Сиз кўчат экдингизми?

10.11.2021 11:11:53

Бугун юртдошларимизни яна бир хайрли ташаббус эзгу мақсад йўлида бирлаштирди. Яшил оламни сақлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шундан келиб чиқиб айни кунларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча кўчат экиш тадбирларида фаол иштирок этмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан йилига 200 миллион туп кўчат экиш режалаштирилиши ҳар бир фуқарони бу ҳаракатда қатнашишга чақирди. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Масъул ташкилотлар, корхона ва идоралар билан бирга кенг жамоатчилик биргаликда қадам ташлаши лозим.

Шундай бўлди ҳам. Қайси бир маҳаллага кириб борманг, кўчат экиш умумхалқ ҳашарига айланганини кўриб қувонасан киши.  Фуқаролар ўз яшаш ҳудудлари, туман ва шаҳар марказларига, иқлим шароитларидан келиб чиқиб, эман, япон сафораси, катальпа, шумтол, қайрағоч, павлония, заранг, акация, терак, чинор, тут, жийда, ёнғоқ ва бошқа мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экмоқда. Бу билан умуммиллий лойиҳа доирасида дарахт экиш, кўкаламзорлаш­тиришга қаратилган долзарб 40 кунлик ишларига ўз ҳиссасини қўшмоқдалар.

— Дарахт кўчатлари экиш, ободонлаштириш банкимиз жамоаси учун доимий ишга айланган, — дейди “Hamkorbank “ АТБ  фахрийлар кенгаши раиси Расулжон Мухторов, — Ўзбекистон бўйлаб давом этаётган акцияни  қўллаб-қувватлаймиз. Яшилликка нима етсин. Инсон саломатлигининг асоси ҳам табиат эмасми!?

— Очиғи, бу ҳаракат кўнглимиздаги иш бўлди. Тоза ҳавони, мусаффо табиатни ўзимиз яратамиз, — дейди партия фаоли, Андижон туманида яшовчи  меҳнат фахрийси Сайдулло Ортиқов. — Қишлоқ жойларнинг табиати ўзгача. Марказларни ҳам шундай ҳолга келтириш учун дарахтлар билан бойитиш керак. Томорқамизда 50 тупдан ортиқ манзарали кўчат етиштиргандим. Маҳалладошларимизга тортиқ қилдим. Кўчаларимиз обод бўлиши баробарида табиат янгиланади, тоза ҳаводан нафас оламиз.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бахт индексини белгилашда экологик омиллар етакчи ўрин тутади. Яшил олам қанчалик катта ҳудудни эгалласа, осмонимиз мусаффо бўлади. Шу сабаб биохилма-хилликни асраш, яшил оламни кенгайтириш  долзарб вазифага айланди. Сиз ҳам бу йўлда биргаликда қадам ташланг. Зеро, бугун экилган кўчатлар келажак сари қўйилган тамал тошидир.

Акбаржон НАЗАРОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+