Амалий ишлари билан танилаётган номзод

12.12.2019 11:12:25

Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодлар сайлов округларида аҳоли билан мулоқотлар ташкил этиб, ўз сайловолди дастурларини таништириб бормоқдалар. 

Куни кеча 98-“Янгийўл” сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоди кўрсатилган Дилрабо Халбаева Янгийўл тумани “Нуробод” МФЙда бўлиб, у ерда сайловчилар билан учрашди. Айтиш керакки, Дилрабо Халбаева бугунги кунда “Инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш” ННТ раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Номзодимиз ўз иш фаолияти давомида аҳолидан келиб тушаётган юзлаб мурожаатларини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида катта тажрибага эга мутахассисдир.

 “Нуробод” МФЙда бўлиб ўтган юзма-юз суҳбатлар давомида ҳудуд аҳолисининг мурожаатлари ўрганилди. Хусусан, ушбу маҳалла ички йўлларида  бундан 60 йил аввал ўрнатилган эски симёғочлар ҳозирда яроқсиз ҳолатга келгани сабабли оқибатда ҳудуд электр таъминотида жиддий узилишлар юзага келиб, маҳалла фуқароларига қатор қийинчилик ва муаммолар туғдираётгани аниқланди.  

Мазкур муаммо юзасидан номзодимиз, Ўзбекистон Инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш” ННТ раиси Д.Халбаева ўз ваколати доирасида туман ва вилоят Электр таъминоти корхонаси раҳбариятига мурожаат билан чиқди. Қисқа фурсат ичида олиб борилган тезкор амалий ҳаракатлар натижасида “Нуробод” маҳалласи ҳудуди электр таъминоти билан тўла таъминланди, кўчалар четига янги симёғочлар ўрнатилди.

-Одамлар муаммосини ўрганиш, уларга ечим топиш, халқни рози қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, - деди “Нуробод” МФЙ раиси Юнусали Тўрақулов. - Зотан, ҳар бир мурожаат ўзаро мулоқотга, мулоқот эса қизғин муҳокамага йўл очади.  Бу билан жамиятимизда адолат барқарорлиги таъминланади, адолат бор жойда эса шикоятга ўрин қолмайди. Шуни ишонч билан айта оламанки, мамлакатимиздаги барча сиёсий партиялар ичида “Адолат” партиясидан кўрсатилган номзодлар ҳақиқатдан ҳам ўз лавозимига муносиб, чинакам ҳалқчил, фаол ва ташаббускор, элсевар, миллатпарвар бўлажак депутатлар сифатида бугунданоқ аҳоли орасида танилиб бормоқда. Шубҳасиз, сайловларда биз “Адолат”га овоз берамиз!

-Олдимизда жиддий синов турибди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Дилрабо Халбаева. - Бўлиб ўтадиган сайловлар эртанги кунимизни,  нурли келажагимизни белгилаб берар экан, бу жараёнга пухта ҳозирлик кўрган ҳолда, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлашимиз керак. Биз депутатликка номзод этиб танланган эканмиз, сайловларда фуқароларимизнинг кўпчилик овозига эга бўлсак, келгуси беш йиллик фаолиятимиз давомида юрт фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилишимиз, ҳалқ ва ҳукумат ўртасида ҳақиқий кўприк бўлишимиз керак.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+