ИЛМ-ФАН ОЛАМИНИНГ БУЮК КАШШОФИ

31.03.2022 14:03:29
Милодий 850 йилнинг ёзида Бағдод шаҳри ва унинг атрофларида илгари сира кўрилмаган ғаройиб ҳамда таҳликали воқеалар рўй беради. Х асрда яшаган тарихчи Муҳаммад ан-Надим бу хусусда “Ер силкиниб, даҳшатли ҳолат содир бўлди. Само юзини қора булут кўланкаси қоплади. Қаттиқ чақмоқ чақиб, момоқалдироқ гумбурлаши атрофни тутди. Ёмғир бошланиб, мисли кўрилмаган селга айланди. Сел натижасида Дажла ва Тигр дарёлари ўзанидан кўтарилиб, атрофни сув босди. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Кутилмаган воқеадан одамлар таҳликага тушдилар. Бу воқеа­лар билан бирга бағдодликлар яна ҳам қайғули хабарни эшитдилар. Улуғ аллома, ислом оламида буюк инсон Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий Бағдоддаги Шаммосия расадхонасида ишлаб турган пайтида ҳаёт билан видолашган эди. Ана шунда одамлар орасида “Бу ғалаёнлар табиатнинг дунё илм-фан соҳасида ноёб иқтидор эгасининг вафотига қайғуси эди”, деган гап тарқалди. Бу айни ҳақиқат эди”, деб ёзади. Муаррих бу воқеани келтириш билан Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг ўз даврида буюк эҳтиромга сазовор инсон бўлганлигини алоҳида эътироф этади.

Улуғ алломанинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти осон кечмаган. Тарихий битикларда унинг 783 йилда Хоразмда, Хива шаҳрида таваллуд топ­ганлиги ёзилган. Олимнинг тўлиқ исми илмий асарларда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ал-Мажусий ал-Қутруббуллий деб келтирилади. Номидаги мажусий лақаби аждодлари зардуштийлардан бўлганлигини кўрсатади. Қадимда зардуштийларни “мажусийлар” деб аташ расм бўлган. Қутруббуллий эса унинг Бағдодда яшаган жойи номини билдиради. Муҳаммад ал-Хоразмий Хива, Кат, Гурганж мадрасаларида таълим олади. У ёшлигидан математика, астрономия, жуғрофия, тарих фанларини жиддий ўрганади. Бунинг сабаби бор эди. Хоразмлик зардуштийлар орасида бу фанларни билиш мажбурий эди. Ота-онаси зардуштий коҳинлари бўлгани учун у ҳам бу соҳалардан мукаммал таълим олади. Алломанинг кейинги фаолияти Марвда кечади.

Унинг ҳаётининг бир қисми ана шу шаҳарда кечишининг сабаблари бор эди. 808 йилда Бағдод халифаси Ҳорун ар-Рашид Хуросонда қўзғолон кўтарган Рофиъ ибн Лайс ал-Лайсийга қарши юриш бошлайди. Аммо Ҳорун ар-Рашид йўлда вафот этади. Унинг катта ўғли Амин отаси ўрнига халифалик тахтига ўтиради. Иккинчи ўғли Маъмун эса халифаликнинг Марвдаги ноиби, ҳукмдори этиб тайинланади. Маъмун ўша йилларда (809 йилдан кейин) ўз атрофига Хуросон, Мовароуннаҳр, Хоразмдан илм аҳлини, истеъдодли алломаларни тўплайди. Улар орасида Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Хабаш ал-Ҳосиб ал-Марвазий, Холид ал-Марваррудий, Яҳё ибн Абу Мансур, Санад ибн Али каби олимлар бор эди. Муҳаммад ал-Хоразмий бу ерда илмий ишларини давом эттириш билан бирга мадрасаларда мударрислик ҳам қилади. Замондош­лари унинг ёшлигидан етук иқтидор эгаси бўлганлиги, араб, юнон, санскрит, форс, қадимги яҳудий тилларини яхши билганлиги, бу тиллардан кўплаб илмий асарларни таржима қилганлиги ҳақида маълумотлар ҳам ёзиб қолдирганлар.

813 йилда Маъмун халифалик тахтини эгаллаганидан кейин, 819 йилда Марвдан Бағдодга кўчади ва ўзи билан бирга барча алломаларни олиб кетади. Ана шундан кейин Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг фаолияти Бағдод Маъмун академияси – “Байт ул-ҳикма” билан боғлиқ ҳолда кечади.

Тадқиқотчиларнинг олиб борган кузатишларига кўра, Муҳаммад ал-Хоразмий 20 дан ортиқ илмий асарлар яратганлиги аниқланди. Лекин уларнинг аксарияти бизнинг давримизгача етиб келмаган. Улар орасида “Алжабр вал-муқобала” (“Тенгламалар ва қаршилантириш”), “Ҳисоб ал-ҳинд” (“Ҳинд ҳисоби”), “Зижи Хоразмий”, “Китоб сурат ал-арз” (“Ер сурати ҳақида китоб”), “Устурлоб ясаш ҳақида китоб”, “Устурлоб билан ишлаш ҳақида китоб”, “Устурлоб ёрдамида азимутни аниқлаш ҳақида”, “Китоб ар-руҳома”, “Китоб ат-таърих”, “Қуёш соати ҳақида китоб”, “Яҳудийларнинг тақвими ва байрамларини аниқлаш ҳақида рисола” каби асарлари маълум. Бу асарларнинг тўрттаси араб тилида, иккитаси лотин тилига таржимада, яна иккитаси бош­­қа алломалар асарлари таркибида сақланиб қолган. Бошқа асарлари ҳозирча топилмаган. Алломанинг барча асарлари дунё илм-фанида маълум бир соҳалар бўйича улуғ кашфиётлар ҳисобланади. “Ҳинд ҳисоби” – арифметикада, “Алжабр вал-муқобала” – алгебрада, “Зижи Хоразмий” – астрономияда, “Китоб сурат ал-арз” – географияда, “Китоб ат-таърих” – тарих фанида оламшумул янгиликлар бўлди. Жаҳон фанида шу соҳалар бўйича Хоразмийдан кейин яратилган барча кашфиётлар алломанинг илмий хулосалари асосида дунёга келган. Шунинг учун америкалик олим Дэвид Сартон “Бутун IX асрнинг биринчи ярмини “Хоразмий даври” деб аташ мумкин. Агар ўша даврдаги умумилмий ҳаётни эъти­борга оладиган бўлсак, у ҳамма давр­ларнинг энг буюк сиймоси ва кўп фанларнинг асосчиси”, деб ёзади.

Математика ҳақидаги дастлабки тушунчалар, илмий қарашлар қадимги юнон ва рим олимлари Арис­тотель, Архимед, Пифагор, Евклид, Птолемей асарларида тилга олинган эди. Улар сонларни белгилаш, уларни қўшиш, кўпайтириш учун ҳар хил усуллардан фойдалангандилар. Рим рақамлари орасида 12 лик, 20 лик, 60 лик саноқ тизимларигина мавжуд эди. Бошқа саноқ тизимлари йўқ эди. Математик амалларни белгилашда ҳам ягона илмий асос етишмасди. Улар асарларида математика фан сифатида шаклланмаганди. Худди шундай ҳолат қадимги ҳинд математиклари асарларида ҳам учрарди. Улар саноқларида 1 дан 9 гача бўлган сонлар ишлатиларди. Бироқ катта сонларни белгилашда қийинчиликлар, чалкашликлар юзага келарди. Бундай камчилик­лар ҳинд математиги ва астрономи Брахмагуптанинг “Катта Синдҳинд” асарида ҳам мавжуд эди. Аллома Ҳабиб ал-Фазорий томонидан араб тилига таржима қилинган бу асар VIII – IX асрларда араблар ўртасида машҳур бўлса ҳам, одамлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишда қийинчиликлар туғдирарди. Шу сабабли Бағдод ҳукмдори, халифа ал-Маъмун бу асарни қайтадан ишлаб, тўлдиришни ал-Хоразмий зиммасига юклайди.

Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий “Ҳинд ҳисоби” китоби бошида шундай деб ёзади: “Раҳмли ва меҳрибон Тангрига лойиқ мақтовлар айтайлик, унга меҳр-муҳаб­батимизни билдирайлик ва унинг ниҳоятда улуғворлигини кўкларга кўтариб намоён этайлик, токи у бизни адолат сари, ҳақ йўлидан илм сари бошлаб борсин. Ҳиндлар 9 та ҳарфдан, уларни ўзлари хоҳлаганларича жойлаштиришларига кўра истаган сонларни яратганларини кўрганимдан кейин мен ҳам сонларни ифодалайдиган ҳарфларни ўрганаётганларга осон бўлиши учун ўзига хос тарзда жойлаштириб чиқишни ният қилдим. Агар ҳинд­лар сонларни ифодалайдиган ҳарфларни жойлаштириш билан нимага эришган бўлсалар, мен ҳам сонларни кўрсатадиган ҳарфларни ўзига хос тарзда жойлаштириш билан мақсадимга эришдим. Бунда мен одамлар учун (ҳисоб-китобда) осон йўлни танладим”. Бу сўзлардан англашилиб турибдики, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий ҳиндлардан математика соҳасида маълум бир шаклни олган, унга янги мазмун бахш этиб тўлдирган, илмий янгиликлар киритган. Натижада илмий жиҳатдан асос­ланган, шаклланган янги математик асар – “Кичик Синдҳинд” ёки “Ҳинд ҳисоби” яратилган. Аллома асарида, аввало, бирдан тўққизгача бўлган сонлар ёнига нолни ҳам қўшади ва улар миқдорини 10 га етказиб, бу тизимнинг тўлиқ моделини яратади. Ўнлик саноқ тизимига асосланган сонлар, уларни қўшиш, айириш, кўпайтириш, бўлиш қоидалари, улар билан ишлаш усулларини содда равишда кўрсатиб беради. Илм оламида на юнон, на рим, на ҳинд ва на бошқаларда мавжуд бўлмаган математика фани пайдо бўлади. Фанда араб рақамлари номли тушунча юзага келади. Бу асар яратилиши билан Шарқ ва Ғарбда машҳур бўлади. Муаррих Жамолиддин Қифтий бу асар яратилиши биланоқ дунё ҳисоб­лаш илмида энг асосий қўлланма бўлиб хизмат қилди, дея эътироф этган эди. Астрономия илми кейинчалик ана шу фанга асосланиб ривож­ланади. XII асрда европалик олим Аделард асарни лотин тилига таржима қилади. Ундан кейин асар яна бир неча марта лотин тилига ўгирилади. Унинг математик кашфиёти ана шундан иборат эди.

“Мен тиклаш ва қарама-қарши қўйишларга доир ҳисоблашлар ҳақида қисқа асар ёзишга журъат этдим. Чунки одамлар ўз меросларини бўлишда ва ўз васиятларини ёзишда, савдо ишларида, ер ўлчаш, каналлар қазишда ва ҳисоб санъатига доир ҳамма ишларда бундай китобга зарурият ҳис қилмоқдалар”. Муҳаммад ал-Хоразмий “Алжабр вал-муқобала” асари сўзбошисида ана шундай деб ёзади. Инсонларнинг амалий фаолиятлари учун мўлжаллаб яратилган бу асар фаннинг янги бир соҳаси – алгебранинг кашф этилишига асос бўлди. Асарда илм оламида илк марта биринчи ва иккинчи даражали тенгламалар, масалалар ечимининг геометрик асос­лари, алгебраик амалларнинг қоидалари, амалий масалаларни алгебра воситасида ечиш мисоллари кўрсатиб берилган. Шу билан бирга учбурчаклар, тўртбурчаклар, доиралар устида ишлаш масалаларини математик тилда талқин қилади.

Аллома “Алгебрада уч хил сон – илдиз (нарса), квадрат (мол), оддий сон (пул бирлиги) билан иш кўради. Илдиз ўзини ўзига кўпайтириладиган миқдор. Квадрат эса илдизни ўзига кўпайтиришдан ҳосил бўладиган катталик”, деб ёзади. Шу асосда у “бу фанда иш кўрадиган тенгламалар ана шу уч миқдор орасидаги муносабатлардир”, деган хулосага келади.

Ал-Хоразмийнинг ушбу асари XII асрнинг биринчи ярмида европалик олимлар Герардо ва Роберт Чес­тер томонидан лотин тилига таржима қилинган. Аллома асаридаги “алжабр” сўзи лотинчада “алгебра” шаклида Хоразмий асос солган янги фаннинг номи бўлиб қолди. Ғарб олимлари аллома номини лотинчада Алгоризм, Алгоритмус шаклида ёзадилар. Оқибатда дунё фанида унинг номи билан боғлиқ бўлган “алгоритм” тушунчаси пайдо бўлди. Ўн бир асрдирки дунё илм-фанида унинг асари асосида минглаб кашфиётлар яратилди. Шу сабабли инглиз олими Жон Смит “Муҳаммад ал-Хоразмий нафақат Европага, балки бутун дунёга алгеб­ра номини, фанини ва унинг асосий принципларини олиб кирди”, деб баҳо берса, фаранг шарқшуноси Жерард Рейно 1849 йилда “Ҳисоблаш тарихида алгоритм, алгорифм, алгоризм сўзлари ал-Хоразмий номидан келиб чиққан”, деб ёзади. Дарҳақиқат, бугун дунё илм-фани, иқтисодиёти, технологияларида қўлланилаётган “алгоритм” сўзи улуғ аждодимизнинг номи билан боғлиқ.

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+