Адолат байроғи баланд кўтарилса...

07.01.2020 15:01:25

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган байрам тантанасидаги маърузасини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Унда илгари сурилган ғоялар, Ўзбекистонни эртанги куни ва ривожланиш йўлига қаратилган вазифалар, бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар биримизни фаолликка, фуқаролик масъулиятини чуқур хис этишга чақиради. Айниқса, қонун устуворлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови жамиятда Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан  боғлиқлиги алоҳида таъкидландики, бу фуқароларни ўз ҳуқуқларини билиш  билан бир вақтда масъулиятини ҳам оширади.

  Қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан  самарали восита йўқ. Жамоатчилик назоратини кўпчилигимиз давлат идоралари фаолияти устидан назорат деб тушунамиз. Афсуски, бу билан чекланиш нотўғри. У жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан бири.

Тўғри, кейинги вақтда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти сезиларли даражада ошди, қонунларга бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Хатто, раҳбарларнинг фаолиятини ҳам баҳолаб, ўз фикрини билдирмоқдалар. Бироқ Юртбошимиз эътироф этганларидек, айрим фуқароларимиз бошқарув идораларидан масъулият талаб қилишни яхши билади-ю, лекин ўзининг жамият олдидаги, қонун олдидаги масъулияти ва мажбуриятини унутиб қўяди. Шу сабаб ҳар бир фуқаро қонунларимизни яхши билиши, ўрганиб бориши зарур. Ўз ҳуқуқини билган одам қонунбузилишнинг ҳам олдини  олади. 

Маърузада биз қанчалик мукаммал қонунлар яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади, дея кўрсатиб ўтилди. Айни шу мақсадда фуқаролар орасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш олдимизда турган долзарб вазифалардан. Ҳар қандай қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ўз вақтида жамоатчиликка етказилиши, келажагимиз эгаларига мактаб ёшидан Конституция ва қонунларни ўргатиб бориш ўз самарасини беради.

Шу ўринда яна бир масала: фуқароларнинг Конституциямиз ва қонунларимиз ижросига бўлган ишончи – уларнинг эртанги кунга бўлган ишончидир. Давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига қарши кескин кураш олиб бориш лозим. Энг асосийси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш, хусусан, ички ишлар, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилиниши устидан кучли жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Кейинги вақтда адолатли жамият, адолатли бошқарув сўзларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу сўзларнинг инъикосини ҳақиқий ҳаётга тарғиб этиш ғояси илгари сурилмоқда. Адолатли жамият қачон барпо бўлади? Қачонки, инсонларнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалий ҳаётда тўлиқ акс этганида. Коррупциясиз ҳаёт, барқарор иқтисодиёт таъминланиб, адолат байроғи баланд кўтарилганида жамиятда шаффофлик, очиқлик ва мутаносиблик ҳукм суради. Бунга эришиш йўлида барчамиз бир куч бўлиб  курашмоғмиз керак.

Давлатимиз раҳбари  айтганларидек, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун биз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайтиришимиз зарур. Бу эса пировард натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради.        

                                                 Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

                                      Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

                                                                вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+