Дўстлик ва биродарлик ришталари мустаҳкамланмоқда

19.03.2021 11:03:10

Кейинги йилларда мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида фаол ташқи сиёсат олиб бораётгани диққатга сазовордир. Дунёнинг барча қитъаларидаги давлатлар билан ўзаро фойдали алоқалар мунтазам асосда йўлга қўйилиб, тобора ривожлантириб борилмоқда. Айниқса, қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланаётганлиги Марказий Осиёдаги халқларнинг манфаатларига  хизмат қилаётгани, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилаётганлигини қайд этиш лозим.   

Бу фикрлар ўтган ҳафтада Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи жараёнида яна бир бор тасдиқланди. Дўстона ва самимий руҳда ўтган музокараларда икки қўшни давлат ва қардош халқлар ўртасидаги муносабатларни  чуқурлаштириш, ҳар томонлама фойдали ҳамкорликни янги, янада юқори босқичга кўтариш масалалари муҳокама этилди. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг мулоқотида чегарадош вилоятларнинг вакиллари ҳам иштирок этдилар. Чунки сўнгги пайтда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ҳудудлар кесимида ҳам ривожлантириш кун тартибидан мустаҳкам ўрин олди.

Масалан, айни пайтда Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатлари шаклланган. Статистика маълумотларига кўра 2020 йилда икки ҳудуднинг товар айланмаси 102 миллион АҚШ долларига етди. Келгусида эса бу кўрсаткичлар янада ортади, албатта. Чунки Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг учрашувида мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада кучайтириш ҳақида келишиб олинди.

Яқинда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Абдусаттор Сирғабоев билан видеоконференцалоқа тарзида мулоқот ўтказди. Унда вилоятлар ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги аҳволи ва келгусидаги истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро  ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Ижтимоий-иқтисодий соҳаларга  оид қатор муҳим лойиҳалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Хусусан, қўшни давлатда кўмир қазиб чиқариш бўйича қўшма корхона очиш лозим деб топилди. “Наманган-Жалолобод-Наманган” йўналишда автотранспорт қатновини йўлга қўйиш масаласи ҳам тез орада ҳал этилади. Бу, ҳар икки томонга сайёҳликни ривожлантириш имкониятларини очиб беради. Шунингдек, яқин кунлар ичида ташкил этиладиган икки вилоят тадбиркорларининг бизнес-форумида ҳам иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш истиқболлари  белгиланиши кутилмоқда.

Бизни мамнун этган нарса - қўшни давлатлар раҳбарларининг музокараларида ўзаро тенг ҳуқуқли стратегик муносабатларни янада мустаҳкамлаш, аввал қабул қилинган ҳужжатлардаги вазифаларни бажариш юзасидан бундан кейин ҳам қатъий иш олиб борилиши таъкидланди. Демак, икки қардош халқнинг дўстлик ва биродарлик ришталари янада мустаҳкамланади.

 

Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+