Раҳмат сенга, коронавирус!.. (Охири)

03.05.2020 16:05:56

Мақолани олдинги сонини бу ерда ўқинг.

Вирус Уханга кириб келиши билан йўқ бўлиб қолган йигит дарддан тузалишим билан яна пайдо бўлдими? Бу қанақаси? Қайтиб қўнғироқ қилмайман. Уни аллақачон қалбимдан қўйиб юборганман. Қалбимда унга нисбатан нафрат бўлмагани қаторида муҳаббат ҳам йўқ. Тўғри, бир пайтлар уни севгандим, аммо кейин ҳаётни сева бошладим ва хозир ғалабадан сармастман. Фенгдж билан муносабатларни қайта бошлолмайман, хозир ақлим ҳам, кўнглим ҳам бошқа туйғулар билан банд. Биз ўшанда айрилдик, тамом, йўлимиз охиригача айро.

Фенгдж кетма кет қўнғироқ қилаверди, охири олишга мажбур бўлдим, балки узр сўрамоқчидир, «Кечирдим» деган гапимдан сўнг тинчиб кетар.

– Эшитаман!

– Ланфен! Ланфен, қизим!

– Ким?

– Мен, Фенгджнинг онасиман. Боя сени телевизорда кўрдим. Жуда чиройли гапирдинг, коронавирусни енгганинг билан табрикламоқчийдим.

– Ҳа, катта раҳмат! Ўзингиз яхшимисиз? Фенгдж қалай?

– Фенгдж йўқ, Ланфен...

– Яъни?

– Боламнинг умри қисқа экан...

– Вой, нега? Нима бўлди унга?

– Бизни ташлаб кетди...

– У ҳам коронавирусга чалинганмиди?

– Йўқ, ари чақиб олди. Аллергияси бор эди-ку, болагинам ари заҳрига дош беролмади.

Бу ҳаётни не деб атай? Нега кўз олдимда ўлимларни қаторлаштириб қўйди? Бунча кўп ажалга мени гувоҳ қилмоқда? Энди соғломлигимдан хушнуд бўлиб турганимда Фенгджнинг ўлимидан эсим оғай деди. Сен яшашинг керак эди, Фенгдж! Сен мендан анча аввал ҳаётни севишни билдинг, соғлиғинг қадрига етдинг, уни ҳимоя қилдинг, вирусни яқинингга йўлатмадинг. Сен хато қилмадинг, Фенгдж. Яна айтаман: сендан ҳафа эмасман!

Реабилитация муддати тугагач, уйга қайтдим. Жавонимда турган Феникс қушининг расмига қараб узоқ ўйга толдим. Фенгдж, Веики, Биюни эслаб, оғир хўрсиндим. Сўнг коронавирусга қарши жангда олд қаторларда туриб курашаётган Пейжи кўз олдимга келди. Уни эслашнинг ўзи кишини руҳлантиради, ҳаётга иштиёқини оширади.

Энди уйда ўтиролмайман. Мендек соғлом ва фаол инсон ҳаракатда бўлиши керак. Мамлакатдаги вазият анча енгиллашган: қурбонлар ва дардга чалинганлар камаймоқда, тузалаётганлар эса кўп! Аммо ҳамон Ухан ташқи дунёдан узиб қўйилган, бошқа шаҳарларга чиқиб бўлмайди. Амаллаб, анқонинг уруғига айланган таксиларга осилиб, Нанкинга етиб олдим. Йўл-йўлакай текширувчиларга шифохона хулосасини кўрсатдим. Бир парча қоғозга қараб, уларнинг ҳам чеҳраси ёришди. «Табриклайман, дардни енгибсиз!» дейишди.

Ота-онам мени кўриб бошлари кўкка етди. Аммо яна қайсарлик қилиб, улар билан ҳайрлашдим. Қўлимда – Биюнинг сўнгги санъат асари, иситма аралаш яратилган шоҳ асар. Уни Фенгджнинг онасига бериб қайтаман. Шунда кўнглим жойига тушади.

Сиан. Ўша уй, ўша деразани тақиллатдим.

– Ланфен! – аёл деразани очди.

– Ёпинг, ёпинг! – дедим мен – Хозир сизга қўнғироқ қиламан.

– Тинчмисан, қизим?

– Ҳа. Фенгджнинг омонати бор эди. Бу сизга ўғлингизни эслатиб туради. Мана, шу ерда қолдираман. Кетганимдан кейин ойнани очиб олволарсиз. Айтганча, асарнинг чалалигига аҳамият берманг, бу она ва бола ўртасидаги меҳр ришталари поён билмаслигини англатади.

– Раҳмат, Ланфен! Ўғлимни кўргандек бўлдим. У сени жуда севарди.

– Ўзингизни эхтиёт қилинг! Хайр!

Сиандан Нанкинга элтувчи поездга миндим. Руҳим енгил, кайфиятим яхши. Сумкамдан китоб чиқариб, саҳифаларига шўнғиб кетдим.

– Транспортда китоб ўқиш кўзга зарар.

Овозни эшитдим-у сапчиб тушдим. Йигит ҳам буни яққол сезди.

– Узр, шунчаки ҳазиллашгандим. Бунчалик чўчитиб юбораман, деб ўйламагандим.

– Ҳеч қиси йўқ.

– Асардаги воқеаларга қаттиқ киришиб кетгансиз чоғи?

– Ҳа.

– Нанкинликмисиз?

– Йўқ, қаерданлигимни айтмай қўяқолай. Қўрқиб кетасиз.

– Демак, Уханликсиз! – йигит қотиб-қотиб кулди.

– Боринг, поездни тўхтатиб, тушиб қолинг.

– Йўқ, олдингиздан қилт этмайман.

– Яқинда коронавирусни бошдан кечирдим. Эндиям поездни тўхтатмайсизми?

– Ниқобингиз бор экан-ку – у яна ҳаҳолаб кулди.

– Рост айтяпман, яқинда шифохонадан чиқдим. Кўнглингизга келса, бошқа ўриндиққа ўтинг.

– Шифохонадан қочиб чиқмагандирсиз ҳар ҳолда?

– Коронавирусни қочирдим.

– Боплабсиз! Шошманг, жонли эфирда чиққан қиз сизми? Машҳур бўлиб кетдингиз-ку, Ланфен!

– Исмимниям эслаб қолдингизми?

– Албатта! Танишиб қўяйлик, ҳеч ким танимайдиган Эйгуо!

– Танишганимдан хурсандман. Нанкинликмисиз?

– Йўқ, Сианликман. Нанкинга иш билан кетяпман.

Ҳамроҳимнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Гаплашиш учун ўрнидан туриб нари кетди. Менинг эса қорним очганди, ўзи охирги пайтлар иштаҳам карнай. Чўнтагимдан шоколад чиқардим, шеригим қайтгунча тез еб олишим керак, йўқса ҳижолат чекаман. Шу жойида ишкал чиқардим. Ниқобимни шошиб туширганимда боғлагичи узилиб кетди. Сумкамни титдим, бошқа ниқобим йўқ. Оббо, энди нима қилдим?

– Узр, Эйгуо! Ортиқ сизга суҳбатдош бўлолмайман. Орқага ўтаман.

– Нега?

– Ниқобим бойлагичи узилиб кетди. Эҳтиёт шарт хавфсизликни таъминлаганимиз маъқул.

– Йўқ, ўтиринг, суҳбатни давом эттирайлик. Гўзаллигингизни ортиқ ниқоблар остига яширманг.

Нанкингача бирга келдик. Энди ота-онам мени қўйворишмайди, бирор муддат шу ерда қоламан. Эйгуо бир неча марта бизникида меҳмон бўлди. Ҳар гал «Илтимос, ҳеч бўлмаса менинг олдимда ниқобсиз ўтиргин», дейди. Ўзи ҳам ниқоблар билан чиқишолмас экан. У билан яхши дўстлашиб олдик.

Тўрт кун Эйгуодан ҳеч қандай хабар бўлмади. На келади, на қўнғироқ қилади. Бешинчи куни учрашувга чақирди. Ноодатий тарзда юзида ниқоб бор эди.

– Эйгуо, тузукмисан, дўстим?

– Йўқ, касалман, Ланфен...

– Нима бўлди?

– Касалман, дедим-ку. Сени деб...

– Мени деб? Коронавирусми?

Эйгуо бошини қуйи солди. Мен бақириб йиғлаб юбордим. Нега ахир? Нега? Яна хато қилдим-а! Сабоқ чиқаролмадим, мана энди мени деб...

– Йўқ, Ланфен, бу бошқа касал.

– Бошқа? Нима экан?

– Ишқ дарди. Мени ишқ дардига йўлиқтирдинг, сени севаман, Ланфен!

Бу қилиғи учун Эйгуога дакки бердим. Уни Сианга жўнатган куним кўзимга уйқу инмади. Охирги пайтлар ҳаётимда бўлиб ўтган воқеалардан таъсирландим. Бир хулосага келдимки, бу касалга бежиз чалинмаганман, ортида катта ҳикмат яширин. Балки бу вирусни тақдир бир мен учун яратгандир. Чин ва соҳта муҳаббатни ажрата олишим учун, ҳаётда ўз ожизлигим ва кучимни кўзгуга солиш учун имтихондир буларнинг бари.

Энди бу дардга муносабатим тамоман ўзгарди. Аввалига мен мазаҳ қилган, сўнг нафратланган, кейинроқ қабул қилган, бир зум таслим бўлган ва ниҳоят мен енгган коронавирус, бугун сендан миннатдорман! Менга мактаб бўлдинг, ҳаётимни хатолардан асрадинг, сабримни юксалтирдинг, иродамни чахладинг. Раҳмат сенга, коронавирус!..

Тамом.

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+