Депутатлар сиёсий партияларнинг ҳисоботларини қандай баҳолади?

25.03.2021 15:03:42

Парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида сиёсий партияларнинг 2020 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Тараққиётнинг янги босқичида барча сиёсий партиялар ўз иш режаларини тубдан қайта кўриб чиқиб, фаолиятини янгича руҳда давом эттирмоқда. Хусусан, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли сезиларли даражада ошиб, жойларда аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасидаги ишлари фаоллашди.

Дастлаб, ЎзЛиДеП раиси А.Ҳаитов ҳисобот билан чиқди.

Таъкидланишича, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра партиянинг ҳисоб рақамларидаги қолдиқ маблағлар 1 миллиард 930 миллион 734 минг сўмни ташкил қилган. 2020 йил давомида партиянинг ҳисоб рақамларига жами 35 миллиард 318 миллион 862 минг сўм келиб тушган.

«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси А.Қодиров қайд этганидек, 2020 йилда партия ҳисоб рақамига 22 миллиард 276 миллион 323 минг сўм миқдорида маблағ келиб тушган. Хусусан, партиянинг Устав фаолиятини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 20 миллиард 113 миллион 494 минг сўм, партия аъзолик бадалларидан 18 миллиард 916 миллион 59 минг сўм, ҳомийлик, хайрия ва бошқалар 271 миллион 170 минг сўм маблағлар келиб тушган. 2020 йил давомида партиянинг умумий сарф-харажати 21 миллиард 665 миллион 209 минг сўмни ташкил этди.

«Адолат» СДП раҳбари Б. Абдуҳалимовнинг ҳисоботи эшитилди.

Партиянинг 2020 йилга мўлжалланган «Йўл харита»си бир овоздан қабул қилинди. «Йўл харита»да 2020 йил давомида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди. Ҳисобот даврида партиянинг ҳисоб рақамларига жами 14 миллиард 206 миллион 929 минг сўм маблағ келиб тушган. 2020 йилда жами 13 миллиард 871 миллион 122 минг сўм маблағ сарфланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси раиси У.Иноятовнинг ахборотида қайд этилишича, ўтган йилда партия ҳисоб рақамларига келиб тушган тушумларнинг умумий миқдори 23 миллиард 842 миллион 410 минг сўмни ташкил этди.

2020 йилда партиянинг Устав фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилган умумий маблағнинг 48 фоизини партиянинг ўз маблағлари ташкил этди. 2019 йилда ушбу кўрсаткич 45 фоизни ташкил қилган эди. Яъни, 2020 йилда партиянинг ўз маблағлари 2019 йилга нисбатан қарийб 3 фоизга ўсган.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси раиси Н.Обломурадов ҳам ҳисобот билан чиқди.

Қайд этилганидек, партиянинг 2020 йилдаги Устав фаолиятини амалга оширишга қаратилган харажатлар 8 миллиард 342 миллион 51 минг сўмни ташкил этди. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ишчи ходимларига 2020 йил давомида иш ҳақи учун 7 миллиард 36 миллион 808 минг сўм сарфланган.

Шунингдек, Ягона ижтимоий тўлов учун 853 миллион 997 минг, хизмат сафарлар харажатлари учун 19 миллион 801 минг сўм, коммунал хизматлар учун 75 миллион 122 минг, моддий айланма воситалар захиралари учун 114 миллион 179 минг, товар ва хизматлар сотиб олиш учун 186 миллион 473 минг, асосий воситалар бўйича харажатлар учун 19 миллион 410 минг, машиналар, жиҳозлар ва техникаларни жорий таъмирлаш учун 10 миллион 66 минг, бошқа харажатлар учун 26 миллион 193 минг сўм, жами IV-гуруҳ харажатлари учун 451 миллион 246 минг сўм харажат қилинди.

Ўзбекистоннинг барча сиёсий партияларида назорат-тафтиш комиссиялари ишлаб турибди, улар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлари, шу жумладан, уларнинг функциялари, вазифалари ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган.

Депутатлар эшитув давомида билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда сиёсий партияларнинг 2020 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилдилар.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+