Иш самарадорлиги янада ошади

13.06.2022 19:06:06

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўрованлик ўтказилишининг олдини олиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2061-моддасининг санкциясида белгиланган жарима миқдорини ошириш назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари таъкидлаганидек, қонун лойиҳасининг амалиётга жорий этилиши ҳимоя ордери талаблари бажарилишига, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўрованликдан ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳадаги нормалар депутатлар томонидан обдон муҳокама қилиниб, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди. Қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан жамоат хавфсизлиги йўналишида кўрилаётган чораларнинг натижалари танқидий муҳокама қилиб борилишига, иш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилишига, айрим атамаларнинг тўғри қўлланилишига хизмат қилади. Қонун лойиҳаси юзасидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.

Тадбирда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+