Навбатдаги тарғибот манзили - Нурафшон

19.12.2019 14:12:56

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент  вилояти  Кенгаши ташаббуси  билан Нурафшон  шаҳри “Ўзбегим” тўйхонасида  “Адолат ҳар бир инсон учун!”  шиори  остида тадбир ташкил  этилди.

Мазкур маданий-кўнгилочар тадбирни ўтказишдан мақсад яқинлашиб келаётган сайловларда партия фаоллари, номзодлар ва сайловчиларга кўтаринки кайфият улашишдан иборатдир.

Тадбир аввалида сўзга чиққан “Адолат" СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров партиянинг амалий ишлари, эришаётган натижалари,  депутатликка  номзодларнинг илгари сураётган ташаббуслари ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш бугунги давр талаби экани ва шу боис, барчани мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларнинг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускори бўлишга чорлади.

Дилрабо Халбоева, Олий Мажлис депутатлигига номзод:

-Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга саноқли кунлар қолди. Халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш учун  давлатимиз томонидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

Барча соҳаларни модернизациялаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги қиёфаси яратилмоқда.  Бугунги кун депутати жамиятдаги муаммоларини ҳал этишда, фаровон ҳаёт қуришда ҳокимият ва халқ ўртасидаги хақиқий кўприк вазифасини ўташи керак. Юртдошларимиз Ватанимиз тақдири, буюк келажагини яратишда юксак аҳамиятга эга ушбу муҳим сиёсий жараёнга алоҳида масъулият билан ёндашиб, сайловларда бизнинг партия номзодларига овоз беришларига ишонаман.

Жамшид Саипов, Олий Мажлис депутатлигига номзод:

-Айтиш керакки, фуқароларимизнинг сиёсий онги, маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга монанд ўсиб бораётгани жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик  таъминланаётганидан далолатдир. Бугунги мулоқот давомида  туман аҳолиси, айниқса  ёшлар ҳаётига доир муҳим масалалар, улғайиб келаётган ёш авлоднинг сифатли таълим олиши ва иш билан таъминланиши ҳамда улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш каби долзарб  вазифалар диққат марказида бўлди. Бўлиб ўтадиган сайловлар эртанги  кунимизни,  порлоқ  келажагимизни белгилаб берар экан, бу жараёнга пухта ҳозирлик кўрган ҳолда, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлашимиз керак. Биз депутатликка номзод этиб танланган эканмиз, сайловларда фуқароларимизнинг кўпчилик овозига эга бўлсак, келгуси беш йиллик фаолиятимиз давомида юрт фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилишимиз керак.

Сайловолди ташвиқоти доирасида ташкил этилаётган ҳар бир учрашув ва қизғин мулоқотлар давомида депутатликка номзодларимиз ўзларининг беш йилга мўлжалланган дастурларидан ўрин олган  муҳим ва асосий йўналишларни аҳолига таништириш баробарида, улар бўйича  сайловчиларнинг муносабати ва фикрларини ўрганиб бораётганликлари ҳам аҳамиятлидир.

Тадбир қатнашчилари  бу йилги сайловларнинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамияти, партиямизнинг ушбу ғоят муҳим жараёнга юксак ғоя ва мақсадлар билан бораётгани, электоратнинг фаоллигини ошириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларда сиёсий етакчилик фазилатларини шакллантириш, партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш ҳақида фикр юритдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Тошкент вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+