"Ўзингдан чиққан бало"

30.03.2023 09:03:23

"Фалон корхона раҳбари фалон сўм пора билан қўлга тушди. Фалончиев фалончининг қинғир ишлари ошкор бўлди. Амалдор фуқародан фалон АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтда ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар асосида ҳибсга олинди".

Ижтимоий тармоқ тўла шу каби хабарлар. Бунга ўрганиб хам қолдик ҳисоб. Бир қарашда бу одатий кундалик хабарлар қатори навбатдаги янгиликдек туюлади. Бироқ "сиздан угина, биздан бугина" қабилида жонини ортиқча койитманг, ишини "хамирдан қил суғургандек" оппа-осон битиришга уринадиган айрим фуқаролар сабаб, порахўрлик, тамагирлик каби иллатлар олиб борилаётган муросасиз кураш ишлари кўламига қарамай тобора чуқурроқ илдиз отиб бормоқда.

Порахўр раҳбарларни давлатни ичидан емириб борувчи зараркунандаларга қиёслаш мумкин. Бироқ "Пулинг бўлса чангалда шўрва"қабилида ими-жимида иш битиришга одатланганлар камми. Ва холангки ҳеч бир раҳбар "порахўр" номини олишни мақсад қилиб ўтирмайди мансаб курсисига. Бироқ, "ўрганган кўнгил ўртанса қўймас"..ўргатадиганлар, "йўлини қиладиганлар", нозик жойини топиб "кўнгилдан чиқаргани"бериб кетадиганлар, иши битиб эшаги лойдан ўтгач "олмайдиган раҳбар йўқ, қандай беришни билмайдиган лақмалар бор"… дея одамлар орасида нотўғри қарашларни шакллантирадиган, дунёни ўз қаричи билан ўлчагани етмагандек, жамиятда порахўрлик каби чиркин иллат илдиз отишига замин ҳозирлайдиган ғаламислар хам кам эмас. Таълим, тиббиёт, касб-ҳунардан тортиб, ҳаттоки спорт турларигача бўлган тармоқларнинг ҳаммасида коррупция болалаб кетганидан нолиймиз. Бироқ, тегирмон навбати ўзимизга етиб келганида, "элга келган тўй" деймизу, "туя кўрдингми йўқ" қабилида ишимизни битиришга уринамиз.Гапнинг индаллосини айтганда, порахўрлар тегирмонига сув қўяётганлар, виждонсиз, инсофсиз амалдорлар нафсини ҳакалак оттираётганлар хам энг аввало ўзимиз эмасмизми. "Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога" деганлари шу эмасми?

Муносабатлар инсонни, дунёқарашлар асосида амалга оширилган ишлар эса жамият ҳаётини шакллантиради. Ҳушёр бўлайлик, сизу бизнинг дунёқарашимиз, тушунчаларимиз жамият ҳаётига, алалоқибат давлат тақдирига бевосита дахлдор эканлигини ёдда тутайлик. Зотан, қарс икки қўлдан чиққани каби, пора олиш учун узатилган қўллар қаршисида, беришга шайланган қўллар бўлиши кундек равшан эканлигини унутмасак бўлгани…

Гулбаҳор Қобулова.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+