Соғлом қизлар - соғлом авлод пойдевори

28.01.2022 15:01:26

Биз бугун ҳаёт ритми жадаллашиб бораётган жамиятда яшаётган эканмиз, инсонларнинг фикрлашлари, дунёқарашлари анча илгарилаб бораятганининг гувоҳи бўляпмиз. Бугун кичик ёшдаги боладан тортиб кекса авлод вакилларигача қўлларида уяли телефон ва албатта у телефон интернетга уланган. Болалигимизда эшитган, “Бешикдан қабргача илм изла” деган ҳикматли сўзлар  ҳам бироз замонавийлашгандек туюлиб, “юрган йўлингда маълумот ол” ибораси билан алмашгандек гуё... 

Бир томондан ҳурсанд бўламиз замон билан ҳамнафасмиз деб. Лекин, шу билан бирга, бизни бугунги кунда ўйлантирадиган масалалар ҳам кўпайиб бормоқда. Яқинда бир мутахассисдан эшитган хабарим мени ростакамига ўйлантириб қўйди. Айрим оилаларда “ўсмир қизимни тиббий текширувга ёки гениколог кўригига олиб борсам одамлар орасида нима деган гап бўлади, шарманда бўламан-ку” деган қарашлар ҳам мавжуд экан.

Тиббиёт соҳасидаги маълумотларга қараганда охирги 5 йилликда турмушга чиқмаган 20 ёшгача қизлар ўртасида бачадон саратони касаллиги авж олаяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё миқёсида ҳар йили 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, улардан 190 минги эса ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Бутун дунёда бўлгани каби, Республикамизда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёш қизлар ва аёллар ўртасида ҳам кенг тарқалгани ҳақидаги маълумотлар ўсиб бормоқда.

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидлашича, Ўзбекистондаги аёллар орасида саратоннинг бу тури тарқалиши бўйича иккинчи ўринда туриши ва у сабабли келиб чиқадиган ўлим ҳолатлари бўйича учинчи ўриндалигига қарамай, у ҳақидаги хабардорлик даражаси пастлигича қолмоқда, айниқса, қишлоқ аёллари орасида. Бу муаммоларни олдини олиш мақсадида ушбу соҳа мутахассислари томонидан ўқувчи ёшлар ўртасида тиббий кўриклар ўтказилиб, касалликни эрта босқичларида ташхисини қўйиш ва олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлсада, айрим ота-оналар ўсмир қизларини тиббий кўрикдан ўтказишга рози бўлмаётганлиги энг катта муаммо. Қизларимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, саломатлигига эътибор қаратиш ниҳоятда муҳим, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш бу орият, уят эмас. Турмуш қурмаган қизларнинг бу каби касаллар бўлиши сабаби бўлаётган интернетга киришини назоратга олиш ҳар бир ота-онанинг зиммасида эканлигини унутмайлик. Зеро, улар бўлғуси оналар, наслимизнинг, миллатимизнинг давомчилари ҳисобланади.  

                                                        Очилова Шахноза Мардиевна,

“Адолат” СДП Марказий аппарати бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+