ОНА

29.03.2022 15:03:34

Уйқусидан чўчиб уйғониб, безовталанган қизалоғинг сени чақиради:

- Ойи,ойижон!!

Ярим тун! Бундай чинқириқ олдида ҳеч нарса монелик қила олмайди, уйғонасан! Қизингни бағрингга босганча, юпатиб ухлатасан.
-Қўрқма ,болам, мен ёнингдаман!
Нафаси нафасингга туташган нури дийданг яна хотиржам уйқуга кетади.
Сен эса унинг бошида узоқ ўтирасан. Бўлинган уйқунинг аччиғи ёмон, бўлиндими тамом, энди кўзга илиниши даргумон...
Онаийзор бедор тунларига ачинармиди! Дилбандининг тунлари осуда ўтса бас!
Ўғлинг велосипеддан йиқилиб, оёғи шилиниб, дод солади...
-Ойи, ойижон...
Болангнинг ноласидан ҳаллослаб кўчага югурасан. Уни ердан даст кўтарасан-да, елкангга опичлаб уйга олиб кирасан.Қонни кўриб йиғлаётган жигарбандинг ярасига малҳам қўйганча овутасан:
- Ўғил бола ҳам йиғлайдими? Кўз ёшларингни арт, биров кўриб қолмасин!
Ўғлинг қаддини ғоз тутади.Қаршисида турган муштипар онадан эр кишининг қандай бўлиши кераклиги ҳақида яна бир зарур сабоқни олади.
Болангнинг ортидан чопганингда, тандирда узилмай қолган нонларинг куйиб кетади.
Исроф бўлган масаллиққа ачинсанг-да, оғринмайсан. Яна эринмай хамир қорасан!
“Иссиқ нондан болаларимнинг насибаси узилмасин”,-дейсан!
Эй, бедорим, эй бардошлар ўргатувчи муаллимим, эй қўлидан насибалар тўккувчи собирам, саховатлим!Фарзандлар тинчлиги, тўқлиги,бағрибутунлиги учун яратилган азиз зот, уларнинг бахтига омон бўл!
Токи, ҳаёт оғриқлари сескантирганда, умр йўлларида қоқилиб-сурилганларида, иложсизлик исканжасида қолганларида сендай бир дардкаш излаб бўзлашмасин!!! “Мен ёнингдаман”деган бу дунёнинг энг буюк кучига суяниб, ўзларини ўнглашсин!

Қобулова Гулбаҳор

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+