, Ланфен! Сен қилдинг ҳаммасини! Ким билсин, касалингни Сианга ҳам тарқатиб келгандирсан. Сенга ўхшаган калтафахмлар сабаб буюк Хитойнинг обрўси бир пул бўляпти.

– Веики, кўп афсусдаман. Илтимос...

– Жонингдан тўйган экансан, ўзингни осмайсанми? Нима қилардинг ҳаммаёқни булғаб? Фенгдж сени ташлаб кетиб, тўғри қилибди. Бир фалокати ариди йигитнинг. Касринг менга урди. Мен аҳмоқ ўша куни олдимга сени эмас, ажални чақирган эканман.

– Веики! Веики!

У ортиқ гапирмади, нафратга тўлган кўзларини бир зум қадаб турди-да, орқа ўгириб кетди. Кетма кетидан ҳамшира кирди.

– Йўқ, Пейжи! Менга укол қилма! Даволанишни хоҳламайман! Ортиқ яшолмайман! Қурбон қидиряпсанми, коронавирус? Мана, ол менинг жонимни! Танамга чуқурроқ кир, қўйиб юборма!

– Ланфен! Ўзингни тут! Укол қилиш вақтим ўтиб кетяпти, схема бузилади. Илтимос, жим ётгин.

– Керак эмас, дедим-ку! Хоҳламайман яшашни!

– Ланфен, бўлди энди! Хозир бир сени деб бошқа беморларимнинг ҳам муолажа вақти сурилиб кетади.

– Ҳа, яна шу аҳвол: бир мени деб ҳамма, бир мени деб ҳамма! Мени деб Фенгджнинг тинчи бузилди, мени деб Бию вақтида шифокорга кўринолмади, мени деб Веики касал бўлди. «Мени деб»лар ҳали кўп: мени деб Сианга вирус борди, мени деб Хитойнинг обрўси тўкилди, мени деб ота-онам қон ютяпти.

– Сени деб яна нималар бўляпти, биласанми?

– Йўқ, шунчаси етарли. Мендек ёвуз инсон ўлимга лойиқ!

– Эшит! Сени деб нафақат Хитой ҳукумати, балки бутун дунё қайғуряпти! Коронавирус сўзи қулоғига кирган одам борки, сени танимаса ҳам, тузалишингни тилаяпти. Сени деб шифохона қуришди, сени деб олимлар изланяпти. Сени деб бу вирусга даво топишяпти. Сени деб янги муолажалар ва дорилар кашф қилиняпти! Сени деб коронавирусга қарши вакцина ўйлаб топишмоқчи! Сени деб қанчадан қанча мамлакатлар инсонпарварлик ёрдами жўнатяпти. Сени деб юзлаб тиббиёт ходимлари кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаяпти, сенинг соғлиғинг улар учун оиласидан, фарзандларидан, ҳузур-ҳаловатидан азизроқ кўриняпти. Сени деб хориждан шифокорлар келди. Вирус ўчоғига! Қўрқмай, ўзини аямай! Миллиардлаб инсонлар, хоҳ тиббиётчи бўлсин, хоҳ бошқа касб вакиллари жон бериб, бу вирусни қувиш ҳаракатида. Сен эса бамайлихотир «Кел, коронавирус», деяпсан. Тўшакда ётиб, ўлиш осон. Аммо бир ўлим ҳолати учун биз минг бор ўлиб-тириляпмиз. Битта рақам кўп нарсани ҳал қиляпти. Кам сонли соғайганлар ва кўп сонли қурбонлар... Профессорларимиз кўрсаткичлар ўрнини алмаштириш, наинки алмаштириш, балки қурбонларни нолга тушириш учун тиришиб-тирмашяпти. Сен эса навбатдаги қурбон бўлишга тайёрсан. Бу сен учун оддий ҳол даражасига келди, аммо биз учун эмас, Ланфен! Биз учун бир қурбон – катта йўқотиш, бир нафар соғайган киши – катта ютуқ. Машаққат ила тузалиш эмас, осонгина ўлиш йўлини танлаган бўлсанг, омад сенга! – Пейжи терс ўгирилиб кетди.

– Шошма! – хайқирдим ортидан – Уколимни қил...

(Давоми бор)

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+