Якшанба мутолааси: Ошган ойлик

17.11.2019 15:11:12

“Камбағалнинг тўйгани – бой бўлгани”, дейишади. Хозир тўқчилик замонида яшаяпмиз, шундоғам камбағал ҳисобланмаган эркаклар маош олганда ҳар доимгидан ҳам бойиб кетишади. Ўзларини бойотадек хис қилишади. Бугун Ҳикматнинг ҳам оғзи қулоғида. Бу оддий ойлик эмас, ошган ойлик эди! Аввалига сира ишонмади. Пластикка пул тушгани ҳақида телефонига келган хабарни қайта-қайта ўқиди. Наҳотки?! Афсус, ишхонадан чиқиб кетгандан кейин ўқиб қолди-да, бўлмаса бошқаларники билан солиштирарди. Хайратининг боиси бор: ҳар ой пластик карточкага 1 миллион сўм тушарди, бугун 2 миллион сўм турибди-да. Балки хато ёзилгандир, деб, магазинга кириб текширитириб кўрди, ҳа, 2 миллион!

Ҳикмат икки қўлига юки сиғмай кириб келди. Бунақа пайт барча аёллар хурсанд бўлиб кетади-ю, лекин Ҳикматнинг аёли жаврашни бошлади:

- Қилиғингиз қурсин, ҳамма пулни ишлатиб келяпсизми? Тортга нима бор?! Бир блок “Кола”ни ким ичади? Вой, мана бу сарҳил меваларни! Дадаси, бу нима қилганингиз? Пластикка ҳали яна бир ойдан кейин пул тушса, сиз бўлсангиз тийинигача қоқиб-суқиб келибсиз-ку!

Аёллар бало! Бунақа пайтда манаман деган буғалтир уларнинг олдида ип ечолмайди. Мана, Мавлуда ҳам ҳали чекни кўриб ўтирмасдан, бозор халталарга назар солди-ю, неча пулли ҳаражат қилинганини дарров топди. Ҳикмат кайфияти яхши бўлгани боис хотинига эътироз билдирмай эшитди, сўнг сўз бошлади.

- Сен пулнинг ғамини ема, хотин! Бугун сенларга ойлигим ошганини нишонлаб бермоқчиман!

- Йўғ-ей, ошган ойликни дарров беришдими? Телевизорда эшитгандим, 15 фоизга ошибди, а?

- Қанақа 15 фоиз?! 50 фоиз, ўқимаган!

- Ҳар йили 15 фоиз қўшилади-ку. Уйда ўтиради, ҳеч нарсани билмайди, деб ўйламанг. Хозир, газетада ёзилганини кўрсатаман.

- Эй, газит-пазитингни йиғиштир, барибир омилигингга борасан-да. У ерда умумий ойлик ҳақида гапирилган. Бизнинг ишхонани биласан, оддий жой эмас. Фидокорона меҳнатларимиз ҳақи 50 фоиз оширворишган-да!

- Ё Худо, қудратингдан! Зўр бўпти-ку! Аниқми ўзи? Текширдингизми?

- Мана, хозиргина пластикка 2 миллион тушди. Ҳали яна шунча нақд пул оламан.

- Яхши, фақат пулим кўп экан, деб бекорга ишлатиб ташламанг. Якшанба куни тўйим бор, тоғора қилишим керак.

- Тавба, эркакларнинг тўйи умрида бир марта бўлса, аёлларники мингта-я! Тоғорага нима қилмоқчисан ўзи? Тила тилагингни!

- Сомса олмоқчийдим. Пластик ўтадиган жойга буюртма бериб келгандим.

- Сомса эмас, норин олиб бор. Қариндошларингга ўхшаб паст кетмагин, шопирнинг қизи!

- Оббо! Менга берадиган таърифларингиз дарров ўзгарди: “оми”, “ўқимаган”, “шопирнинг қизи”... Сизни кўриб, бир ривоят эсимга тушди. Подшоҳнинг сартароши бор экан. Ўнг чаккасидан соч олаётганда “Шоҳим, бошингизни бироз оғиштириб туринг, илтимос”, деса, чап томонига ўтиб соч калталатаётиб “Бошингни эг! Бўлмаса хозир соч эмас, каллангни суғуриб оламан”, деб дағдаға қиларкан. Шоҳ эса индамай кулиб ўтирармиш. Ҳолатдан ҳайрон вазирлар шоҳдан бунинг боисини сўрашибди. Шунда шоҳ “Сартарошнинг ўнг тарафи оддий тупроқли ер, чап тарафидаги ерга олтин кўмилган. Оёғи остига бойлик битса, одам шундай ўзгариб қолади”, деб жавоб берган экан.

- Уф, ўқитувчининг қизи дарс ўтишни бошлади! Бугун нима овқат ўзи, шундан гапир.

- Мастава қилгандим.

- Кунора мастава ичавериб, оғизнинг таноби қочди. Кетдик, кабоб ейишга борамиз.

  Ҳикматнинг ҳотамтойлиги тутди. Болаларга кийим-кечак, ўйинчоқлар олиб берди. Эртасига дам олиш куни баҳона маданий хордиқ чиқаришга таклиф қилди. Истироҳат боғи айланишди, кинога киришди. Аёлига “Бугун овқат қилма. Ресторанда овқатланамиз” деб суюнчи олди. Мавлуда аввалига хурсанд бўлганди, овқатланиб бўлгач, официант келтирган чекни кўриб, “Савил қолсин, икки кило гўштнинг пули кетибди, шунча гўшт солсам, ўзим бундан зўр овқат пиширардим” деб ачинди.  

  • Дадаси, пул керак эди. Шу десангиз...
  • Эртага нақд пул бераман. Пластик қуриди.
  • Йўғ-ей? Икки миллион уч кунда йўқ бўлдими?
  • Ҳеч қиси йўқ. Бугун қолганини беради. Анави беркитган пулингдан 3-4 сўм қарз бериб тур. Кассиримизга шоколад олиб борай.
  • Шоколадингиз нимасси? Кассирингиз чўнтагидан бераётганмиди?
  • Майли-да, илк ошган ойликдан суюнчи берай. Бор, бор, пулдан олиб чиқ.

  Ҳикмат ишга кетаётиб айтганидек шоколад олволди. Эрталабдан кассирнинг олдига тиржайиб кириб келди.

- Ҳилолахон! Жума куни пластикка пул ўтказибсиз, катта раҳмат!

- Ҳеч қиси йўқ. Доимий вазифам – деди кассир эътиборсиз.

- Пулларимиз кўпаяверсин, сиз ҳисоблаб чарчаманг. Мана буни олиб қўйинг, чой билан ичарсиз.

- Қўйсангиз-чи, кераги йўқ – деди яна у калькулятордан бош кўтармай.

- Маошимиз икки хисса ошганидан бошим кўкка етди. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак эди-да! Чумолидек меҳнат қиляпмиз ахир. Умумий ошган ойликка сиз хамиртуруш қўшиб янада ошириб-тошириб юборибсиз, баракака топинг! 

- Қанақа маош ошиш? Ҳали ошган ойликка ишхонанинг буйруғи чиққани йўқ. Кейинги ойдан оласиз.

- Вой, ҳар доим пластикка 1 миллион тушарди, 2 миллион ўтибди-ю.

- Ҳа-а-а, банк пул йўқ, деб сарсон қилаверганидан ойликнинг юз фоизини пластикка ўтказгандим.

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+