Андижонда 500 та боғча иш бошлади

08.06.2021 18:06:17

Андижонда сўнгги 10 кун ичида 500 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Мазкур ҳужжат асосида янги мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш, мавжуд муассасаларни реконструкция қилиш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Андижонда мазкур йўналишда кейинги уч йил ичида бир неча ўн йиллар давомида қилинмаган ишлар амалга оширилди. Агар фактларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йил бошида вилоят бўйича жами 451 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритган бўлиб, бола қамрови 61 минг 562 нафарни, яъни 27,7 фоизни ташкил этган. Жорий йилнинг май ойига қадар вилоятдаги 1 минг 719 та, шундан 539 та давлат, 18 та хусусий, 146 та давлат- хусусий шерикчилик ва 1 минг 16 та оилавий мактабгача таълим ташкилотларига вилоятдаги 3-7 ёшли болаларнинг 164 минг 466 нафари ёки 62,4 фоизи қамраб олинди.

– Кейинги кунларда яна 500 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятларини бошлади, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Азизбек Азимов. – Натижада вилоятдаги жами мактабгача таълим ташкилотлари сони 2 минг 500 тадан ортди. Боғча ёшидаги жами болаларнинг 68 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинди.

Бу каби ибратли ишларни вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида кузатиш мумкин. Масалан, Избоскан туман ҳокими, молия ҳамда мактабгача таълим бўлимлари раҳбарлари ташаббуси билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан туманнинг Дарёбўйи маҳалласида жойлашган 20- ҳамда Бўстон маҳалласида жойлашган 53- давлат мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ва қўшимча бинолар қуриш ишлари амалга оширилди. 

[gallery-2710]

Мазкур мактабгача таълим ташкилотларида ана шу ишлар учун 1 миллиард 432 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада қиёфаси, шарт-шароитлари тубдан ўзгарган мазкур боғчалар фойдаланишга топширилиб, юзлаб болажонларни ўз бағрига олди. Бундан ташқари, туманда бир нечта оилавий боғчалар ҳам ўз фаолиятини бошлади.

Янги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ишга тушиши билан 1000 янги иш ўрни яратилди, мазкур боғчалар 12 мингдан зиёд болани ўз бағрига олди.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш ўринли. Яъни, шу вақтга қадар ҳудудида мактабгача таълим ташкилоти бўлмаган 20 та маҳаллада 36 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, уларга 900 нафардан зиёд болажонлар қамраб олинди.

Вилоятда нодавлат, яъни оилавий ва уй-боғчалар ташкил этиш, умуман, болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган ишлар тизимли равишда давом этмоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+