Якшанба мутолааси: Беҳруз

24.11.2019 12:11:25

Сурайё узоқ йиллар бефарзандликдан қийналди. Аллоҳ қиз берганидан боши кўкка етган эди-ю, аммо барибир бахти бутун эмас экан. Кўп ўтмай турмуш ўртоғидан айрилди. Қизалоғи ўгай ота қўлида ўсишига кўзи қиймай, бошқа турмуш қилмади. Орзумани эътибор билан катта қилди. Уни олиб бормаган рассомчилик устахонаси-ю рақс тўгараги қолмади. Ҳам ақл, ҳам ҳуснда юксак қизини турмушга беришда кўп иккиланди. Совчиларни чертгандек танлар, кўнгли тўлавермасди. Қариндош-уруғларнинг “Қизингнинг ёшини ўтказиб қўйма”, дея куюнишларига қулоқ солмади.

Тешик мунчоқ ерда қолмайди, деганларидек, Орзуманинг ҳам бахти очилди. Рисоладагидек оилага келин бўлди. Ҳа, бошида ҳаммаси яхшидек кўринган эди. Лекин қизининг янги уйдан олган таассуротлари Сурайёга ёқмасди. Қизи билан аввалдан дугонадек эмасми, она-боланинг ўртасида гап ётмайди. Баъзан “Қуда қилишда адашибман”, деб аттанг қилади.

Невараси икки ёш бўлибди ҳамки, шу аҳвол. Орзума ҳаётидан рози эмас. Қайнотасининг майдагаплиги, қайнонасининг талабчанлиги, эрининг боқибеғамлиги, хатто ўғилчасининг тўпалончилигидан шикоят қилиб, онасига дардини тўкиб солади. Бир куни қизлик уйига меҳмон бўлиб эмас, тугун-терсагини кўтариб келиб қолди.

  • Нима, ажрашмоқчимисан? – сўради онаси.
  • Йўқ, тарбияламоқчиман. Кўрасиз, эртага ялиниб келишади.

Эрта, индин, ҳафта ва ойлар ўтди ҳамки, ҳеч ким эшик қоқмади.      Орзума қаттиқ ишонган эди. Ахир Беҳруз уйнинг эркатойи, уни қўлдан қўйишмасди-ку. Ҳеч бўлмаса бола учун келишса керак.

  • Қизим, юр, уйингга олиб бориб қўяй. Турмушинг бузилмасин.
  • Йўқ, ойи! Асло! Айбини тан олиб, кечирим сўрамагунича у ерга қадамимни босмайман!

Эр-хотиннинг ғурури бир-бириникидан қолишмас экан. Икки томоннинг қайсарлиги расмий ажрим билан якун топди. Шунда ҳам Сурайё умидини узмаган эди. Ўртада бола бор, ёшларнинг ақли кириб, яна топишиб кетишар, деб ўйлади. Лекин кўп ўтмай узун-қулоқ гаплардан куёвининг уйланганини эшитганида хафсаласи пир бўлди. Бу хабарни Орзума ҳам анчагача ҳазм қилолмади. Она доимгидек қизини юпатди: “Қўй, болам, йиғлама, ҳафа бўлма! Сенга ҳам аталган бахт бордир. Бундан яхшиси учрайди ҳали, мана кўрасан!”.

Орзума эри билан ажрашгач, бор муродини фарзандига қаратган, қайтиб турмуш қилишни ҳаёлига ҳам келтирмасди. Аммо эрининг “онаси ўпмаган қиз”га уйланиши юрагида интиқомни оловлантирди. “Сен топасан-у, мен қолиб кетармидим?!”, деб пичирлади ғазаб билан.

Хонадон эшигини совчилар қоқди. Бироқ улар Сурайёни ҳам, Орзумани ҳам фақат ранжитарди. Эндигина ўттизни қоралаган жувонга эллик-олтмиш яшар эркаклар оғиз солса-я! Она қизи тезроқ бахтли бўлишини чин дилдан истар, маҳзун чеҳрасида қуёш кўришни тиларди. Тўй-ҳашамларда аёллар орасига кирса, “Қизимни узатсам, неварамни ўзим билан олиб қоламан”, деб қистириб қўядиган бўлди. Зора бирорта маънили одам шу томонига қизиқса.

Навбатдаги совчи аввалгиларидан фарқ қиларди. Бадавлат хонадон, қайнона-қайнотадан бўлак рўзғор, йигит Орзумадан атиги икки ёш катта. Хотини яқинда вафот этиб, бир ўғил ва бир қиз билан бева қолган эркак. Балки шунисига розилик берган маъқулдир? Ҳар ҳолда отаси тенги одам эмас-ку.

- Болаларимни жонимдан ортиқ кўраман. Уларнинг кўнглини олган аёлгина меҳримни қозонолади – деб гап бошлади у учрашувда – Иккаласиям роса эрка. Лекин ақлли, дадасини жуда яхши кўради-да! Мени бир-биридан қизғанади, денг. Ўғлимни қучоқласам, қизим йиғлайди. Уни тиззамга ўтқизсам, ўғлим ҳафа бўлиб қолади.

Элдор исмли бу йигит нимага шаъма қилаётганини Орзума дарров англаб олди. Демак, ўғли Беҳрузни ўзи билан олиб кетиш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Онаси ҳам бу қарорни қўллаб-қувватлайди.

  • Нуқул “Биринчи невара – меники, ўзим боқаман”, дердим, фаришталар омин деган экан. Болангдан хавотир олма, Худога шукр, куч-қувватим бор, ҳали қариб-қартайиб қолганимча йўқ. Сендан яхши қарайман унга!
  • Ойи, шошманг, мен бир оғиз сўраб кўрай, балки Элдор акам ўғлимга оталик қилар.
  • Йўқ, йўқ, бундай дея кўрма. Биз куёвнинг ота-онаси билан бошидан шунга келишганмиз. Ўтган гал келганидаям “Ўша гап, а? Бола шу ерда қолади, а?” деб сўради. Мени субутсиз қилиб қўйма, жон қизим! Беҳруз катта бўлиб қолди, бувисининг айтганини қилиб ўтиради.

Тўй ўтди. Ойисига эргашган беш яшар Беҳрузни “Ойинг бир ҳафтадан кейин келади, сенга бир нималар олиб келади”, деб овутишди. Бир ҳафтага қолмай меҳмонга келган ойиси унга ука ва сингил олиб келган эди. Ҳайтовур, у болалар ҳали ғўр бўлгани учунми, Орзумага тез ўрганишди. “Ойи”, деб атрофидан кетишмади. Бундан Элдор хурсанд. Фақат яқинда эшитган хабаридан пешонасини тириштирди: “Ҳомиладорман, дегин? Чақалоқ билан ўралашиб, болаларга қаролмай қолмайсанми ишқилиб?”

Беҳруз ҳам онасисиз яшашга кўникиб қолди. Бувиси уничалғитиш учун истироҳат боғлари, театр, киноларга олиб боряпти, бозордан истаган нарсасини олиб беряпти. Орзума ҳам нуқул турли совғалар кўтариб келади.

Бир куни Сурайёнинг боши қаттиқ оғриди. Кўзлари юмилиб кетаверар, қадам босишга мажоли йўқ эди. “Яна қон босимим ошди шекилли”, деб дорисини ичиб олди. Қани энди оғриқ кетса! Ҳадемай кеч тушади, Беҳрузнинг оғзига иссиқ овқат тутиш керак. Оёққа туриш учун яна битта таблетка ичақолсин, шу билан қон босими тушар. Йўқ, Сурайёнинг кўз олди қоронғулашиб, хушини йўқотди. Беҳруз қўшниларни чақирди, “Тез ёрдам” билан шифохонага олиб кетишди. Эътиборсизлик қурсин, аслида унинг қон босими ошган эмас, тушган экан, шундан боши оғриган. Кетма кет ичилган дорилар қон босимини баттар тушириб, шу оддий сабаб баҳона бўлди-ю, аёлнинг ёш жони завол топди.

Жанозага тумонат одам йиғилди. Марҳуманинг ўғли бўлмаса-да тобутини кўтарадиганлар кўпайиб кетди. Бугун учинчи куни эканлигига қарамай келиб-кетувчиларнинг кети узилмаяпти. Улар ичида таниш ҳам, нотаниш ҳам бор. Юзига фотиҳа тортган бир киши диққатини Беҳруз тортди. У бошқа болаларнинг ўйинига қўшилмас, бошида дўппи, белида қийиқча билан катталар қаторида ўтирарди. Нигоҳи ҳам худди катталарникидек, кўзида мунг бор.

  • Бу болача ким? – Элдордан сўради у.
  • Билмадим...

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+