Абдукамол Рахмонов: "Партия номзодини қўллаб-қувватловчилар имзоларини тўплашга киришамиз"

14.08.2021 20:08:17

Мана бугун сайловга кириб бориш жараёни яна бир қадам олдинга силжиди. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 63-моддаси талабларига мувофиқ сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сайловга камида етмиш кун қолганига қадар Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза; сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг маълумотномаси; Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотларни топшириши керак эди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан бу ҳужжатлар белгиланган муддатларда топширилди. Бугун Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисидаги масалани ўз йиғилишида кўриб чиқди ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда қатнашиш учун рухсат берилди.

Эндиги вазифамиз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда номзод кўрсатиш. Биз мана бугун имзо варақалар бланкасини олдик, умумий сайловчиларнинг бир фоизидан кам бўлмаган миқдорда номзодни қўллаб-қувватловчилар имзоларини тўплашга киришамиз. Бу жараённи муваффақиятли амалга оширганимиздан сўнг, Марказий сайлов комиссиясига Сиёсий партия раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига ёзган аризаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатилганлиги тўғрисида Қурултой баённомаси, Қурултойнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори; Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзодини овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси ҳамда тўлдирилган имзо варақалари тақдим этилади.

Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларни қонуний деб топган ҳолатда, кўрсатган номзодимиз рўйхатга олинади ва бу ҳақда ОАВ эълон қилинади. Ўша кундан эътиборан сайловга бир кун қолгунга қадар тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширамиз.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+