АДОЛАТ ҚОМУСИ

16.12.2022 16:12:55

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Маълумки, мамлакатимиз мус­тақиллиги эълон қилинган кундан дунёда янги, суверен давлат қарор топди. 1992 йилнинг 8 декабрь куни Республика Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида Конституциямизнинг қабул қилиниши билан эса мус­тақилликнинг ҳуқуқий тамал тоши ўрнатилди.

Зеро, бизнинг Асосий қонунимиз қайсидир давлатдан кўр-кўрона кўчириб олинмади, аксинча, энг тараққий этган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда ҳамда ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қад­риятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилган ҳолда яратилди. Шу билан бирга, Асосий қонунимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бош­­қа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этди. Бу эса унинг ҳаётийлигининг кафолатидир.

Фахр билан эътироф этиш жоиз, ўтган ўттиз йил мобайнида халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Бош қомусимиз Ватанимиз мус­тақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолати сифатида юртимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий пойдевор бўлиб келмоқда. Тан олиб айтиш жоиз, Асосий қонунимизнинг энг асосий мақсади инсонни, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан биз учун алоҳида қадрли ва бебаҳодир. Шу билан бир қаторда Бош қомусимиз тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби умуминсоний ғояларга хизмат қилади.

Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар негизида самарали миллий қонунчилик тизими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланиб, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалиб, халқимизнинг онгу тафаккури тобора ўсиб бораётгани ҳам бор гап.

Айнан мазкур омиллар боис Бош қомусимиз мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ва амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда давлатни жамиятга, халққа хизмат қилувчи институтга айлантириш, унинг фаолиятини қонунларга таяниб қуришга жиддий киришилди. Фуқаро – жамият – давлат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ва адолатли ҳуқуқий ечими эса, шубҳасиз, Конституциядир.

Жумладан, юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат ва нодав­лат институтларининг пайдо бўлиши Конституциямизда белгилаб қўйилган “Ўзбекистонда демократия умуминсоний принципларга асос­ланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари oлий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” меъёрларининг ҳаётдаги амалий тасдиғи бўлди.

Кейинги йиллар мобайнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинлик­ларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, янги шахсни шакл­лантириш давлат қурилишида энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолаётганлигини дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Албатта, Конституциямизнинг ҳаё­тимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш учун ҳаракат қилиш, ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бизнинг бош вазифаларимиздан биридир.

Энди масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратайлик. Ҳаммамизга аён, Бош қомусимизда жамият ҳамда давлатнинг ҳаётидаги энг муҳим масалалар умумий овоз(референдум)га қўйилиб, ҳал қилиниши белгилаб қўйилган. Биз мана шундай улуғвор сиёсий воқелик арафасида турибмиз.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан 2022 йилнинг 20 июнда бўлиб ўтган учрашувида алоҳида таъкидлаб ўтганидек: “Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин”. 

Ҳа, амалдаги қонунчилик асосларини дунё миқёсида содир бўлаётган ўзгаришларга, замон талабларига мослаштириш тақозо этилаётгани сабабли республикамизда конституциявий соҳада ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда яна бир бор муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги ҳикматга бой фикрларига эътибор қаратайлик: “Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституция­мизга таяниб, Янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз.

Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят мураккаб шароитда бундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар ҳеч қачон унутмайди”.

Бу фавқулодда кўтаринки руҳдаги самимий тилаклар одамни беихтиёр тўлқинлантириб юборади...

Бизнинг фахримиз, ғуруримиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами ҳаммамизга муборак бўлсин!

 

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+