Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни

03.06.2022 18:06:22

Гувоҳи бўлаётганимиздек, мамлакатимизда юз бераётган ҳуқуқий-демократик ислоҳотлар сўнги йилларда янги босқичга кўтарилиб, фуқароларимизнинг турмуш даражаси яхшиланишига ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатмоқда.

Айни кунларда Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларга старт берилгани халқимиз ҳаётида муҳим воқелик касб этди десак, янглишмаган бўламиз. Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг мажлислар залида мазкур муҳим сиёсий жараёнга бағишланган “Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни» мавзусидаги онлайн конференция бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда ёшларнинг фаоллигини ошириш, қолаверса, фуқароларимизнинг салмоқли қисмини ташкил этувчи, юртимиз эртасининг эгалари бўлмиш ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасидаги таклифларини ўрганишни мақсад қилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий, маҳаллий Кенгашлар ходимлари, партиянинг «Ёш адолатчилар» қаноти Кенгаши раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган партия фаоллари, депутатлар, партиянинг «Ёш адолатчилар» қаноти Кенгаши аъзолари Бош Қомусимизга замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали уни янада такомиллаштириш Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган демократик давлатлари сафидан ўрин олишида муҳим омил бўлишини таъкидладилар ва ўзларининг юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлигига дахлдор ўринли таклифларини ўртага ташладилар.

Ҳусусан, партия ёшлари томонидан Конституцияга ёшлар бобини киритиш ва унда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва бу борадаги асосий, муҳим нормаларни киритиш, мактабгача таълим муассасаларида тарбияланиш давлат ҳисобидан бўлиши, умумий ўрта таълим мактабларига айнан 7 ёшдан эмас, иқтидорига қараб қабул қилиниши, шунингдек, Конституциянинг “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир” – деб белгиланган 24-моддасига "самосуд" сўзи ва самосуд учун оғир жазо қўлланилиши лозимлиги қайд этиб ўтилди.

Ўзаро савол жавоблар, мунозараларга бой бўлган тадбирда партия фаоллари ва илғор ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ва жамият тараққиётига дахлдор қатор таклифлари олинди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар юз бераётган айни кунларда «Адолат» СДП томонидан жойларда, партиянинг турли бўғинларида фаоллар, ёшлар ва хотин қизлар иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, фуқароларимизга кун тартибидаги асосий масала юзасидан атрофлича маълумот бериш баробарида, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилмоқда.

“Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+