Дўстлик, ҳамкорлик ва ишонч кўприги

21.07.2022 18:07:28

Халқимизда “Қўшнинг тинч, сен тинч” деган доно нақл бор.  Қўшнингиз тинч бўлсагина кўнгилга хурсандчилик сиғади, хонадонингизга шодиёна, тўйлар ярашади.

21 июль санасида Ўзбекистонга қўшни давлатлардан бири ҳисобланган Қирғизистон Республикасининг Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви ҳам асрлар давомида бир-бировига қавм-қариндош  бўлиб  яшаб келаётган халқлар ва давлатлар ўртасидаги азалий дўстлик, ишонч ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.  Дунёнинг турли бурчакларида содир бўлиб турган таҳликали вазиятларни инобатга олган ҳолда тарихимиз, қадриятларимиз,урф-одатларимиздаги уйғунликлар асосида янада  якдил бўлиш, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган келгусидаги режалари  борасида фикр алмашиш мазкур учрашувнинг асосий мақсад ва вазифаларини белгилаб берди.

“Бугун қайта-қайта таъкидланганидек, ушбу форматда йўлга қўйилган мулоқот туфайли биз дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақада мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга эришдик.

Биз Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал этиб келмоқдамиз”, - деди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу учрашувда сўзлаган нутқида.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бутун минтақа тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги ҳамжиҳатлик ҳамда Марказий Осиё умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўришга боғлиқ.

Қўни-қўшничилик муносабатлари, энг аввало, ўзаро ишонч туйғуларига асосланади.Ўзаро ишонч бўлмаган жойда ҳамкорлик, якдиллик борасидаги қарашларга ҳеч қандай ўрин йўқ. Бундай мулоҳазалар давлатлар ўртасидаги муносабатлар устида борганида эса бу янада жиддийлик касб этади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, минтақавий ҳамкорликнинг стратегик йўналиши хавфсизлик соҳаси ҳисобланади. Минтақа хавфсизлиги, энг аввало, ҳамкорлик қанчалик самарали йўлга қўйилганига боғлиқ. Учрашув давомида минтақаларимизнинг жадал суратда ривожланиб бораётган соҳалари  қаторида, оқсаётган, жамият ва давлат истиқболига тўсиқ бўлаётган унсурлар борасидаги масалалар ҳам қизғин муҳокама этилди. Ўзбекистон Президенти долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиб, кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақада амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.

Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган мазкур учрашув ҳамкор давлатларнинг барчаси учун салмоқли, самарали, муваффақиятли бўлишига умид билдирамиз. Зотан, дўстлик ва ишонч ёрқин истиқболга эришиш йўлидаги энг муҳим омиллардан биридир.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+