Номзодларнинг сайловолди дастурлари қўллаб-қувватланди

15.12.2023 12:12:49

Депутатлар халқ ноиблари сифатида сайловчи билан давлат ўртасидаги кўприк ҳисобланиб, сайловчиларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакат тараққиётини юқори поғоналарга кўтариш каби долзарб масалаларда ўрни ва аҳамияти муҳим аҳамиятга эга.
Депутатликка муносиб номзодларни кўрсатиш эса, сиёсий партияларнинг олдида турган энг устувор ва асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Куни кеча Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутатлигига бўшаб қолган бўш ўринларга партиядан кўрсатилган номзодларнинг сайловчилари билан учрашувлари бўлиб ўтди.


Хусусан, Урганч шаҳар 5-сон ўрта умумтаълим мактабида бўшаб қолган 21-“Навбаҳор” сайлов округидан Дано Олимованинг, “Ашхабод” маҳалласида 12- “Янги обод” сайлов округидан Зулхумор Матяқубова ҳамда “Оби ҳаёт” маҳалласида 11- “Абдулла Қодирий” сайлов округидан Сардор Жуманиёзовларнинг сайловчилари билан учрашувлари савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалар, мурожаатлар асосида қизғин кечди.
Учрашувлар давомида номзодларнинг ишончли вакиллари номзодларнинг таржимаи ҳоли билан сайловчиларни таништирди ва намунавий ҳаёт ва фаолиятини бир қатор ҳаётий мисоллар билан эътироф этди.
Номзодлар тегишли ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган сайловолди дастурлари билан сайловчиларни яқиндан таништирар экан, сайловда ғолиб бўлсалар, депутатлик ваколатларидан фойдаланган ҳолда, қонунчилик доирасида сайловчиларни қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиб, улар билан доим елкама-елка туришини билдиришди.
Учрашув давомида сайловчилар томонидан бир қатор муаммолар кўтарилди. Жумладан, маҳаллалардаги айрим ички йўлларнинг ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, тунги чироқларнинг йўқлиги ва бошқа ечимини кутаётган масалалар тўғрисида баён қилишди.
Азамат Бобожанов, сайловчи:
– Номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсадлари бизга жуда маъқул бўлди. Айниқса, унинг биз билан самимий мулоқотидан сўнг, номзодга бўлган ишончимиз ва меҳримиз янада ошди. Номзод баландпарвоз ваъдаларни бермади, аммо инсон қадрини улуғлашда катта тажрибага эга эканига суҳбат давомида ишонч ҳосил қилдик. Шахсан ўзим ҳеч иккиланмай, номзод - Дано Олимовага овоз бераман.
Шунингдек, қолган номзодларимиз учрашувларида ҳам сайловчилар томонидан номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳалқчил ва ҳаётийлиги билан эътиборни тортгани тўғрисида сўз юритишди.


Савол-жавоб, фикр ва мулоҳазалар қизғин тус олган учрашув сўнгида сайловчилар номзодларга юксак ишонч билдиришди ва омад тилашди.

Замира АБДУЛЛАЕВА, “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+