Эмланганлик тўғрисида сохта сертификат озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин

22.08.2021 22:08:24

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, агар фуқаролар ўртасида эмланганлик тўғрисида сохта сертификат олиш (эмланмасдан туриб), бир турдаги вакцинани олиб, бошқа турдаги вакцина олганлиги ҳақида хужжатларни расмийлаштиришга уринишлар учун қонунда қатъий жавобгарлик турлари белгилаб қўйилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддасига мувофиқ ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш;

Сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+