Ургутда органик чиқиндидан биогаз олинмоқда

19.05.2022 09:05:12

Бугун дунёда энергия ресурсларига талаб тобора ошмоқда.

Лекин табиий газ, кўмир ёки бошқа ресурслар беҳисоб эмас, чекланган. Шу сабабли муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Кўплаб давлатларда қуёш, шамол ва бошқа манбалардан энергия ишлаб чиқариш кенг оммалашган. Чиқиндидан биогаз олиш ҳам ана шундай замонавий технологиялардан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ҳозирда биогаз ишлаб чиқаришнинг 60 дан ортиқ тури мавжуд. Улар орасида кенг тарқалгани махсус ускуналарда органик моддаларни бижғитиш усулидир. Қишлоқ шароитида бу усул орқали кичик ҳажмдаги биогаз қурилмаларини ўрнатиш жуда қулай. 

Ургутлик тадбиркор Алижон Темиров ана шу талаб ва эҳтиёжни ўрганиб, биогаз қурилмалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.  
– Хитойда ҳар бир хонадонда биогаз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, – дейди “UZBIOGAZ” МЧЖ раҳбари Алижон Темиров. – Улар органик чиқиндилардан унумли фойдаланиб, аввало ўз эҳтиёжи учун биогаз ишлаб чиқаради, қолаверса бу ишни тадбиркорликка айлантирганлари ҳам бор. Ушбу давлатга бориб, бу тажрибани ўргандим, хитойлик мутахассислар билан гаплашдим ва кейин шундай қурилмаларни ўзимизда ишлаб чиқаришни бошладим. Ўзимиз синаб кўряпмиз, фойданса бўлар экан. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ургут туманида Уй шароитида фойдаланиш учун қуввати 15 м3 реакторга эга бўлган биогаз қурилмаларини ишлаб чиқиш тижоратлаштириш лойиҳасига вазирликдан “UZBIOGAZ” МЧЖ га 510 млн сўм маблағ ажратилди. Янги 5 та иш ўрни яратилди.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳар бир қорамол чиқиндисидан бир кунда 4,2 куб метргача биогаз олиш мумкин. 

Бошқача айтганда, битта қорамол чиқиндисидан олинадиган кунлик биогаз қарийб 10 килограмм ёғоч-ўтин ёки 5 килограмм кўмир энергиясига тўғри келади. Туманнинг Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Чингиз Баротов яқинда хонадонида кичик ҳажмдаги биогаз қурилмаси ўрнатган эди.

Ҳозирги кунда ушбу қурилма орқали ўнга яқин қорамол чиқиндисидан биогаз ишлаб чиқариб, ўз хонадонида фойдаланмоқда. Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги 150 ўринга мўлжалланган боғчага ҳам биогаз етказиб бермоқда.  

Ғ.ҲАСАНОВ,  ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+