Икки халқ учун фойдали ҳамкорлик ривожланмоқда

24.11.2021 10:11:37

         Ўтган ҳафтада мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида қатор муҳим  воқеалар рўй берди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи алоҳида ўрин тутади. Чунки бу сафар жараёнида имзоланган шартномалар ва эришилган келишувлар ҳар икки мамлакат халқи учун фойдали бўлган ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини беради.

         Кейинги йилларда Ўзбекистон дунёдаги барча давлатлар билан ўзаро самарали алоқаларни янги, янада юксак даражага кўтарди. Бу, ташқи сиёсат соҳасида олиб борилаётган йўлнинг нақадар тўғри эканлигини кўрсатиб турибди. Ўзбекистоннинг энг яқин стратегик шерикларидан бири бўлмиш Россия Федерацияси билан муносабатлари ўзаро ишонч асосига қурилганлигини барча эътироф этмоқда. Саноат ишлаб чиқариши, таълим, савдо соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Давлатларимиз ўртасидаги маданий алоқалар ҳам тараққий топмоқда.

         Эътиборли жиҳати – икки давлатнинг ҳалқаро вазиятнинг ривожи бўйича бир ҳил стратегик қарашга эгалигидир. Шу туфайли сиёсий йўналишдаги ҳамкорлик устувор аҳамият касб этмоқда. Бунда  Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқалар ҳам катта рол ўйнамоқда. Ўзаро маслаҳатлашувлар, икки томонлама учрашувлар мунтазам ўтказилиб турибди.

         Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда иқтисодий алоқалар алоҳида ўрин тутади. Пандемия даврида ҳам савдо-сотиқ ҳажми ўсиб боргани диққатга сазовордир. Айни пайтда инвестиция соҳасида юздан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.

         Қисқаси, давлатимиз раҳбарининг Москвага ташрифи ўзаро алоқаларни янада юқори даражага кўтариш имконини беради.

                                                        Исроилжон ЖЎРАЕВ,

                                      “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+