Дори-дармоннинг “қора бозор”и тугатилади

24.09.2021 13:09:14

— Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. 

Бу борада Хоразм вилоятида ҳам жиддий ишлар қилинмоқда. “Хоразм дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти томонидан воҳанинг туман марказларида 11 та ижтимоий дорихона, вилоят ҳудудида жойлашган ОП ва ҚВП негизида ижтимоий дорихона шохобчалари ва дорихона муассасаси мавжуд бўлмаган чекка қишлоқ ҳудудлари аҳолисининг дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Кўчма ижтимоий дорихона”лар ташкил қилинди. Ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари орқали вилоятимиз аҳолиси арзон ва сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминланмоқда.

Аммо пандемия сабаб аҳолининг дори воситаларига эҳтиёжи ошиб бориши ҳамда айрим хусусий дорихоналарнинг моддий бой­лик орттириш мақсадидаги ғаразли ҳаракатлари дори воситаларининг ноқонуний айланишига сабаб бўлмоқда.  

Шунингдек, дори воситалари таъминотининг кўпайиши, нархларнинг ошиши, дори фирмаларининг ҳамда чет эл дори тарқатувчиларининг ҳаддан зиёд кўплиги ҳам дори воситаларининг айланишида турли муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Бемор саломатлигидан шахсий манфаатини устун қўяётган айрим шифокорларнинг хусусий дорихоналар билан ўзаро келишуви халқимизга ноқулайлик, оилавий бюджетига зарар бериб келмоқда. 

Энг ёмони, иккита фирмада ишлаб чиқилган, лекин самараси бир хил, арзон нархдаги дори қолиб, қиммат нархдаги дори воситасини сотиб олиш ҳолатлари аҳоли орасида кун сайин кўпайиб бормоқда.  

Партиямизнинг ва Президентликка партиямиздан номзоднинг Сайловолди дас­турида аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга, юқори самарали, хавфсиз дори-дармон ва тиббий воситалар билан арзон нархларда таъминлаш, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда нафақат ҳаётий зарур медикаментлар айланмаси, балки чакана савдога тушувчи барча дорилар устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш масаласи илгари сурилган. Бу тизим орқали дориларнинг нархини барқарорлаштиришга ва сифатини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалиётга йўналтирилган. 

Бир сўз билан айтганда,  дори воситаларини аҳолига етказиб бериш билан боғлиқ юзага келадиган иллатларга, халқимизнинг соғлом ҳаётидаги энг муҳим воситалардан бири бўлган дори-дармонларнинг “қора бозор”да айланишига йўл қўймаслигимиз керак. Партиямиздан Президентликка номзод учун овоз берсак, бу муаммоларнинг ҳал бўлиши учун ҳисса қўшган бўламиз.  

Мамлакатимизда инсон саломатлиги ва манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканини унутмаслигимиз зарур.

Тоҳир Палванов,

 “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, 

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали директори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+