Сайловчи номзодга ички йўллардан шикоят қилди

16.12.2019 11:12:55

57-Суғдиёна сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилиги палатаси депутатлигига номзод Елина Александровна, Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлигига номзод Дилрабо Сайдуллаева ҳамда шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод Дилрух Юсуповлар Хишрав қўрғонидаги аҳоли билан учрашди.

“Ёшлик”, “Чилқудуқ”, “Наврўз” маҳалла фуқаролари билан бўлиб ўтган учрашувлар қизғин ва самимий мулоқотлар тарзида ўтди. Тадбир қатнашчиларининг саволларига “Адолат” СДПнинг мамлакатимиздаги ислоҳотларда бевосита иштирокидан келиб чиққан ҳолда жавоб қайтарилаётгани, муаммоларни ҳал этиш аниқ таҳлил ва хулосаларга таяниб фикр юритилаётгани боис ўртага ташланаётган масалалар кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлди.

Учрашувда ишончли вакиллар томонидан номзодларнинг таржимаи ҳоли, уларнинг сиёсий раҳбарга хос етук фазилатлари билан сайловчилар таништириб ўтилди. Шунингдек, номзодларнинг дастурида илгари сурилаётган ғоя ва мақсадлари жамиятдаги ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг манфаатларига нечоғлик мос келиши ҳақида сўз юритилди.

Самарқанд шаҳрининг чекка ҳудудларидан бири бўлган Ҳишрав қўрғони аҳолиси учрашув давомида ўзларини қийнаб келаётган кўплаб муаммоли масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Хусусан, ички йўлларнинг таъмирталаблиги, кўчаларда тунги ёритгичлар ўрнатилмагани, маҳаллаларда бекатлар йўқлиги сабабли ёғин-сочинли кунларда ишга ёки ўқишга қатновчи аҳолига қийинчиликлар туғилаётганлиги баён этилди. Номзодлар томонидан ушбу муаммоларни ечишга ўз дастурларида қандай эътибор қаратилаётгани тўғрисида иштирокчиларни хабардор этиб ўтди.

Номзодларнинг сайловчилар билан очиқ мулоқотлари, учрашувлари Самарқанд шаҳридаги бошқа маҳаллаларда ҳам давом этмоқда.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+