Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида камарбаста бўламиз

09.11.2021 11:11:37

    Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча сохалардаги ўзгариш ва ислоҳотлар ягона максадга – Ўзбекистон халки, айниқса ёшларимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини изчил ошириб бориш, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзининг интеллектуал, касб ва маънавий салоҳиятини амалга ошириши учун зарур имкониятлар яратиб беришни кўзлаб  амалга оширилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

    Мана шундай юксак инсоний, халқчил ғояларни ўзида мужассам этган мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» бугун барча юртдошларимиз томонидан катта қизиқиш ва хурсандчилик билан қарши олинмоқда.

    Шахсан ўзим мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида кечаётган ислоҳотлар иштирокчиси, маънавият тарғиботчиси ва ижодкор сифатида, бизнинг яқин истиқболимиз йўлчи юлдузи, аниқ мақсадларга асосланган ушбу ҳужжатни қайта-қайта ўқияпман.

    Сабаби эл-юрт орасида юриб, унинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилишдек, ўта масъулиятли вазифани буйнимга олган, партия ходими, маърифат тарғиботчилардан бириман.

    Яқин 4-5 йил ишида тўпланган тажрибалар, юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг тилак-истаги, “Инсон қадри учун” деган улуғ устувор ғоя барча ислоҳотларнинг бош мезони сифатида эътироф этилган, ушбу дастуриламал ҳужжат - бизнинг бахтли –саодатли, тинч ва фаровон, дўстлик ва биродарликга асосланган ҳаётимиз ёғдуси ҳисобланади.

    Энг асосийси, ушбу ҳужжат сайлов жараёнида умумхалқ муҳокамасидан ўтди, халқимиз қўллаб-қувватлади, ундаги ҳар бир вазифани биргаликда амалга оширишга бел боғлади.

    Эзгу ниятлар билан еттида йўналишда белгилаб олиган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ҳар бир йўналишида “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил ўз аксини топган.

    Эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизни янги поғонага кўтариш, юрт тақдирини ўз тақдири билан боғлай олган раҳбарлар, турли соҳа мутасаддиларидан изланиш ва ташаббускорликни талаб қилади.

    Адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали, халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлаш амалга ошираётган ислоҳотларимиз ва ҳаётимизнинг муҳим шарти эканлигини, бугун даврнинг даврнинг ўзи тақоза этмоқда.

    Жамият тараққиётига тўсиқ ҳисобланган, коррупция деб номланган жирканч иллатга, тиш-тирноғимиз билан барчамиз қарши туриб ҳаракат қилсак, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга эриша оламиз.

    Миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш масаласи, бугун мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бирига айланган.

    Халқ манфаати йўлида, ўз оиласи ва маҳалласи ободлиги учун, куну-тун изланишлар олиб бораётган тадбиркорларимиз билан, класстерларимиз, фермер-деҳқонларимиз, ўз олдиларига юксак маррани олиб, унга эришиш йўлида илмга таянган ҳолда ҳаракат қилса, албатта, барча ниятларимизга эришамиз.

   Барча соҳаларда илм бизга маёқ вазифасини ўташи даркор.

   Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласи, янги тараққиёт йўлимизни белгиловчи муҳим омиллардан ҳисобланади.

    Мана шунинг учун ҳам соғлом ва баркамол, илмли авлодни тарбиялаш, уларга боғчадан, мактаб остонасидан эътиборни кучайтириш, давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.

    Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, Янги Ўзбекистонимизнинг янги истиқболли кадрларини етказиб берувчи-муқаддас даргоҳлардир.

    Мана шу юксак вазифани сидқидилдан бажарадиган икки соҳа вакилларига, яъни, ўқитувчи ва шифокорларга,  биз сўз этаётган муҳим ҳужжатда ўз аксини топган эътибор ва ғамқўрлиқ ниҳоятда  салмоқли.

      2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилиши, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланаётгани сўзимиз исботидир.

      “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепциясини амалга ошириш орқали, юртимизда илм-маърифат, адабиёт ва маданиятга эътиборни кучайтириш - жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топишига хизмат қилади.

      Тарихий илдизларимиз теран, боболаримиз яратган илм-фан ютуқлари, жаҳонда илм-маърифатнинг уйғонишига хизмат қилганлигини, бутун дунё тан олади.

    Демак, кўп минг йиллик қадриятларимиз асосида, юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакиллари билан ақл, иноқ яшаб, фарзандларимизга таълим ва тарбия бериш – ёрқин истиқболимиз ўзагидир.

     Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидларга теран ақл-идрок, янги иннвацион технологиялар, тиббий, ҳуқуқий, диний маданиятларни чуқур ўзлаштирган ҳолда, кескин қарши курашиш – ҳар биримизга ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслик, одам муаммоси-олам муаммоси деган тамойил асосида иш юритишга ундайди.

    Юртимизда бебаҳо бойлигимиз саналган тинчлик-тотувликни таъминлаш, тинчликга қалқон бўлиб, мардлик кўрсатаётган ҳарбийларимиз ва уларнинг оила аъзоларини эъзозлаш, дунё эллари билан очиқ дўстона сиёсат олиб бориш янги тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ғояларидан бири.

      Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, бор билим ва тажрибамиз, яратган ато этган истеъдодимиз, ғайрат ва шижоатимиз, қайноқ қалбимиз билан Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида барчамиз камарбаста бўлишимиз керак.

 Рауаж Отарбаев –«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, шоир

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+