САЙЛОВОЛДИ ДАСТУР

ЎЗБЕКИСТОН “АДОЛАТ” СОЦИАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ

ТЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ВА АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ САРИ!

МУҚАДДИМА

Инсон ҳар доим адолат сари интилади. Зеро, адолат тамойили ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкам маънавий-ҳуқуқий пойдеворини ташкил этади.

Адолат қарор топган жамиятда тинчлик ва барқарор­лик ҳукм суради, халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишонч-эътиқоди ортади, фуқароларнинг Ватан келажагига дахлдорлик туйғуси юксалади.

Адолатни қарор топтириш Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг бош мақсадидир. Ушбу мақсад йўлида партия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Жўқорғи Кенгес ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловлар олдидан сайловчиларга ўз дастурини тақдим этар экан, ҳар бир жабҳада ижтимоий адолатни қарор топтиришга, «Тенг имконият­лар ва адолатли жамият сари!» ғоясини изчиллик билан жорий этишга қатъиян ҳаракат қилади.

Партия сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланиш­ларни изчил давом эттириш йўлида қуйидаги вазифаларни устувор деб ҳисоблайди:

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий тамойилларига содиқ қолган ҳолда суверен, демок­ратик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қурилишида партия иштирокини таъминлаш;

– инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш;

– жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик барқарор тараққиётнинг муҳим шарти эканлигини таъкидлаб, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривож­ланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш;

– халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституциявий принцип асоси­да халқ ҳокимиятининг тимсоли бўлмиш вакиллик демо­кра­тияси институтларининг роли ва аҳамиятини янада ошириш;

– мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши­ни таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллек­туал салоҳияти ва инсон капиталини ривожлантириш;

– мамлакатда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар тотувлиги, миллатлараро ва дин­лараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш.

Партия халқимиз эҳтиёжи ва орзу-умидларига асос­ланган ҳолда, мамлакатимизнинг келажак авлоди олдидаги масъулиятни ҳис этиб, келгуси беш йиллик учун қуйидаги мақсад ва вазифаларни таклиф этмоқда.

 ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ БАРПО ЭТИШ – ОЛИЙ МАҚСАДИМИЗ

Бош мақсадимиз Конституция ва қонунлар устуворлиги таъминланган ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояланган ҳуқуқий давлат қуришдир.

Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси барча фуқаролар ва мансабдор шахслар ўз ҳаёт тарзини қонун асосида йўлга қўйишидир. Бунинг учун, энг аввало, жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашимиз шарт.

Адолатли ва мустақил суд тизимини яратиш ор­қали фуқароларнинг одил судловга бўлган ишон­чини мустаҳкамлаш чораларини кўрамиз ва бу борада қуйидаги вазифаларни амалга оширамиз:

– фуқароларга енгиллик яратиш ҳамда судлар фаолиятида сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш;

– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча сарсонгарчилигининг олдини олиш мақсадида давлат органи ва улар мансабдор шахсларининг қарори ва хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан маъмурий судга шикоят қилишда низоларни судгача ҳал қилиш тартибини жорий қилиш, шунингдек, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув тартибини йўлга қўйиш;

– фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширишда судьяларнинг мустақил бўлиши муҳим мезон бўлиб, судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида «Судьялар мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Респуб­ликасининг қонунини ишлаб чиқиш;

– судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тез ва сифатли таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида судьялар сонини аҳоли сонига мутаносиб равишда кўпайтириш, шунингдек, судьяларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини яратиш.

«Адолат» СДП учун олий қадрият бу – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларидир! Биз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида қуйидаги чора- тадбирларни амалга ошириш тарафдоримиз:

– жарималар миқдори ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларни фуқароларнинг даромадларига мутаносиблигидан келиб чиқиб белгилаш;

– суриштирув-тергов даврида келтирилган, ушлаб турилган шахслар, шунингдек, гумонланувчи ёки айбланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар биносида вафот этган ҳолатда, ҳар бир ҳолат юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бундай турдаги жиноятлар учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик чораларини кучайтириш;

– тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларини Ички ишлар органларидан Адлия вазирлиги тизимига ўтказиш;

– жиноят содир этган вояга етмаганга нисбатан авваламбор ижтимоий ҳимояга муҳтож бола сифатида муносабат билдириш лозимлиги сабабли, болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада такомиллаштириш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш, ювенал адлия тизимини йўлга қўйиш.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини самарали ташкил этиш, айниқса, ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти, инсон ҳуқуқларига риоя этиш масъулиятини тубдан ошириш, маҳаллалардаги профилактика инспекторларининг барчаси олий юридик маълумотга эга бўлишини таъминлаш таклифини илгари сурамиз.

Фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳамда давлат органлари масъулиятини ошириш мақсадида «Жамоат хавфсизлиги тўғрисида» қонун қабул қилишни таклиф қиламиз.

Давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланишини назарда тутувчи «Давлат компенсацияси тўғрисида»ги қонун қабул қилишни таклиф қиламиз.

Жабрланувчига жиноят туфайли етказилган моддий зарар айбдордан ундирилгунига қадар махсус жамғармалар ҳисобидан қоплаб бериш амалиётини жорий этиш, бу борада Жиноятдан жабрланганларга кўмаклашиш жамғармасини ташкил этишни таклиф қиламиз.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз:

– ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам бузганлик учун қонун ҳужжатларида жазо чораларини кучайтириш, шу жумладан, тран­спорт воситасини маст ҳолда бошқарган ёки оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолатларда умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш;

– йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини кўп бузган транспорт воситаси эгасининг жавобгарли­ги­ни суғурта қилиш суммасини шунга мутаносиб равишда ошириш;

– амалдаги қонун ҳужжатларига тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдалар ҳуқуқларининг устуворлигини сўзсиз таъминлашга қаратилган нормалар киритиш.

Маълумки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилишда адвокатура институтининг ўрни ва роли беқиёс. Шу боис, одил судловни таъминлашда адвокатга берилган ҳуқуқларни қайта кўриб чиқиш, уларга касбий вазифаларини самарали бажариши учун қўшимча ваколатлар бериш бундан кейин ҳам диққат марказимизда бўлади.

Биз адвокатура институтини янада такомиллаш­тириш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) марказларида Конституциянинг рамзий монументи ўрнатилган «Конституция хиёбони» барпо этишни таклиф қиламиз.

Давлат рамзлари, Олий Мажлис палаталари, суд ҳо­кимияти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат орган­лари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ маълумотлар ҳамда замонавий медиа-аудиовизуал ва бошқа кўргазмали воситалар асосида яратилган «Конституция хиёбони» аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишда, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

 АДОЛАТЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ВА ДЕМОКРАТИК ИНСТИТУТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партия­си – кучли, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, халқ ҳокимияти тамойилини изчил амалга ошириш, парламентаризмни ривожлантириш ва парламент демократиясининг замонавий институтларини қўллаб-қувватлаш – мамлакатни демократик янгилашнинг муҳим шарти, деб ҳисоблайди.

Биз Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатларини янада кенгайтириш тарафдоримиз. Парламентаризм ва парламент демократиясини ривожлантириш йўлида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни муҳим, деб биламиз:

– парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган механизмларни янада кучайтириш, хусусан, сайловчилар билан тезкор боғланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилувчи «Рақамли парламент» тизимини такомиллаштириш;

– депутатларнинг сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотини йўлга қўйиш ва муаммоларга жойида ечим топиш мақсадида депутатлар иш вақтининг ярмини, албатта, ўз сайловчилари олдида ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этиш;

– ҳудудларда депутатлар ваколатини кучайтириш ва уларнинг ҳокимлар билан ҳуқуқий муносабатларда ўзаро тийиб туриш механизмини такомиллаштириш мақсадида маҳаллий кенгаш депутатларига тегишли ҳокимларга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқини бериш.

Қонунлар амалда тўлақонли ишлаши лозим. Бу борада ижро ҳокимияти тизимининг ўрни катта.

Биз ижро ҳокимияти тизимида аёлларнинг ўрнини ошириш мақсадида раҳбарлик лавозимларининг камида 30 фоизи аёллар бўлишига оид қоида киритишни таклиф қиламиз.

Биз асосий ижтимоий-иқтисодий тусдаги ваколатларни аҳолига энг яқин тузилмага бериш, номарказлаштириш концепциясини ишлаб чиқиш чораларини кўрамиз.

Биз фуқаролик жамияти институтлари фаолияти кафолатларини янада мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қуйидаги вазифаларни амалга оширамиз:

– фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилган жамоатчилик назорати тартиб-таомилларини бузгани учун давлат органлари масъул мансабдор шахсларининг жавобгарлигини белгилов­чи қонун қабул қилиш;

– фуқаролик жамияти институтларининг аҳоли ҳу­қуқий маданияти ва онгини юксалтириш бўйича лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга ижтимоий буюртма ва субсидиялар ажратишни кенгайтириш.

Биз ноёб ижтимоий тузилма бўлган маҳалла институтининг бундан кейин ҳам такомиллашуви, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш марказига айланиши учун ваколатларини кенгайтириш тарафдоримиз.

Мақсадимиз халқимизнинг ноёб қадрияти бўлмиш маҳалла институтининг янада такомиллашувига ҳар томонлама ёрдам беришдан иборатдир.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги чора-тадбирларни қўллаймиз:

– маҳаллани жамоатчилик назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш;

– маҳалла раислари сайловида шу маҳаллада яшовчи овоз бериш ҳуқуқига эга барча фуқаронинг тўғридан тўғри иштирокини таъминлаш;

– маҳалланинг молиявий имкониятларини янада ошириш, камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш.

Партия сўз ва матбуот эркинлиги, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ мустақиллигини таъминлаш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб боришни  муҳим вазифа, деб билади. Биз журналист ва блогерларнинг қонун доирасидаги фаолиятига бирор бир мансабдор шахс аралашиши ёки уларга босим ўтказишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат, деб ҳисоблаймиз. Бундай қилмиш учун жавобгарлик белгилашни таклиф этамиз. Бу борада яна қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш тарафдоримиз:

– ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқалиши ва фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган механизмни жорий этиш, хусусан, огоҳликка чорловчи контентларни янада кўпайтириш, ёлғон хабарлар ва фирибгарликнинг янги турлари ҳақида доимий, ўзига хос шаклда огоҳлантириб турувчи «Стопфейк» (STOP FAKE) платформасини яратиш;

– Интернет жаҳон тармоғида вояга етмаганларни ҳимоя қилиш мақсадида ноқонуний ва зарарли мазмундаги веб-ресурсларни доимий кузатиб бориш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш механизмларини жорий этиш.

 ИҚТИСОДИЁТНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖИНИ ТАЪМИНЛАШ

Партия мамлакат иқтисодиётини барқарор ривож­лантиришни энг муҳим вазифалардан бири, деб билади. Устувор вазифамиз – давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқишдир.

Мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожини таъминлаш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз:

– солиқлар ва бошқа қайта тақсимлаш во­си­та­лари орқали аҳоли даромадларини тенг­лаштириш сиёсатини юритиш;

– «кўп даромад топган кўп солиқ тўлайди» тамо­йилига кўра ҳамда адолатли ва самарали солиқ ва бюджет сиёсатини амалга ошириш мақсадида солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ҳаётга жорий этиш ва шу орқали даромадлар тенгсизлигини камайтиришга эришиш;

– аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари тоифасига кирган шахсларни ишга қабул қилганлик учун солиқ им­тиёзлари белгилаш;

– тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, солиқ тўловчилар томонидан тушумни яширишнинг олдини олиш ва нақд пулсиз савдо-сотиқни кўпайтириш мақсадида уларга қўлланадиган молиявий санкциялар (жарималар) миқдорини қатъий белгилаш, бунда жарималар уларнинг тушумига боғлиқлигини бартараф этиш;

– тадбиркорларга мажбурият юклайдиган барча қоидаларни фақат қонунлар орқали жорий қилиш;

– божхона ва солиқ имтиёзларини такомиллаш­тириш, имтиёзларни шахсларга эмас, аниқ соҳаларга берилишини таъминлаш.

– тадбиркорлар ва фуқароларнинг мулк ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида «Мулк ҳуқуқи презумпцияси»ни жорий қилиш, мулк эгаси унинг мулкдор эмаслиги исботланмагунча ушбу мулкнинг мулкдори ҳисобланиши ва мулкка эгалик қилувчи давлат органининг ҳужжатига ишониб ҳаракат қилган инсофли эгалловчидан мулкни қайтариб олиш таъқиқланишини қонунчиликда белгилаш;

– фуқароларни кибер ҳужумлар оқибатида моддий зарар кўриш ҳолатлари бўйича банк муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг масъулиятини ошириш;

– сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда нарх- навони сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатларни назорат қилувчи идоралар масъулиятини ошириш ва бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш;

– мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни изчил ривожлантиришда кичик саноат зоналари, саноат кластерларининг муҳимлигини инобатга олиб, «Кичик саноат зоналари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш.

Биз яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида соҳада назорат функцияларини амалга оширувчи давлат инспекцияларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда жамоатчиликнинг рақамли иқтисодиёт борасидаги билим ва кўникмаларини шакллантириш чораларини кўрамиз.

Қишлоқ хўжалигини жадал инновацион ривож­лантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғун­лигини таъминлаш яқин келажакда Ўзбекистоннинг аг­рар соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқариш­да, камбағаллик муаммоларини ҳал этишда ижобий натижалар беради, деб ҳисоблаймиз.

Бунинг учун:

– олий таълим тизимида қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги касблар ва мутахассисликлар бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш квоталарини ошириш;

– замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиш;

– қишлоқ хўжалигида табиат инжиқликлари, сув тан­қислиги, ер шўрланиши каби хатарлар ортиб бораёт­гани сабабли аграр суғурталашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан, «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида»ги қонунини қабул қилиш;

– аҳолига арзон гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида гўшт етиштиришнинг ноанъанавий йўналишларини, хусусан, паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик каби тармоқларни ривожлантиришга қўшимча имкониятлар яратиш;

– «Тез ветеринария ёрдами» хизматини жорий этиш, ветеринария соҳасига янги инновацион технологияларни кенг жорий этиш орқали соҳани янада ривожлантириш, замонавий зоотехник кадрлар тайёрлашга бўлган эътиборни кучайтиришни таклиф қиламиз.

Партиямиз узоқ йиллардан буён муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор тех­нологиялардан фой­даланиш ғоясини илгари суриб келмоқда. Биз иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган тех­нология­ларни кенг жорий этиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш, энергия тежамкорлигига эришиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз:

– келгуси 5 йилликда мавжуд энергия қувватларининг камида 30 фоизини муқобил энергия манбалари ташкил этишига эришиш, жаҳоннинг илғор технологияларига асосланган ҳолда миллий автосаноатда электр двигателли енгил автомобиллар, автобус ва юк машиналари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, 2030 йилга қадар ички ёнув двигателли транспорт воситаларининг камида 30 фоизини экологик тоза транспорт воситаларига алмаштириш масалаларини ҳаётга татбиқ қилиш;

– энергия тежамкор қурилиш меъёрларини қабул қилиш, энергия самарадорлигини оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш, оилаларда энергия юкини камайтиришга ёрдам берадиган самарали уй иситиш тизимларини жорий этишни рағбатлантириш;

– кам таъминланган аҳоли хонадонларига давлат субсидияси асосида қуёш панеллари ўрнатишни қўллаб-қувватлаш;

– электр энергиясини иқтисод қилиш мақсадида магистрал йўлларни қуёш панеллари ёрдамида ёритиш тизимини йўлга қўйиш; 

– кўп қаватли уйларда энергияни тежаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш, унга мувофиқ, кўп қаватли уйларни жойига қараб марказлашган, локал ёки индивидуал иситиш тизимига, айрим қозонхоналарни когенерация технологиясига ўтказиш.

Биз иқтисодиётни янада юксалтириш учун унинг қон томирлари бўлган мамлакатимиз йўлларини, тран­спорт ва логистика соҳасини янада ривожлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу борада янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган йўлларни бос­қичма-босқич катта механик таъсирларга бардошли ва узоқ муддат хизмат кўрсатиши учун цемент-бетон қопламага ўтказишни таклиф қиламиз.

 КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ КАФОЛАТИ

Партиянинг қатъий позицияси – жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтиришдир. Биз ҳар бир инсон учун фаровон турмуш, хусусан, сифатли таълим, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими яратилган, уй-жойга эга бўлиш шароити мавжуд, ижтимоий тафовутлар юмшатилган, мувозанатлашган, қонун устувор бўлган, ўз фуқаролари учун ижтимоий адолатни таъминлаган мамлакат, адолатли ижтимоий давлат сиёсати тарафдоримиз.

Шу мақсадда, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «Ижтимоий давлат  – 2030» дастурини илгари сурамиз. Бу борада аҳоли ўртасида кескин табақаланишнинг олдини олиш, бунинг учун ташкилий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни кўриш лозим деб ҳисоблаймиз.

Аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим йўналиши бу – фуқароларнинг уй-жойли бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришдир.

Биз субсидияларни ҳақиқатда муҳтож бўлган фуқароларга ўзлари танлаган ҳудуддан уй-жой қуриш ва сотиб олиш учун имтиёзлар ажратиш тизимини такомил­лаштириш, бунда субсидия асосида уй сотган тад­бир­корларни қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз.

Реновацияга доир қонун, уни амалга оширишнинг қатъий талаб  ва тартиблари, уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этиш кафолатлари бўлмагунча бундай лойиҳаларни амалга оширмаслик тарафдоримиз.

Биз ижтимоий объектларни сақлаб қолиш тараф­доримиз. Айниқса, истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳу­дудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик бел­гилашни таклиф қиламиз.

Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектларини жамоатчилик назорати тартибида ўрганишнинг ҳуқуқий асослари ва янги тартибини жорий қилиш муҳим, деб биламиз.

Фуқароларни иш билан таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш бизнинг энг долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Бу борада:

– олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари учун «Кафолатланган биринчи иш жойи» лойиҳасини амалга ошириш;

– ёлланма ишчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя­сини кучайтириш, ёлланиб ишлаган даври уларнинг меҳнати иш стажига қўшилишини белгилаш;

– меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шунинг­дек, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлишини ташкил этишга кўмаклашиш;

– уруш, меҳнат, Қуролли кучлар, ички ишлар органлари, давлат хавфсизлиги ва бошқа хизматлар фахрийларининг мақомини белгилаш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида «Фахрийлар тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқиш чораларини кўрамиз.

Аҳолига сифатли коммунал хизматларини кўрсатиш ҳам доимий диққат-эътиборимизда бўлади.

Бунинг учун:

– газ етиб бормаган аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш;

– истеъмолчиларга масофадан маълумот узатув­чи замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш, аҳолини сув билан таъминлаш қамрови ҳамда сув сифати даражасини ошириб бориш чораларини кучайтириш;

– коммунал тўловларнинг миқдорини белгилаш ва оширишга қаратилган масалаларда Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш­лардаги депутатлар назоратини ташкил этиш таклифини илгари сурамиз.

Шаҳар ва қишлоқларимизда аҳоли истиқомат қилиши учун зарур шарт-шароитларни янада кенгайтириш долзарб вазифа бўлиб, биз бу борада қуйидагиларни амалга оширамиз:

– йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳарлар марказларида тирбандликлар ва бошқа кўнгилсиз оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида пиёдалар учун ер усти ўтказгичлар қуришни қўллаб- қувватлаш;

– жамоат транспорти тизимини тартибга солиш, аҳолининг вақтини тежаш, манзилига ўз вақтида етиб боришини таъминлаш мақсадида жамоат транспортлари қатновини тартибга солиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш.

Партия имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқариш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қилади:

– биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш;

– пиёдалар йўлларида ногиронлар учун тенг шароитлар яратиш, ногиронлар учун светофорларда махсус товуш чиқарувчи қурилмалар ўрнатиш;

– ногирон фарзандли оилага давлат томонидан барча зарур тиббий ва реабилитация хизматларини тақдим этиш.

Таълимга инвестиция – бу келажакка инвестиция, халқ фаровонлиги, давлатнинг ра­қобатдошлигини таъминловчи омилдир. Шу боис, биз узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдоримиз.

Биз таълимнинг ҳар қандай турида таълим муассаса­ларига қабул қилиш тартибини ишлаб чиқиш, айниқса, давлат мактабгача таълим муассасаларига тарбияланувчиларни қабул қилиш тартибини қайта кўриб чиқиш, бу борада «очиқ онлайн рўйхат» ташкил этиш зарур, деб биламиз.

Мактабларда ўқитилаётган «Технология» фани ўқувчиларнинг келажаги учун ўта муҳим аҳамият касб этишидан келиб чиқиб, биз ушбу фанни ўқитишни замон талаблари асосида йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоб­лаймиз.

Биз сунъий интеллект асосида «ақлли мактаб» дастурини таълим тизимига жорий этишни устувор вази­фалардан бири, деб биламиз. Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида «Робототехника» фанини жорий этиш чораларини кўрамиз.

Айрим умумтаълим мактабларида синфдаги ўқувчилар сони белгиланган нормадан анча юқорилиги уларнинг сифатли таълим олишига салбий таъсир кўрсатишини эътиборга олиб, партия ўқувчилар сонини оптималлаштириш зарур деб ҳисоблайди.

Биз таълим соҳасида меценатликни ривожлантириш учун қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркор­лар, компаниялар, шахслар номи билан боғлиқ турли стипендиялар жорий этилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ўқитувчи мақоми алоҳида белгилангани бежиз эмас. Зеро, жамиятимизда ўқитувчининг обрўси ошса бутун миллатнинг обрўси ошади. Шу боис, партиямиз электоратининг асосий қисмини ташкил этувчи ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш бундан ке­йин ҳам доимий диққат-эътиборимизда бўлади.

Биз ота-оналарнинг таълим-тарбия жараёнига фаол жалб этилишига, оила, мактаб ва маҳалла ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Зеро, мактаб ва ота-оналар ўртасидаги кучли алоқалар таълимнинг муваффақияти калитидир.

Талабаларнинг турар жойлар билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасаси ҳузурида талабалар сонига мос «Талабалар турар жойлари» барпо этиш чораларини кўрамиз.

Ёшларнинг жаҳон илм-фанига эркин кириб боришини таъминлаш мақсадида босқичма-босқич бакалав­риатга кириш учун инглиз тилини билиш бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш тартибини жорий этишни таклиф қиламиз.

Биз олий таълим муассасаларида ўқув сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётлари сифатини яхшилаш, замонавий хорижий адабиётларни харид қилиш ва таржима қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш муҳим, деб биламиз.

Ўзбекистон Республикасида илм-фан соҳаси вакилларининг манфаатларини таъминлаш, олимларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Илм-фан ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунини қабул қилишни таклиф қиламиз.

Биз илмий-тадқиқот ишларига давлат харажатларини кўпайтириш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз.

Шунингдек, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш, малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Мамлакатимизда илмий тадқиқотлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар, гидрология ва сув муаммолари, энергетика, муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялар, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали давлатнинг иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлаймиз.

ХАЛҚ САЛОМАТЛИГИ – УЛКАН БОЙЛИК, ФАРОВОН ТУРМУШ ГАРОВИ

Биз соғлиқни сақлаш масаласига биринчи навбатдаги ижтимоий вазифа сифатида қараймиз ва ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишдек конституциявий ҳуқуқи рўёбга чиқишини кафолатлаймиз.

Бизнинг тиббиёт соҳасидаги биринчи галдаги вазифамиз тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ҳисобланади.

Шу билан бирга, олис ва чекка ҳудудлардаги оила­вий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиника­ларда тор соҳа мутахассислари фаолиятини йўлга қў­йишни таклиф қиламиз.

Биз аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соҳада замонавий технологияларни жорий қилиш борасида қуйидаги вазифаларни амалга ошириш муҳим, деб биламиз:

– «Ақлли тиббиёт» тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ ра­қам­лаштириш, «электрон поликлиника» ва «ягона электрон анкета» тизимларини йўлга қўйиш;

– тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини «тижорат ташкилоти»дан нотижорат ташкилотига ўтказиш;

– хусусий тиббиёт, таълим ва овқатланиш корхоналарида санитария-эпидемиология назорати амалга оширилишини кучайтириш орқали аҳолини заҳарланиш ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш.

Партия соҳага оид миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг чуқур таҳлили ва илғор хорижий таж­рибани ўрганиш асосида соғлом авлод, соғлом турмуш тарзи, халқ саломатлиги йўлида қу­йидагиларни таклиф этади:

– ёш авлоднинг соғлом бўлиб вояга етишини таъминлаш мақсадида 9-14 ёш болаларни ҳар йилда бир марта давлат маблағлари ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтиш амалиётини йўлга қўйиш;

– аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори во­ситалари рўйхатини такомиллаштириш, ижтимоий дорихоналарни ривожлантириш, оғир касалликларни давлат томони­дан даволашни кенгайтириш;

– аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини янада ошириш мақсадида 50 ёшдан ошган фуқароларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш амалиётини йўлга қў­йиш;

– мактабларда болаларга бепул стоматология хизмати кўрсатилишини таъминлаш ва ўқувчиларни йилига икки марта стоматологик кўрикдан ўтказиш;

– мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, про­фессио­нал ва олий таълим муассасаларида берилаётган озиқ-овқатларнинг сифатини, унинг калориясини мониторинг қилиш бўйича депутатлик ва жа­моатчилик назоратини кучайтириш.

Партия оналар ва болаларнинг ҳар бир ўлими фав­қулодда ҳолат сифатида кўрилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида алоҳида дастур ишлаб чиқиш, оғир ҳолатдаги, саломатлигида муаммоси бўлган оналар рўйхатини шакллантириб, уларнинг тизимли равишда даволанишини ташкил этишни таклиф қилади.

Биз фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасида­ги яширин келишув ва ноқонуний мулоқот, фармацевтларнинг тиббиёт муассасаларига ғаразли ҳомийлигини тўлиқ тақиқлаш, бу каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш тарафдоримиз.

Шу билан бирга, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг аҳолига арзон ва қулай бўлишини таъминлаш мақсадида қуйидаги чораларни амалга оширамиз:

– дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва мамлакат бўйлаб яхлит электрон тизимни жорий қилиш;

– дори нархлари сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида хорижий тажриба асосида дори воситаларининг ҳаракатланиш занжирини (ишлаб чиқари­лиши, реализациясидан то истеъмолчига етиб бор­гунча бўлган жараённи) кузатиш технологиясидан фойдаланишни йўлга қўйиш;

– дорихоналарда рецептсиз сотиладиган дори воситалари рўйхатини қисқартириш ҳамда дорихоналар сонини мақбуллаштириш;

– нодавлат тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар учун тўловлар миқдори устидан давлат назоратини ўрнатиш.

Биз «Соғлом авлод – соғлом жамият» концептуал ғояси асосида «Демографик ривожланиш – 2050» концепциясини ишлаб чиқиш тарафдоримиз.

Кекса авлод ҳақида қайғуриш доимий диққат-эътиборимизда бўлади. Бу борада кексаларга мўлжалланган турли-туман тадбирларни ўз ичига олувчи алоҳида комплекс соғломлаштириш дастури ишлаб чиқиш, айниқса, қариялар билан ишлайдиган шифокор-геронтологлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шифохоналар ва поликлиникаларда қариялар билан ишловчи шифокор- геронтолог штатини жорий этишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Фуқароларнинг саломатлигини таъминлашда малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш муҳим ўрин тутади. Биз  бу борада қуйидаги аниқ вазифаларни амалга оширамиз:

– Ўзбекистонда туғилиш сони кўплигини инобатга олган ҳолда, педиатрия соҳасида мутахассислар тайёрлаш сонини кўпайтириш;

– тиббиёт ходимлари малакасини оширишнинг марказлашган тизимини бекор қилиш ҳамда унинг ўрнига ихтисослашган марказларда ва вилоятларда малака оширишни ташкил этиш.

 ОИЛАНИ МУСТАҲКАМЛАШ, ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ҚЎЛЛАБ - ҚУВВАТЛАШ, ЁШЛАРНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ

Оилани мустаҳкамлаш жамият ривожида муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб, қуйидаги вазифаларни амалга оширишни устувор вазифамиз, деб биламиз:

– оила институтининг ҳуқуқий асосларини янада мус­таҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликнинг муҳофазасини кучайтириш мақсадида «Оналик, оталик ва бола­ликнинг давлат муҳофазаси тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш;

– ФҲДЁ органларига никоҳланувчиларнинг яқин қариндошлик алоқаларини текшириш ҳуқуқини бериш, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ қурган фуқароларга ва расмийлаштирган масъулларга нисбатан жазо чораларини белгилаш;

– оилавий ажримларнинг асосий сабабларидан бири ёшларнинг турмушга тайёр эмаслигини инобатга олиб, оила қураётган барча йигит ва қизлар учун уларни ижтимоий, психологик, моддий ва ҳуқуқий тарафдан турмушга тайёрлайдиган «Ёш оила» платформасини йўлга қўйиш.

Биз аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда илдизлари минг йилларга бориб тақаладиган халқимизнинг бебаҳо ва боқий миллий қадриятларига нисбатан ҳурмат-эҳтиром, шунингдек, уларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш тарафдоримиз.

Ёшларимиз қалбида буюк аждодларимизга бўлган меҳр-муҳаббатни ошириш мақсадида Ўзбекистондаги барча мактабларга буюк алломалар ва давлат арбоб­лари, Ўзбекистондаги тарихий шахслар ва жадидларнинг номларини беришни таклиф этамиз.

Партия хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароитларни янада кенгайтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатни олиб боради. Мазкур йўналишда партия қуйидаги вазифаларни таклиф қилади:

– хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқ-лаш, айниқса, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кучайтириш;

– зўравонликнинг турли кўринишларига учраган аёлларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича махсус электрон платформа яратиш;

– хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада кафолатлаш ҳамда ёлланма ишчи аёллар меҳнати муҳофа­засини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Респуб­­ликасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;

– туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга ҳамда болаларга давлат томонидан бепул бериладиган витаминлар, йод ва фолий кислотасининг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини таъминлаш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш;

– илм-фан билан шуғулланиш истагида бўлган олима хотин-қизларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида соҳага оид қонунчиликка уларга қўшимча имтиёзларни кўзда тутувчи нормалар киритиш;

– хотин-қизлар ва болаларнинг ҳаёти, ҳақ-ҳуқуқлари­ни ҳимоя қилиш мақсадида «шелтер»(уйсизлар, шунингдек, жинсий зўравонлик қурбони бўлган ёки уйда зўравонликни бошдан кечирган хотин-қизлар ва болалар учун бошпана)лар очиш ва уларда зўравонликка учраганларга то вазият ўнглангунга қадар таълим бериш, зарур тиббий, психологик ва бошқа ёрдам­лар кўрсатиш бўйича чоралар кўриш.

Мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан мазкур йўналишда қуйидаги вазифаларни амалга оширишни таклиф қиламиз:

– барча олий таълим муассасаларида ҳарбий кафед­ралар ташкил этиш орқали талаба йигитларнинг ҳарбий унвон олишдек шарафли истакларини рўёбга чиқариш;

– ёшларнинг соғлом камол топиши ва спорт билан шуғулланишини оммалаштириш мақсадида ҳар бир ма­ҳаллада болалар шуғулланадиган спорт майдонларини ташкил этиш;

– ёш ихтирочи олимларни қўллаб-қувватлаш мақ­садида патент олиш жараёнини янада соддалаштириш.

Биз ёшларимизни миллий тарихимиз бўйича турли ёлғон ва асослантирилмаган маълумотлардан асраш, четдан бўлаётган ахборот хуружларидан сақлаш ҳамда Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлаш мақса­дида умумий ўрта таълим мактабларининг 9- ва 11-синф ўқувчилари учун тарих фанини ўқитишда дарс соатларини икки баробар кўпайтиришга, мазкур фан бўйича олимпиада иштирокчиларини муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратамиз.

Биз республикамиз ҳудудларида ёшлар технопарк­ларини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракат­ларни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда мавжуд технопаркларни янада ривожлантириш чораларини кўрамиз.

Ёшларда китобхонлик маданиятини янада такомиллаштириш мақсадида республикамиздаги ҳар бир шаҳар ва туман марказида биттадан намунали китоб дўкони ташкил этиш, кўчма китоб павильонларини жойлаштириш ва «библиобус»лар орқали қишлоқ ва овуллар аҳолисига кутубхона хизматларини ташкил этиш чораларини кўрамиз.

Болаларнинг интеллектуал салоҳиятидан келиб чи­қиб, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳу­қуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом ўсишини таъминлаш мақсадида болаларнинг ҳимоясини таъминлаш партиянинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бу борада:

– болалар ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, тў­ланмаётган алимент ва бошқа тўловларни ўз вақ­тида тўлаб беришни йўлга қўйиш мақсадида Болалар жамғармасини ташкил этиш ва республика бўйича тушадиган жарималарнинг муайян фоизини ушбу жамғармага йўналтириш;

– вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазоларни кескин кучайтириш, 14 ёшга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятчиларга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллаш;

– боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризаси билан чиққан даъвогарларни давлат божи тўлашдан озод қилиш;

– болалар саломатлигини асраб-авайлаш мақсадида болалар поликлиникалари ва ўсмирлар диспансерларини қайта ташкил этишни таклиф қиламиз.

 МУСАФФО ҲАВО ВА ЯШИЛ ТАБИАТ – УЗОҚ УМР ВА БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ

Биз Конституциямизда белгиланган ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини амалда тўлақонли рўёбга чиқариш йўлидан борамиз.

Экологик муаммоларни ҳал этишда ўз ҳаракатларимизни, биринчи навбатда, ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратамиз. Барча экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди, деб ҳисоблаймиз.

Биз «Экологияни ифлослантирувчи – компенсация тўлаши лозим» принципи тарафдоримиз. Айниқса, ҳавони ифлослантиришда етакчи бўлган йирик корхоналарга алоҳида солиқ ва жарима жорий этишни таклиф қиламиз.

Давлатнинг ер ости ва ер усти захираларини ҳимоя қилиш, табиий бойликларни самарасиз қазиб олишни чеклаш чораларини кўрамиз.

Мамлакатимизда сув ресурслари чекланган бўлиб, 2040 йилга бориб Ўзбекистон аҳолисининг бир қисми сувсизликдан азият чекиши мумкин. Шу боис, партия ичимлик суви ресурсларининг бесамар ишлатилишини келажак авлод олдидаги масъулиятсизлик, деб ҳисоб­лайди ва жамиятда қатъий сув тежамкорлигига риоя этиш бўйича қуйидаги устувор вазифаларга бирламчи эътибор қаратади:

– ичимлик сувини ишлаб чиқаришдан бошлаб якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган самарали тизимни жорий этиш, соҳага давлат-хусусий шерик­лик тамойилларини кенг жорий қилиш;

– ободонлаштириш тармоқларини техник қайта ишланган сув билан таъминлаш, саноат корхоналарини оқова сувларни локал тозалаш иншоотлари билан таъминлаш орқали самарадорликка эришиш;

– Марказий Осиёда сув танқислигининг олдини олиш мақсадида, қўшни давлатлар билан сув захирасини сақлаш ва кенгайтириш бўйича ҳамкорликни кенгай­тириш.

Партия юртдошларимизнинг тоза атроф-му­ҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш мақсадида қуйи­да­гиларни таклиф қилади:

– ноқулай ва самарасиз ерларни ишсиз одамларга бўлиб бериш ва молиялаштириш орқали яшил ўр­мон­зорлар барпо этиш;

– дарахтларни «бошқа жойга кўчириш» баҳона­сида уларни кесиш ҳолатлари кўпаяётганини инобатга олиб, ушбу соҳада жавобгарлик чораларини янада кучайтириш;

– аҳоли ўртасида маиший чиқиндиларни саралаб жойлаштириш ва чиқинди бункерларини аҳолига яқин масофага қўйиш, ҳар кунлик чиқинди бункерларини алмаштириш тартибини жорий этиш орқали «Тоза шаҳар», «Тоза хонадон» концепциясини рўёбга чиқариш;

– саноатда ҳаво сифатини назорат қилувчи стандарт­ларни жорий қилиш, шаҳарларда велосипедда ва пиё­да юришни рағбатлантириш;

– 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиш учун қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни янада кенгайтириш;

– шаҳарларда ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қозонхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва иқлим барқарорлигини рағбатлантириш.

 КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ – УСТУВОР ВАЗИФАМИЗ

Партия қонунларни ижро этиш жараёнида уларга нисбатан ҳар қандай формал муносабатда бўлиш ва бунинг натижасида адолатга путур етказиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича доимий фаолиятни йўлга қўяди.

Партия давлат маблағларига қилинган ҳар қандай тажовузни Ватанга хиёнат сифатида ба­ҳолайди ва талон-тарожлик ҳамда суиистеъмолчиликларни қатъий жазолаш принципини илгари суради.

Давлат бюджети маблағларини ноқонуний харажат қилиш, камомад ва ўғриликларга барҳам бериш, давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг шаф­фофлигини таъминлашда қуйидаги зарур чора-тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз:

– давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бош­қа мажбурий ундирувлар) вазирлик ва идоралар ғазнасига эмас, тўлалигича давлат бюджетига тушишини таъминлаш;

– бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида давлат харидларига оид қонунчиликни такомиллаштириш;

– давлат бюджети даромадлари ва харажатлари билан боғлиқ барча жараёнларни рақамлаштириш ва очиқлаш;

– «Ташаббусли бюджет» тизими доирасида ажрати­лаётган маблағларнинг ҳажмини ошириб бориш, амалга оширилаётган лойиҳалар устидан депутатлик  ва жамоатчилик назоратини кучайтириш.

Партия коррупция жамиятимиз тараққиёти, иқтисо­диёти ҳамда халқимиз фаровонлигига катта салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган ҳолда, кор­рупцияга қарши курашиш соҳасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни муҳим, деб билади:

– коррупция билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, талон-тарож ҳолатлари учун жазони кучайтирувчи, етказилган зарарларни ўн баробар миқдорда ундиришни назарда тутувчи нормаларни қонунчиликка киритиш;

– илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида коррупция фактларини «дастлабки ўрганиш» (кор­руп­цион суриштирув) институтини жорий этиш;

– жиноий йўл билан хорижга олиб чиқиб кетилган активларни қайтаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, бунда қайтарилган активларнинг ижтимоий соҳага йўналтирилишини ҳамда бу жараёнларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;

– Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мақомини кенгайтириш, коррупцияга қарши ягона давлат сиёсатини юритувчи органга айлантириш ва коррупцион жиноятларни тергов қилиш ваколатини бериш.

Коррупцияга қарши курашиш маданиятини инновацион ёндашувлар асосида ёшларнинг онгига сингдириш партиянинг қатъий позициясидир.

Биз давлат хизматида таниш-билишчилик, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишда давлат хизматчиларини ротация қилиш тизимини ривож­лантириш тарафдоримиз.

ТИНЧЛИКСЕВАР, ПРОГРЕССИВ ТАШҚИ СИЁСАТ, МИЛЛИЙ МАНФААТЛАР УСТУВОРЛИГИ

Биз мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни мус­таҳ­камлашга қаратилган динамик ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Бу борада хорижий давлатлар билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва стратегик алоқаларни ривожлантириш ҳамда мавжуд ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш тарафдоримиз.

Марказий Осиёда ҳамкорликни кенгайтириш ва чу­қур­лаштириш, уни барқарор, ҳар томонлама ривож­ланган ва яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилган минтақага айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг изчил давом эттирилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Биз бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, ҳеч қандай ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмаслик, Ўзбе­кистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликка йўналтирилган сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз.

Давлатимиз аъзо бўлган Бирлашган Миллатлар Таш­килоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Шанхай ҳамкорлик ташки­лоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидан борамиз.

Биз халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тегиш­ли ижтимоий ва инсонпарварлик дастурлари доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тарафдоримиз. Биз ижтимоий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, савдо ва инвестицион фаолият учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва халқ фаровонлигини ошириш мақсадида трансчегаравий, транспорт-коммуникацион, инфратузилмавий ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қиламиз.

Айниқса, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури доирасидаги ижтимоий-гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли халқаро ҳам­кор­ликни ривожлантириш устувор вазифаларимиз­дан бири бўлади. Ушбу масалаларни ҳал қилишда БМТнинг ихтисослашган институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ижтимоий соҳага доир дастурларни ҳамкорликда амалга оширишда фаол иштирок этишни қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш мақсадида парламентлараро ҳамкорлик ва партиявий дипломатия имкониятларидан унумли фойдаланиш тарафдоримиз. Хусусан, илғор хорижий давлатлар социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия ва ҳаракатлари билан фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.

Биз мамлакатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсати ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширамиз. Бу борада:

– 2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Респуб­ликасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясини мамлакатимизнинг ҳозирги очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсати ҳамда жаҳон майдонида тобора ортиб бораётган ўрни ва мавқеидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилган янги таҳрирда қабул қилиш;

– Ўзбекистон Республикасида дипломатик хизмат соҳасидаги муносабатларни, шунингдек, дипломатлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини тартибга солишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмати тўғрисида»ги Ўзбе­кистон Республикаси қонунини қабул қилиш;

– «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига халқаро шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш, шунингдек, лингвистик, антикорруп­циявий ва бошқа турдаги экспертизалар ўтказиш тартибла­рини аниқлаштиришни кўзда тутувчи қўшимча ва ўзгартириш­лар киритишни таклиф қиламиз.

Биз аҳолимизни, айниқса, ёшларни мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, мил­лий манфаатларга асосланган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш сиёсатини қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

 

Азиз ватандошлар!

«Адолат» социал-демократик партияси ўз олдига юқорида қайд этилган олижаноб ва эзгу мақсад-вазифаларни белгилаб олган. Улар адолатли жамият ва ҳу­қуқий давлат қуришда – ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, меҳнаткаш халқимиз учун фаровон ҳаётни барпо этиш, мамлакатимизда барқарорлик ва ижтимоий адолат устуворлигига эришиш­га қаратилгандир!

Ҳаётда ижтимоий адолатни ўрнатиш, албатта, кўпдан-кўп омилларга боғлиқ. Сизнинг сайловдаги фаол иштирокингиз ва хоҳиш-истагингиз асосида биз мамла­катимизда кейинги 5 йил мобайнида уларни ҳаётга татбиқ эта оламиз.

Ишонамизки, партиянинг бундай улуғвор мақсадлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланади!

Сайловда партиямизни ва партиямиз томонидан кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватласангиз, Сиз – азиз юртдошларимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун, белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз!

Мақсадимиз ҳаммамиз учун азиз ва мўътабар шу заминда, ҳар бир хонадонда тинчлик-осойишталикни, фаровонлик ва барқарорликни сақлашдир.

Ўзбекистон – бизнинг умумий уйимиз. Шундай экан, унинг ҳар бир фуқароси эркин, адолатли, тинч ва фаровон яшашга ҳақлидир!

 

Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат учун

«Адолат» СДПга овоз беринг!

 

БИЗНИНГ ШИОРЛАР:

Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!

Адолат ҳар бир инсон учун!

Адолатли жамиятни биргаликда қурамиз!

Биз қонунсизликка қаршимиз!

Адолат учун бирлашайлик!

Ватанпарвар ёшлар – келажак таянчи!

Адолат бор жойда ҳаёт барқарор, тараққиёт бардавом!

Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони!

Ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият сари!

Қонун устувор бўлган адолатли фуқаролик жамияти барпо этамиз!

Бюджет маблағлари очиқ ва мақсадли сарфланиши лозим!

Яширин иқтисодиётга қарши курашамиз!

Сув истеъмоли маданиятини қарор топтирамиз!

Ҳар бир инсон учун адолатли меҳнат шароитлари яратамиз!

Муаллимнинг обрўси – миллатнинг обрўси!

Олим ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаймиз!

Кекса авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш – ижтимоий адолатнинг бош мезони!

Тинчлик ва осойишталикни сақлаш – бош мақсадимиз!

Давлат бошқарувида очиқлик ва

шаффофликни таъминлаймиз!

Ижтимоий фаровонлик сиёсатини кенгайтирамиз!

Биз адолат ва ҳақиқат учун курашамиз!

Илм-фан ва инновациялар – барқарор тараққиёт кафолати!

Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқарамиз!

Хотин-қизлар ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаймиз!