Андижонда қишлоқ хўжалиги экинларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда

11.07.2021 20:07:09

Андижонда кишлоқ хўжалиги экинларини ҳашорат ва бошқа зараркунандалардан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 25 май куни президентимиз раҳбарлигида Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва минерал ўғитларни етказиб беришнинг янги тизимини жорий этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳа ходимларига мазкур йўналишда кечиктириб бўлмайдиган муҳим ишлар ижросини таъминлаш вазифаси топширилган эди.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, Андижон вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан Пахтаобод туманидаги “Сарвиноз парвози” фермер хўжалигида ташкил этилган ўқув семинарида инспекция мутасаддилари, туман, шаҳар Ўсимликлар карантини чегара маскани агроном инспекторлари, Ўсимликлар клиникалари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, ҳамда “Биотех сервис” биолабораторияси мутахассислари иштирок этди.

Семинарда вилоят Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи Абдукарим Жалилов Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ўсимликларни ҳимоя қилиш ва минерал ўғитларни етказиб беришнинг янги тизимини жорий этиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар юзасидан белгиланган чора-тадбирлар дастури, биринчи навбатда амалга оширилиши муҳим бўлган ишлар хусусида гапирди.

Шунингдек, семинарда мутахассислар томонидан ҳудудларда етиштирилаётган кишлоқ хўжалиги экинларини карантиндаги ва бошқа зарарли организмлардан ҳимоя қилиш учун биологик кураш тадбирларини оммавий амалга ошириш бўйича тушунчалар берилди. Бу борада Ўсимликлар клиникалари ва Биолабораторияларнинг фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

“Биотех сервис” биолабораторияси мутахассислари семинар иштирокчиларига биолабораторияларда етиштирилаётган биомаҳсулотлар, кимёвий препаратлар кўлланилиши тўғрисида тушунчалар бериб, имкон борича зарарли ҳашоратларга қарши табиий усуллардан фойдаланиш муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, “Олтинкўз”, “Трихограмма” ва “Бракон” биомаҳсулотларини экин майдонларига қай усулда жойлаштириш бўйича агроном инспекторларга дала майдонининг ўзида амалий тарзда кўрсатиб берди.

Иштирокчиларга вилоятда эълон қилинган “Долзарб ўн беш кунлик” тадбири доирасида амалга ошириладиган карантин тадбирлари, “Қовун пашшаси”, “Зарпечак”, “Судралувчи какра” каби бегона ўтлар ва бошқа зарарли организмларга қарши самарали курашиш тадбирларини ўтказиш ҳамда вилоятимиздан экспортга жўнатилаётган қовун ва бошқа маҳсулотлар сифатини таъминлаш бўйича бажарилиши зарур ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Агроном инспекторларни соҳага оид янгиликлардан хабардор қилиш, мавзу йўналишидаги билим ва тушунчаларини янада бойитиш, шунингдек, ҳашорат ва турли зараркунанда организмларга қарши курашиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилган бу каби ўқув семинарини ҳафтанинг ҳар шанбасида ўтказиш белгилаб олинди.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+