Андижонда болаларни боғчага қамраб олиш даражаси ортди

17.06.2021 11:06:00

Андижонда сўнгги уч йилда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси бир неча баробарга ортди. Бу борада мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этаётир.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат асосида янги мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш, мавжуд муассасаларни реконструкция қилиш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Андижонда мазкур йўналишда кейинги уч йил ичида бир неча ўн йиллар давомида қилинмаган ишлар амалга оширилди. Агар фактларга мурожаат этадиган бўлсак 2018 йил бошида вилоят бўйича жами 451 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритган. Бола қамрови 61 минг 562 нафарни, яъни 27,7 фоизни  ташкил этган.  

Бугунги кунга келиб, вилоятдаги 2 минг 200 дан зиёд давлат, хусусий, давлат хусусий шерикчилик асосидаги ва оилавий мактабгача таълим ташкилотларига вилоятдаги 3-7 ёшли болаларнинг 164 минг 466 нафари ёки 62,4 фоизи қамраб олинди.  

Биргина кейинги бир ой ичида 500 дан зиёд давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият бошлаганлиги вилоятда мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, бағрига 12 мингдан зиёд болани олган ана шу таълим-тарбия масканларининг ишга тушиши билан минглаб янги иш ўринлари яратилди.  

Яна бир эътиборли жиҳат, яъни шу вақтга қадар ҳудудида мактабгача таълим ташкилоти бўлмаган 20 та маҳаллада 36 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, уларга 900 нафардан зиёд  бола қамраб олинди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+