ТИЛ-МИЛЛАТ ШАЪНИ

26.11.2021 14:11:43

Абдулла Авлонийнинг «Ҳифзи лисон» мақоласида мана шундай ўтли сўзлар қайд этилган:

«Миллий тилни йўқотмак — миллатнинг руҳини йўқотмакдир. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз...Ё-ҳу! Бизга на бўлди? Боболаримиз йўлидан чиқиб кетдук!»

Ўзбек азалдан болажон халқ. Ҳар биримиз фарзандларимизнинг буюк аждодларимиз сингари оламга машҳур инсонлар бўлиб етишмоғини чин юракдан истаймиз. Уларнинг ёрқин келажаги йўлида ҳар қандай мушкулотларга кўксимизни тутамиз. Бироқ бугунги кунда жондан азиз фарзандининг хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактабларда таҳсил олишини истаётганлар ҳам кам эмас экан. Оламшумул мақсадлар йўлидаги бу уринишлар балки маълум маънода ўзини оқлар, аммо ўз она тилини қойиллатиб ўрганмаган, таъбир жоиз бўлса, сўзларимиз сеҳрини ҳис қилмаган, ўзаро айтиб турган гапининг тенг ярмини эса бошқа тильдаги «олифта сўзлар» эгаллаган ёшларнинг ютуқлари бизнинг миллий равнақимизга улуш бўлиб қўшила олармикан?!

– Ёшлар орасида саводхонликнинг пасайиб бориши, шевага хос унсурлар кузатилаётганига нима дейсиз?

– Кейинги йилларда технологиялар жадаллашиб, «рақамлаштириш» жадал суръатда ривожланиши, иқтисодиёт, аниқ фанларга эътибор кучайгани сари имло саводхонлиги пасаймоқда. Бунга маълум маънода мактабларда она тили дарсларида ўқувчининг ёзма ва оғзаки нутқини ривожлантиришдан кўра тилшунослик қоидаларига кўпроқ ўрин берилганлиги ҳам сабаб бўлди. Мактаб дастурларида ўқувчининг келгуси фаолияти учун фойдали билимларни ўргатган маъқул. Масалан, имло қоидалари, нутқнинг гўзал ва таъсирчанлигини таъминловчи лексикологиядаги омоним, синоним, пароним каби тушунчалар моҳиятини сингдириш керак.

Қолаверса, бугун ёшларимиз барчаси лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида савод чиқарган. Ушбу ёзувга оммавий ўтилиши бир неча ўн йиллардан буён чўзилиб кетгани, ёшларнинг иш жараёнида кирилл алифбосида ёзишга мажбур бўлаётгани ҳам хатоликларни келтириб чиқармоқда. Яна бир ҳолат шуки, бугунги тезкор ахборот алмашинуви, ижтимоий тармоқларда фикрни тезроқ етказиш иштиёқи имло саводхонлигини иккинчи даражага тушириб қўймоқда. Ижтимоий тармоқлардаги ўзаро ёзишмаларни қўя турайлик, ҳатто расмий сайт ва каналларда ҳам ишоравий, ҳарфий ва услубий хатоларни жуда кўп кузатамиз. Ана шундай хатоликларни кўрган ёшлар эса буни тўғри, деб қабул қилиши мумкин.

Оддийгина мисол. Кўчада автомобилда ҳаракатланаётганда камар тақиш ёки оқ чизиқни босишдан, таъқиқланган тезликдан юқори ҳаракатланишдан қўрқамиз. Нега? Чунки йўл ҳаракати қоидаларида ҳар бир бузилган қоида учун келадиган жазони биламиз. Энди тил масаласида ҳам ана шундай қатъийликка ўтиш керак.

Демак тил миллатнинг руҳи, жони. Унинг бойлиги ва борлиғи. Шу нуқтаи назардан қараганда бугун эллик миллионга яқин аҳоли сўзлашадиган тилимиз осонгина йўқ бўлиб қолмайди. Бугун биз учинчи ренессансни барпо этиш остонасида турган эканмиз, давлатимизнинг иқтисодий қудрати ошиб боргани сари тилимиз мавқейи ҳам шу қадар аҳамият касб этиб бораверади. Ўз навбатида бугун она тилимизни компьютер лингвистикасига мақбуллаштириш борасидаги илмий ҳаракатлар ҳам унинг давомийлигини таъминлаш йўлидаги дадил қадамдир. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг сўнгги йилларда тил мавқейини ошириш, давлат тили устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлари ҳам мазкур фикрларни дадил айта олишга имкон беради.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор: «Жуда бой, чиройли тилимиз бор. Бу тильда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ!», - деган эди.

шундай тилни севмай бўлмас. Ўзбек тилини эъзозлаш, қадрини кўтариш ҳар биримизнинг виждон ишимиз. Она тилимиз гоҳ юксалди, гоҳ камситилди, нописанд қараганлар бўлди. Шукрки, бугунги ёруғ, мунаввар кунларга саломат етиб келди. Бугун шу гўзал тилимизнинг байрами. Тантана қилсак, ифтихор қилсак арзийди.

Президентимиз айтганидек «Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак».

Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Aбдулла Aвлоний ёзганидек: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».

Мадинахон Иброхимова Мухторовна

Тошкент шаҳар Кенгаши ОМҚП ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+