26 май. ПРЕСС РЕЛИЗ

26.05.2020 15:05:21

Жорий йилнинг 26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ва 2020 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.

Ҳисоботда қайд этилганидек, 2019 йилда Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан олиб борилган ислоҳотлар натижасида ўтган даврда иқтисодиётни барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.

Натижада, 2019 йил якунига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий нархларда 511,8 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, 2018 йилга нисбатан 5,6 % га ўсган, аҳоли умумий даромадлари 2018 йилга нисбатан 106,5 фоиз реал ўсишга эришилган.

Фракция аъзолари Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганини эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар. Таъкидланганидек, 2019 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети умумий харажатларнинг 53,9 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.

Шунингдек, 2019 йилда 1,6 трлн. сўм миқдоридаги маблағ 992 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун тадбиркорларга имтиёзли
1 фоизли кредитлар учун ажратилгани ижобий баҳоланди. Лекин, ушбу масалада тадбиркорлар кредит олишида муаммоларга дуч  келаётгани кўпгина эътирозларга сабаб бўлмоқда. Депутатлар шу кредитлар берилиш ҳолати бўйича вилоятлар кесимида аниқ мониторинг ўтказиш масаласига тўхталишди.

Муҳокамалар жараёнида “Адолат” СДП Сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш сохасини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди. Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига 2019 йилда Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 14,9 трлн. сўмни ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 23,6 фоизини ташкил этди.

Фракция депутатлари ушбу соҳага бўлган эътибор йилдан-йилга ошиб бораётгани ва ажратилган маблағлар ўз вақтида самарали сарфланишига эришилганини эътироф этишди ва айрим масалаларда таклифларини билдиришди. Хусусан, аҳолига ихтисослаштирилган нефрологик ва гемодиализ тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури бўйича жами 84,6 млрд. сўм мабағ ажратилган эди. Лекин, нефрологик ва гемодиализ ва онкологик ёрдам кўрсатилишига муҳтож аҳолининг бугунги кундаги сонидан келиб чиқиб, ажратилаётган маблағларни қайта кўриб чиқиш масаласи, айниқса ижтимоий ҳимояга мухтожларга бу йўналишлардаги кўрсатиладиган тиббий ёрдам ва хизматни янада яхшилаш юзасидан таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, фукароларнинг ягона электрон тиббий картасини яратиш, ”Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ишларини якунунига етказиш лозимлиги ҳам таъкидланди.

Йиғилишда депутатлар томонидан корхоналар учун муҳим бўлган молиявий ресурслар солиқ органлари томонидан келаси давр учун солиқ ва мажбурий тўловлар сифатида олиб қўйилаётгани танқидий баҳоланди.

Жумладан, тақдим этилган маълумотларга кўра 2020 йил 1 январь ҳолатига ортиқча тўловлар 167,7 млрд сўмни ташкил қилмоқда. Солиқ органлари тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи органга айланиши зарур бўлган бир даврда эскича ишлаш қачонгача давом этиши ва Қўмита томонидан бундай ҳолатларни бартараф этиш масалалари бахсга сабаб бўлди.

Шунингдек, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси ҳам депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

Ҳисоботни кўриб чиқишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси 2020 йил 1 чорак давомида Республика бюджетидан 61,9 млрд. сўм маблағ ажратилганлиги ва ушбу маблағларнинг фақат 86% харажат қилингани депутатлар эътирозига сабаб бўлди. Жамғарма нима сабабдан ажратилган маблағларни тўлиқ ўзлаштирмагани, пандемия шароитида норасмий секторда банд бўлган аҳоли ишсиз қолиши натижасида келиб чиқаётган муаммоларни ҳал қилишда вазирлик жамғарма фаолиятини қайта кўриб чиқиши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда Халқ таълими вазирлиги тизимида 2018-2019 йилларда бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда 2020 йилги харажатларни мақбуллаштириш имкониятларини аниқлаш бўйича Ҳисоб палатасининг ўтказилган ўрганиш якунига кўра камомад, ноконуний ўзлаштириш, ортиқча тўлов, асоссиз ва мақсадсиз сарфланган жами 192,2 млрд. сўмлик харажатлар аниқлангани эътирозга сабаб бўлди. Бугунги кунда, минглаб мактабларда зарур анжомлар, лабаротория жиҳозлари ва комьпютерлар етишмаётган бир пайтда бу каби камчиликларни олдини олишга каратилган профилактика ишлари вазирлик томонидан етарли йўл қўйилмаганлиги қайд этилди.

Фракция йиғилишида шунингдек, Қонунчилик палатаси фаолиятида қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиётини йўлга қўйиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунига кўра халқаро ҳамжамият билан муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий пойдеворини яратишга, шартнома ва битимларни тузиш ва бажариш процедураларини белгилаш орқали давлат миллий манфаатларни самарали илгари суриш ва ҳимоя қилишга қаратилган.

Шу мақсадда Қонунчилик палатасининг фаолияти самарадорлигини ошириш, қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга ва Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиётини жорий этишда қатор тавсиялар илгари сурилмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳаси сифати ва унинг долзарблигини ошириш мақсадида унда ва унинг тушунтириш хатида халқаро стандартлар ва нормалар, халқаро шартномалар талаблари ижросини таъминлашга оид ахборот ҳамда нормалар киритилиши амалиётини жорий қилиш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга қонун лойиҳаларининг Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш, фракциялар, қўмиталар ва комиссиялар фаолиятида рейтинг тузувчи халқаро ташкилотлар ва илмий марказлар тавсияларини муҳокама қилиш ҳамда мазкур тавсия ва таклифларга ўз муносабатларини билдириб боришни тизимли равишда йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари ушбу амалиётни мақулладилар. Фракция йиғилиши якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+