Электрон фирибгарлик ва пластик карталардан пул ўғрилиги учун жазо кучайтирилмоқда

09.03.2022 15:03:21

Маълумки. замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши ортидан бу соҳада айрим турдаги жиноятлар кўлами ортаётганлиги ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса, айрим нопок шахслар томонидан электрон тўлов воситасидан ёки масофивий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларини содир этиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Агар 2020 йилда ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан ички ишлар органларига 965 мурожаат келиб тушган бўлса 2021 йилда бундай мурожаатлар қарийб икки бараварга кўпайиб, 1601 тани ташкил этган.

Биргина 2021 йилда банк пластик карточкаларидан пул маблағларини ўғирлаш юзасидан жами 610 та жиноят иши қўзғатилган бўлиб, фуқароларга 4 млрд. 495,5 млн. сўм зарар етказилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига мувофиқ бу каби қилмишлар учун Жиноят кодексининг 168 ва 169-моддаларига қўшимча киритиш таклиф қилинмоқда. Қонун лойиҳасида ушбу турдаги жиноятларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш ва жазони янада кучайтириш таклиф қилинмоқда.

Қонун қабул қилинган тақдирда:

  • фирибгарлик жинояти ахборот технологияларидан ёки электрон тўлов воситаси ёҳуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
  • ўғрилик ахборот тизимига рухсатсиз кириб ёки электрон тўлов воситаси ёҳуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

 

Қодир ЖЎРАЕВ,
Қонунчилик палатаси депутати,
"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+