Якшанба мутолааси: Қотил сўз

03.11.2019 15:11:16

Шифохонада югур-югур бошланди. Бугун ер тескари айланяптими? Инфаркт ташхиси билан оғир аҳволда қабул қилинган тўртинчи бемор. Яна ҳаммаси – 17-18 ёшли йигит-қизлар. “Бугунги навбатчилигимизга қарғиш текканми?” деб бир-бирига қаради ҳамширалар. Профессорлар ҳам ҳайрон. Ана, эшик тагида яна бир тез тиббий ёрдам машинаси келиб тўхтади. Ҳечам бундай бўлмаганди. Тун ярмидан оғган, ёшларга шу тобда тўсатдан нима бўляпти?

  • Мен биламан! – санитар аёл дугоналарига шипшиди – Бу болалар базм қилиб, қаердадир ўтиришган. Хозир нима кўп, кафе кўп. Ҳаммасининг ҳам овқати яхши эмас. Бояқишлар заҳарланибди-да!
  • Йўқ! – доктор инкор қилди – Ҳаммасидаги муаммо юрак билан боғлиқ. Инфаркт, тахикардия, брадикардия... Бундан ташқари, қон босими ошганлар ҳам кўп...
  • Бу ёққа қаранг! – ҳамшира имлади – Менимча, бу бизнинг бемор эмас. Қабул бўлимидаги навбатчи шифокоримиз ҳам шу фикрда. Руҳий касалликлар шифохонасига жўнатсакмикин.

Йўлакда кўринишидан 15-16 ёшли қиз ўтирар, тепасида турган онаси йиғларди. Отаси ва опасининг кўриниши ҳам афтодаҳол.

  • Ўламан! Ҳозир ўламан! – дерди у тинмай.
  • Қизим ўқишдан келганида уйда эдим – онаси изоҳ берди - Унда ҳеч қандай ўзгариш сезмадим. Бирга овқатландик, телевизор кўрдик. Сўнг ҳайрли тун тилаб, ўз хонасига кириб кетди. Бир пайт чинқирган овоз эшитилди, югуриб бордим. Қизим ерда беҳуш ётарди.
  • Амаллаб ўзига келтириб олдик – дадаси давом этди – Аммо юраги тез урар, кўзи қинидан чиқиб кетай дерди. Кимнидир кутарди, кутганда ҳам қаттиқ қўрқув билан. “У хозир келади” деб қайта-қайта такрорлайверди, тишларигача титрайди гўё.
  • Ҳа, у хозир келади. Келаман, деган! – шу гапни дудуқланиб айтган қиз яна хушидан кетди.

Тиббий ходимлар ўзига келтиргач, тинчлантирувчи дори бериб, ухлатиб қўйишди.  

Навбатдаги бемор бехуш ҳолда қабул қилинди. Бу ҳам 18 ёшли йигитча. Шифокор унга қўлланиладиган биринчи ёрдамни тушунтиргач, милицияга сим қоқди.

Ходимлар суриштирувни бошлаб юборишди. Экспертизадан ташқари, коллеж маъмурияти, ўқитувчи, ота-оналар, ўқувчилар билан суҳбат ўтказилди. Таажжубланарли томони, оғир аҳволдаги беморларнинг барчаси айни коллежнинг учинчи босқич талабалари. Гуруҳи ҳам бир эканига нима дейсиз?

Гуруҳда 20 та талаба бўлса, 11 таси шу шифохонада, қолган 2 таси бошқа касалхонада экан. 7 таси ўз уйида экани аниқланди. Афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам соғ-омон эмас. 2 таси тўсатдан жон таслим қилган. Боя оғир аҳволда олиб келинган беморлардан бири ҳам жонлантириш бўлимида юраги тўхтади. Энди бу офатдан соғ қолган 5 та ўқувчига тўхталсак. Яхшиси, уларнинг бири – Даврон билан бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берамиз.

Йигитнинг мусиқа тинглаб ухлайдиган одати бор. Ўша куни ҳам мобиль телефонидан қўшиқ қўйди-ю, кўзларини юмди. Кўзи илинар-илинмас “тинг” этган товушчадан телефонига хабар келганини билди ва экранга қаради. “Азройил” деган ёзув турарди. Боланинг эс-хонаси чиқиб кетди. Нега Азройил унга “эс-эм-эс” ёзади?! Бу даҳшат-ку! Хабарни очишга юраги бетламай “Ойижон”, деб бақирди. Бир зумда оила аъзолари тепасига ёпирилиб келди. Давроннинг тили айланмай, телефонини уларга кўрсатди. Хабарни очган дадасининг ҳам ранги оқариб кетди. “Хозир жонингни олишга бораман”, деб ёзилганди унда. Онаси “Эй Худо!” деб уввос солиб йиғлаб юборди. Фақат акаси хотиржам эди.  “Шошманглар, хозир аниқлаштираман”, деди. Сўнг бу хозирда урф бўлган, мобиль алоқа компаниялари томонидан ўйлаб топилган ўзи номловчи хизмат эканини тушунтирди. Унга кўра телефон контактига сақланмаган рақамлар ҳам атоқли от билан келади, унга ҳамма истаганча ном бериши мумкин, кимга хабар жўнатса, ўша исм билан бораверади.

Гуруҳдаги 3 та ўқувчида қўл телефони йўқ эди. Шу боис улар бу можаро (фожеа)га рўбаро келмадилар. Аммо, яна бир ўқувчи – Дилшод-чи?

Дилшод – паст бўйли, рангпар бола, камҳарж оиланинг фарзанди, барча ўқувчилар каби ҳар йили попка ва форма алмаштиролмайди, кўпинча йиртиқ, кир кийимлар билан келади. Гуруҳдаги йигитлар қишда ҳам туфли кийишини мазаҳ қилсалар, қизлар нуқул сочи паталак бўлиб ўсиб ётишидан куладилар. “Сочингни ўриб ол, Дилшода”, дейишади. Дилшод – нафақат гуруҳ, балки бутун коллеж учун эрмак, ҳамма унга тегажоғлик қилади. У тутадиган - амакиси совға қилган қўл телефони ҳам курсдошлари учун бир мавзу. “Ибтидоий жамият телефони”, деб изза қилишади.

Кунларнинг бирида гуруҳдаги ўқувчилар бир кулгили режани пишитишди. Айтганча, Дилшоднинг ўқишдаги лақаби – “Қовун”. Ҳазил сценарийсида шуни инобатга олишди. Лазиз унга ўқитувчининг номидан “эс-эм-эс” ёзадиган бўлди. Аввал Дилшоднинг телефонига ўғринча қараб, куратор аёл рақамини нима деб сақлаганини билиб олди. Сўнг ўз рақамини янги хизматга созлаб, ўзи йўллайдиган хабарлар бошқалар телефонига “Феруза опа” тарзида борадиган қилиб қўйди. Эртасига эрталаб Дилшодга хабар ёзди: “Дарсга кечроқ келсанг ҳам майли, бозорчадан қовун олиб кел, бугун тушунтирадиган мавзуим учун керак эди. Илтимос!”.

Дилшод коллеж дарвозасига етганида хабарни олди ва ортга қайтиб, бозорча томон кетди. Бироздан кейин қўлида қовун билан эшикни тақиллатди. Синфда гур этиб кулги кўтарилди.

  • Бу нима юриш? Нега кеч қолдинг?
  • Устоз, ахир ўзингиз қовун сўрагандингиз-ку!
  • Қовун?

Ўқувчиларнинг кулгисидан деразалар силкиниб кетди. “Қовун калла ўзига ўхшаган қовун кўтариб келибди”, дея луқма ташлашди. Уларнинг режалари аъло даражада амалга ошган эди.

Дилшод буни пайқади. Шу пайтгача кулгига қолавериб, ўрганиб қолган эди, бироқ бу галгиси қаттиқ таъсир қилди. Дарс бўйи қандай қилиб жавоб қайтариш, ўч олиш ҳақида ўйлади. Бутун гуруҳга кучи етмаслиги аниқ, устига устак ҳаммаси барзанги, ўзига иккита ҳам эса, учта келадиган болалар.

Кечга яқин Дилшоднинг миясига “ажойиб” фикр келди. Бу қасос учун энг осон йўл эди. Ўз рақамига “Азройил” деб ном берди ва курсдошларининг барчасига “Хозир жонингни олишга бораман” матни билан хабар жўнатиб чиқди.

Оқибатни эса кўриб турибсиз: 3 нафар бола ҳалок бўлди, 4 таси инфарктни бошдан кечирди, қолганлари оғир даражадаги руҳий жароҳат орттирди, Дилшод эса суднинг қора курсисида...

ДУРДОНА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+