Давлат раҳбарлари саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди

12.03.2021 15:03:59

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги технопаркка ташриф буюрди.

Ушбу замонавий мажмуа давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган. Бу ерда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қирғизистон Президентига технопаркдаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар - маиший техникалар, электрон газ ҳисоблагичлар, лифтлар, сув насослари, саноат кондиционерлари ва совитиш тармоқлари ҳақида маълумот берилди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Кўргазмага 24 та тармоқ ва 14 ҳудудда ишлаб чиқарилаётган мингдан ортиқ маҳсулотлар қўйилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда ҳам керакли салоҳият борлиги, уни юзага чиқариш учун Ўзбекистон кооперациялар ташкил этиш ва тажриба алмашишга тайёр эканини таъкидлади. Тармоқ раҳбарларига Қирғизистондаги турдош муассасалар билан яқиндан ишлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон халқи номидан Қирғизистон халқига юртимизда ишлаб чиқарилаётган тез тиббий ёрдам машиналари совға қилинди. Садир Жапаров қардошлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, доимий кўмаги ва қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди.

Мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, маҳсулотларнинг кенг ассортименти ва сифати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

 

маълумот: УзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+