Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда

29.05.2021 12:05:58

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда ипотека дастурларини амалга ошириш, кўп квартирали уй-жой массивларини барпо этиш, уларни инфратузилма билан таъминлаш ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллалар обод қилиниши белгиланган. Бу ишлар учун 18 триллион сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига яна қўшимча 300 миллион доллар ажратилди.

Натижада биргина ичимлик суви таъминоти соҳасида 1 минг 400 километр тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди, 8,5 минг километр ички йўллар таъмирланди.

Ўтган даврда 2 минг километр электр тармоқлари тортилиб, мингта трансформаторлар янгиланди.

Йиғилишда барча соҳалар ва ҳудудларда ҳам бу борадаги ишлар бир хилда сифатли бажарилмаётгани қайд этилди.

Мисол учун,жами 256 та ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган, 600 та (47 фоиз) объектлар бўйича тендер якунланмаган.

Жумладан, Хоразмда – 36 та (49 фоиз), Наманганда – 68 та (64 фоиз), Тошкент вилоятида – 104 та (64 фоиз), Фарғонада – 58 та (50 фоиз), Тошкент шаҳрида – 17 та (85 фоиз) объектлар бўйича тендерлар бошланмаган.

– Ўтган йилдан бошлаб бу масала бўйича тайёргарлик қилдик, зарур пуллар ажратилди, лекин нега тендерлар ўтказилмади? Ёки битта техникаси йўқ қурилиш ташкилотига мактаб ва боғча, уйлар қуришга қўл қўйиб бераяпсизлар, буни қайдай тушуниш мумкин? – деди Президент.

Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 368 та объектда ишлар амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, ҳозиргача Тошкент шаҳри, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан бошқа ҳудудларда ишлар бошланмаган.

Президент мутасаддиларга икки ҳафта муддатда барча объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини якунлаб, қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берди.

Бунда боғча, мактаб, оилавий шифокор пункти, поликлиника каби ижтимоий соҳа объектлари бўйича лойиҳа ҳужжатлари бир ҳафта ичида якунига етказилиши керак.

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+